Ўқувчи-ёшларни умумтаълим фанларини чуқур ва мукаммал ўрганишга ундаш, муваффақиятлар сари руҳлантиришда борасида Янги Наманган туманидаги 69-умумтаълим мактабида ўзига хос ташаббус йўлга қўйилган.
Мактаб директори Мухторжон Исақов ташаббуси билан ташкил этилган “Яшил ва қизил” бурчак анъанаси асосида 2 йилдирки, ҳар ҳафта энг намунали, давомат кўрсатгичи юқори бўлган, синф хонасини озода тутадиган, формаси эътиборга лойиқ ибратли синфлар турли номинациялар бўйича эътироф этиб борилади.
Аҳамиятлиси шундаки, номинациялар бўйича ҳар душанба куни мактабда тақдирлаш маросими ташкил этилади ва ғолиблар кўчма диплом билан тақдирланади. Ҳар чоракда эса синфларнинг неча маротаба кўчма диплом билан тақдирланганига қараб юқори натижа кўрсатган синфлардан 1-ўринга ноутбук, 2-ўринга телевизор ҳамда 3-ўринга китоблар тўплами тақдим этилади.
Бундан ташқари, 10 нафар энг билимли, иқтидорли ва зукко ўқувчиларнинг ҳар бири 500 минг сўмдан директор стипендияси билан мукофотланади.
Шу тарзда рағбатлантириш йўлга қўйилган маърифат даргоҳи раҳбари ушбу хайрли ташаббусга ойлик маошининг ярмини ҳам йўналтирмоқда.
Ўзига хос анъана таълим жараёнларида сифат ва самарадорлик ортишига, ўқувчиларни истиқбол сари интилишларида ўз самарасини бермоқда.