Шу йил 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши барча вазирлик ва тузилмалар учун бирдек аҳамиятли бўлди. Мамлакатимизда сўнгги йилларда мудофаа тизимининг жанговар салоҳиятини ошириш бўйича жуда катта ишлар қилинди. Ҳарбий бошқарув тизими деярли янгидан барпо этилди. Ҳарбий-маъмурий секторлар тузилди. Қўшин турлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича таъсирчан механизмлар йўлга қўйилди. Энг мураккаб вазифаларни ҳам тезкорлик билан бажаришга қодир бўлган бўлинмалар ташкил этилди. Қўшинларнинг жанговар ва руҳий тайёргарлик даражаси ошди.

Тарихимизда биринчи марта ўз моҳиятига кўра ноёб тизим — ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Бундай иш усули мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга жойлардаги давлат ҳокимияти органларини фаол жалб этиш, “Армия ва халқ — бир тану бир жондир” деган улуғ ғояни амалда таъминлашга ҳисса қўшишга имкон яратди.

Давлатимиз раҳбари энг муҳим вазифалардан бири — бу халқ билан яқинлашиш, мудофаанинг аҳоли билан жипслиги ва яхлитлиги масаласи эканини таъкидлади. Содда қилиб айтганда, халқ ўз давлатининг қўшинига тўла ишониши ва қўллаб-қувватлаши, армия эса ўз халқининг ишончи ва қудратини ҳис қилиб туриши керак. Мазкур масалага давлатимиз раҳбари аввал ҳам бир неча маротаба тўхталган. Чунончи, ўтган йилнинг январь ойида Қуролли Кучлар академиясига ташрифи чоғида барча даражадаги қўмондонлик ва бошқарув органлари фаолиятини такомиллаштириш, қўшинларда автоматлаштирилган бош қарув воситалари ва комплексларни жорий қилиш орқали уларнинг ҳамкорликдаги оператив ва жанговар тайёргарлик даражасини ошириш, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш истиқболдаги долзарб вазифалардан эканини таъкидлаган. Мамлакатимиз аҳолиси ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фуқаролик позициясини кучайтириш бугунги кунимизнинг долзарб вазифаларидан бири эканини қайд этиб, “Ўз фарзандларида юксак ватанпарварлик руҳини камол топтира олмаган давлат, қандай қудратли қуролга эга бўлмасин, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлай олмайди”, деган эди.

Ҳарбий хизматчилар сафидан қобилиятли ва заковатлиларини аниқлаш, уларга ўз қобилиятини намоён қилиши учун шароит яратиб бериш муҳим масалалардан саналади. Бу борада Инновацион ривожланиш ва Мудофаа вазирликлари ҳамкорлигида “Аскардан мактуб” лойиҳаси амалга оширилганидан кўпчиликнинг хабари бор. Лойиҳада яқинлари миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган ёшлар, таълим муассасалари ва ҳарбий қисмлардаги таълим жараёни иштирокчилари — ўқитувчилар, ҳарбий инструкторлар, психологлар, аскар ва офицерлар иштирок этди. Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти муддатли хизматчилари иштирокида бошланган лойиҳа ёшларда фаол ҳаётий позиция, Ватанга муҳаббат, унинг тарихий меросига ҳурмат, миллат манфаатлари ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш каби маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилган. Энг муҳими, ҳар бир ҳарбий хизматчи ўз яқинлари, жигарларига мактуб орқали армия руҳиятини мунтазам сингдириб бориши, ўзаро мулоқотларда олис қишлоқларда улғаяётган ука ва сингилларига армиядаги интизомий тарбиядан бир қисмини улашиб, уларда ватанпарварликни шакллантиришга билвосита кўмакчи бўлиши мақсад қилинган эди. Зеро, бу миллий армиямиз руҳиятининг халқ орасида кенг тарқалишидаги кичик, бироқ аҳамияти катта қадам.  Орамизда ёшлигида аскар акаларидан олган мактубдан қувониб, уларга жавоб ёзиб, аскар бўлиш орзусида ёнган авлод вакиллари талайгина. Бу анъанани замонавий ахборот алмашинуви маконида тезкор ва мунтазам амалга ошириш катта аҳамият касб этади.

Иккинчи муҳим жиҳат миллий мудофаамизга илм-фан ютуқларини интеграция қилишдан иборат. Мамлакат чегаралари мавжуд моддий чегаралардан ташқари, сув ва ҳаво чегараларимизнинг хавфсизлиги, эпидемиологик, ахборот ва киберхавфсизлик каби турли соҳаларни ўз ичига олади. Илм-фан ютуқлари мазкур хавфсизликнинг юқори даражада бўлишини таъминлаб беради.

