Мазкур ҳолатлар қайта тикланмайдиган манбалар муқобилини яратиш, улардан кенг ва самарали фойдаланишни тақозо этмоқда. Замонавий тараққиёт, илғор изланиш ҳамда илмий ихтиролар ресурстежамкор технологияларни жорий этишга кенг йўл очаяпти. Бундай изланишлар эса қуёш нурлари ер юзига фақат ёруғлик тарқатади, деган тушунчанинг тор эканини кўрсатади. Заминимизни чароғон қилаётган ёғдулар айни пайтда аҳоли хонадонлари, ишлаб чиқариш қувватларини экологик тоза энергия билан таъминлаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

“Яшил энергетика”нинг асосий вазифаси нима, деган савол туғилади.  Жавоби эса оддий, энг аввало, энергетика соҳаси орқали иқтисодий йўналишларни бир маромда ушлаб, аҳолига сифатли электр энергияси етказиб бериш.

Глобал исиш, иқлим ўзгаришлари, табиий бойликларнинг тугаши билан боғлиқ муаммо ва мунозаралар юзага келган бир пайтда, ривожланган ҳамда ривожланаётган давлатлар геотермал сув ва шамол каби қайта тикланадиган энергия тизимига ўтишни аллақачон бошлаб юборган. Бундан кўзланган ягона мақсад — атмосфера ифлосланишининг олдини олиш ҳамда муқобил ресурслардан оқилона фойдаланиш, электр хавфсизлигини таъминлаш.

Маълумотларга кўра, Швейцария энергиясининг ярмидан кўпи гидроэлектрстанциялардан, қолгани атом энергиясидан олинади. Бу эса атмосфера тозалигини сақлаб, карбонат ангидрид газининг улушини камайтиради. Яна биттаси гидрокумулятив энергия. У энергияни узоқ вақт тоза шаклда сақлашга имкон беради. Бунда сув юқорига кўтарилади ва у пастга тушиш жараёнида электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Қайта тикланувчи энергия соҳаси ривожланишида уч мезон бор —  ўлканинг географик жойлашуви, табиий ресурсларнинг қай даражада мавжудлиги, мамлакатнинг молиявий имконияти. Бу ҳамманинг қозони бир хил қайнамайди, дегани. Масалан, Исландия геотермик — ер бағридаги иссиқликдан фойдаланиш борасида улкан салоҳиятга эга бўлса, Италия ва Испания қуёш энергияси бўйича илгарилаб кетган. Дания, Нидерландия ва Германия шамол энергиясидан фойдаланишда Европа Иттифоқида етакчи.

Маълумки, аҳоли сонининг ўсиб бориши инсон капитали салмоғи ортиши, шу билан бирга, табиий ресурсларнинг камайишига олиб келади. Бу, ўз навбатида, соҳа мутахассисларини янги энергия манбаларини аниқлаш, креатив ғоялар кашф қилишга ундайди. Таъкидлаш керакки, республикамизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишни янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда саноат тармоқларига “Яшил иқтисодиёт” тизимини жорий қилиш, ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, инновaцион тараққиётни жадаллаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилмоқда.

Жумладан, тараққиёт стратегиясида иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда “Яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш бўйича вазифалар белгиланган. Бунда, 2026 йилга келиб электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичини қўшимча 30 миллиард киловатт-соатга ошириб, жами 100 миллиард киловатт-соатга етказиш кўзда тутилган. Бу шунчаки рақамлар эмас. Энергиянинг бир туридан фойдаланишда янги имкониятларни ишга солсак, бошқа бир турининг тежалишига эришамиз. Масалан, 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш эвазига йилига қарийб 3 миллиард метр куб табиий газни иқтисод қилиш мумкин. Энди тараққиёт стратегияси доирасида 2026 йилга бориб Ўзбекистонда умумий қуввати 8 минг мегаваттга тенг қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилгандаги фойдани ҳисобласак, тасаввуримиз янада бойийди.

600 миллиард киловатт-соатлик электр энергиясини ишлаб чиқариш имкони

Йилнинг деярли уч юз куни қуёшли саналадиган юртимизда муқобил энергиядан фойдаланиш имконияти жуда катта. Яъни иқлим шароитимиз қуёш станцияларини қуриш орқали жами 600 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Бу — бугунги кунда Ўзбекистоннинг энергияга бўлган жами эҳтиёжидан 8 баробар кўп. Англаганингиздек, имкониятдан ўринли фойдалансак, соҳада кузатилаётган муаммолар ҳақида гапиришга ўрин ҳам қолмайди.