XXI аср илм-фан, био ва нанотехнологиялар, янги материаллар, ахборот-коммуникация ва когнитив технологиялар даври бўлиб тарихга кирди. Янги Ўзбекистон муҳитида ишлаб чиқаришни энергия ва ресурс тежамкор технологияларга ўтказиш, муайян хусусиятларга эга материаллар ва тирик организмларни яратиш вазифаси олдимизда турибди. Европа мамлакатлари, Япония, АҚШ, Хитой каби давлатлар бу соҳада тадқиқотлар олиб бораётганига анча йил бўлган. Бу давлатлар янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича рақобатда бўлиб, мутлақ етакчиликка интилмоқда. Ўзбекистон мавжуд ресурсларни технологиялар ривожига йўналтириш орқали тараққий этган мамлакатлар қаторидан ўрин олиш учун жадал ислоҳотларни амалга ошираётир.

Тиббий-биологик технологиялар, сунъий интеллект элементлари бўлган кибертехнологиялар, роботлаштирилган бошқарув энди хаёлот маҳсули эмас, аниқ ишлаб чиқаришга татбиқ этилаётган реалликдир. Зеро, мудофаа тизими ва саноати илмфан ҳамда инновацион ривожланишнинг драй вери бўлиб, илмий кўламдор маҳсулотлар бозорини яратиш ва оммалаштиришда катта ўрин эгаллайди. Президентимиз хавфсизлик кенгашининг йиғилишида асосий урғуни бежиз илм-фан, инновациялар ва рақамлаштириш технологияларига бермади. Чунки аҳоли турмушида фойдаланилаётган, ҳозир биз учун оддий буюмлар — тефлон қопламалари, интернет, микротўлқинли печь, суюқ маҳсулотларни сублимация қилиш, дронлар каби кўплаб кашфиётлар ҳарбий саноат орқали турмушимизга кириб келган.

Шундай экан, давлатимизнинг мудофаа, хавфсизлик соҳасидаги илмий изланишларни қўллаб-қувватлаб, соҳага сўнгги илмий изланишлар натижалари жорий этиш ҳамда ҳарбий соҳадаги илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштиришни янада кенгайтириш муҳим. Президентимиз таъкидлаганидек, бундан беш йил аввал мудофаа тизимида ҳарбий илм-фанга деярли эътибор йўқлиги, илмий тадқиқотлар умуман, ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ва уларга кам маблағ ажратилгани ҳам ҳақиқат эди. Бу камчиликларни бартараф этиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан сўнгги йилларда мазкур соҳада қатор ишлар бажарилди. Жумладан, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида махсус йўналишлар бўйича 2019-2022 йилларда умумий қиймати 48,3 миллиард сўмлик 37 та лойиҳа молиялаштирилди. Бу ўтган даврл арга қараганда, 20-30 баробар кўп дегани.

Шунингдек, 2018-2021 йилларда ахборот технологиялари соҳасида умумий қиймати 21,1 миллиард сўмлик 34 та стартап лойиҳа молиялаштирилди. Уларни амалга ошириш натижасида 270 та янги иш ўрни очилди. Учувчисиз аппаратлар ва ГИС технологиялардан фойдаланган ҳолда етиб бориш қий ин бўлган ҳудудларни мониторинг ва таҳлил қилиш ҳамда маълумотлар йиғиш, кўп функцияли мобиль қурилмалар, миллий интеллектуал камераларни дас турлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа корхоналарига рақамли иқтисодиёт ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун SeCube бошқарув тизими платформасини жорий этиш каби лойиҳаларнинг амалиётга жорий этилгани айнан хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.

Жамият ва давлат хавфсизлигининг муҳим бўғинларидан бири ахборот хавфсизлигидир. Биз аксарият маълумотлар электрон серверларда сақланадиган ва бундай тартиб тобора кенг қулоч ёяётган даврда яшаяпмиз. Бу маълумотларни йиғиш, тартибга солиш ва сақлаш масаланинг бир тарафи бўлса, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш яна бир вазифамиздир. Шу мақсадда ахборот хавфсизлиги соҳасида умумий қиймати 17 миллиард сўмлик 12 та илмий лойиҳа молиялаштирилди.

Юз тасвирини қайта ишлаш асосида шахсни таниб олиш алгоритмлари ва дастурий таъминотини яратиш, хавфсизликни таъминлаш мақсадида транспорт воситалари рақамини таниб олувчи, транспорт воситасини бошқараётган шахс идентификацияси, реал вақтда шахсларни қидириш ва идентификациялаш учун дастурий маҳсулот яратиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш тизимларида фойдаланувчиларни биометрик авторизациялашнинг интеграллашган технологиялари назариясини яратиш каби лойиҳалар шулар жумласидан.