Наманган давлат педагогика институтида барча таълим йўналишлари талабалари учун “Иқлим ўзгариши ва экологик мослашув” мавзусидаги махсус курс жорий этилиб, етакчи мутахассислар томонидан уларга юз бераётган табиий, антропоген таъсирларнинг ўзгариши ва ортиб бориши, биосферанинг экологик оқибатлари натижасида иқлим ўзгариши, табиий ва ишлаб чиқариладиган энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби глобал, минтақавий ва маҳаллий муаммолар тўғрисида билим берилади. Истеъмол қилинаётган электр энергиясини ишлаб чиқариш учун кўмир, нефть ва газ каби қимматбаҳо ресурслар кўплаб миқдорда сарфланишига алоҳида эътибор қаратилиб, бу турдаги энергия манбалари нечоғли қимматбаҳо маҳсулот экани тушунтириб борилади.

Шунингдек, таълимнинг барча босқичларида табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва ундан самарали фойдаланишнинг педагогик механизмлари амалиётга татбиқ қилинади.

Электр энергиясига бўлган эҳтиёж муассасанинг ўзида қопланмоқда

Наманган давлат педагогика институти доценти Бахтиёр Камолов муаллифлигида умумий ўрта таълим мактабларида таълим олаётган бошланғич синф ўқувчилари учун она табиатни асраш ва мавжуд табиий ресурсларни муҳофаза қилишга оид билим ва кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган “Экологик алифбе” номли электрон услубий қўлланма тайёрланиб, ўқитувчиларга методик ишланма сифатида тақдим қилинган.

Қувонарлиси, институтимиз қайта тикланувчи энергия манбаларидан унумли тарзда фойдаланмоқда. Жумладан, жорий йилда институтнинг асосий ўқув биносига 108 киловатт ва талабалар турар жойига 36 киловатт, умумий 144 киловаттли муқобил энергия манбалари ўрнатилди. Талабалар турар жойига ўрнатилган қуёш панеллари кунига ўртача 220–240 киловатт, асосий ўқув биносига ўрнатилган 108 киловаттли қуёш панеллари эса кунига ўртача 660–680 киловатт электр энергияси ишлаб чиқармоқда. Бу билан таълим муассасасининг эҳтиёжи тўла таъминланяпти.

Эндиликда институт ўз истеъмолидаги электр энергиясини ишлаб чиқариш имкониятига эгалиги унга сарфланадиган маблағ тежалишига замин яратмоқда.

Энергетика тизимини ривожлантириш, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш давлатимиз белгилаб олган вазифаларнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Йил сайин  энергияга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётгани аслида ҳам шундай бўлиши кераклигини кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида, соҳага энерготежамкор, илғор технологияларни жорий этиш, энергия ишлаб чиқариш ва фойдаланишда оқилона ҳамда самарадор йўлларни излаб топишни тақозо этмоқда.

Электр энергияси ишлаб чиқаришнинг қарийб 75 фоизи кам эмиссия манбаларидан олинса...

Мамлакатимизда электр энергиясининг 85 фоизи ер ости углеводород ёқилғиларидан олинади, ер усти энергия манбаларидан олинадигани эса бор-йўғи 15 фоиз. Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб чиқиндиларни 40 фоизга қисқартириш учун глобал электр энергияси ишлаб чиқаришнинг қарийб 75 фоизи кам эмиссия манбаларидан олиниши керак бўлади. Яъни, муқобил энергиядан фойдаланишни қанчалик оммалаштирсак, экологик муаммоларни ҳам шунчалик тез бартараф этамиз.

Инсоннинг теварак-атроф, жумладан, энергия истеъмолига муносабатининг асоси ҳам болалик даврида қўйилади. Агар у уйда ҳам, таълим муассасасида ҳам катталарнинг ёритиш ва иситиш тизимига, сувдан фойдаланишда тежамкор муносабатини кўрса, синфда, кундалик турмушида ҳам шундай  кўникмани ўзлаштиради.

Афсуски, кўпчиликда табиий ресурслар гуёки туганмас бойлик бўлиб, фуқароларнинг энергетик хавфсизлиги фақат давлат зиммасида, деган нотўғри қараш шаклланган. Биз энергия ресурслари чеклангани ва унга эҳтиёткорона муносабатда бўлишимиз кераклигини мунтазам ўргатиб боришимиз зарур. Энергияни тежаш инсон фаолияти, кундалик турмуш тарзига сингиши ва ҳатто, қадрият сифатида шаклланиши лозим.

Маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда юртимизда хонадонлар 1,2 миллионтага, корхоналар сони эса 260 мингтага кўпайган. Агар хонадонлар, таълим муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналарининг “ўз қуёши” бўлса, электр истеъмолининг йилдан-йилга ошиб бораётгани, ресурслар қисқариб бориши ва қимматлашиши ташвишли ҳолатга айланмайди.

Муродхон ҚОДИРХОНОВ,

Наманган давлат педагогика институти ректори в.в.б.