Пойтахтимизнинг Талабалар шаҳарчасида ўтган йилнинг октябрь ойида фойдаланишга топширилган INNO инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопаркида Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда 25 миллион сўмлик инновацион “Ҳарбий тўплам” прототипи яратилди. Улар махсус бўлинма қўшинларида фойдаланиладиган бош кийим (каска), бронежилет ва ўқотар қурол учун қўшимча қурилмалардан иборат. Улардан бронежилетга тўхталадиган бўлсак, аскар ҳолатини ўрганиш мақсадида унга кўп функцияли метамониторинг мосламаси уланди. Натижада ЭКГ модулига уланган қурилма ёрдамида аскарнинг юрак уриш пульси ва ҳарорати аниқланади. GPS қурилмаси ёрдамида жойлашган ўрни тўғрисидаги маълумотлар мониторинг қилиш базасига муттасил юбориб турилади.

Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий олий таълим муассасалари талабалари илмга чанқоқ ва инновацион фикрлайдиган ёшлардан иборат бўлгани боис, улар тақдим этаётган кўплаб лойиҳалар ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Иқтидорли ёшларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган TechnoWays технологик ривожланиш марафони доирасида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий олий таълим муассасалари талабаларининг умумий қиймати 60 миллион сўмлик 3 та инновацион лойиҳаси молиялаштирилди.

Бу йўналишда халқаро ҳамкорлик ҳам йўлга қўйилмоқда. Жумладан, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Туркия Киберхавфсизлик федерацияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумига асосан, 2022 йилда “Киберхавфсизлик ва криптография лабораторияси ҳамда Ёшлар академиясининг 300 нафар аъзоси учун Туркияда киберхавфсизлик ва криптография курсларини ташкил этиш режалаштирилди. Туркиянинг энг йирик илмий-тадқиқот муассасаси — TUBITAK BILGEM компаниясининг киберхавфсизлик, яримўтказгичлар, булут технологиялар ҳамда криптография бўйича дастурий маҳсулотларини трансфер қилиш ҳамда шу йўналишларда вазирлик ходимлари ва Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот институтлари мутахассислари учун малака ошириш курслари ташкил этилади.

Мамлакат хавфсизлигининг яна бир омили аҳоли саломатлиги билан боғлиқ. Ҳозир Инновацион ривож ланиш вазирлиги томонидан COVID-19 инфекциясига оид умумий қиймати 36,3 миллиард сўмлик 19 та илмий лойиҳа молиялаштирилди. Коронавирусга қарши 6 турдаги янги маҳаллий вакцина яратилди, 2 та маҳаллий вакцина Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан номзод вакцина сифатида рўйхатдан ўтказилди.

Хитойлик олимлар билан ҳаммуаллифликда SARS-CoV-2 инфекциясига қарши янги ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси яратилгани эса глобал пандемия даврида халқимиз саломатлигини том маънода ҳимоя қилишга имкон берди. Ўтган йил давомида 21,5 миллион доза ZF-UZ-VAC 2001 ўзбек- хитой вакцинаси Хитойдан келтирилган бўлса, мазкур вакцинанинг қўшимча 17,2 миллион дозаси юртимизда ишлаб чиқарилди ва аҳолини эмлаш учун етказилди.

Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари ҳарбий илм-фан ва таълимни ривожлантириш, бунда соҳага энг етук, малакали профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш, илмий тадқиқотларни янада кучайтириш, иқтидорли аскарларни саралаб олиб, уларни энг замонавий йўналишларга жалб қилган ҳолда миллий армиямизни янада кучайтириш зарурлигини такрор-такрор айтди. Бу ишларда ҳар бир ташкилот раҳбари ўз дастури ва таклифларини амалга оширишини қатъий белгилаб берди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, мудофаа ва хавфсизлик соҳасига оид бир қанча таклифларни илгари сурмоқда. Аввало, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда олий таълим тизимидаги энг малакали ўқитувчиларни ҳарбий таълимга жалб қилиш, ҳарбий соҳа ва илм-фан интеграцияси учун зарур бўлган платформаларни тайёрлаш лозим. Шу билан бирга, вазирлик ҳузуридаги Ёшлар академиясининг иқтидорли аъзоларини ҳарбий- илмий тадқиқотларга сафарбар қилиш, энг яхши ғоя ва изланишларни қўллаб-қувватлаш ва амалга ошириш ғоят муҳим. Бунинг учун жорий йилда махсус илмий ва стартап лойиҳалар танловларини ўтказиш режалаштирилган. Ёшлар академияси аъзолари орасидан муносиб номзодларни саралаб олиб, уларни ҳарбий соҳага жалб қилиш, қўллаб-қувватлаш учун шароит яратиш, шунингдек, танловлар ўтказиш йўли билан ҳарбий хизматчилар орасидаги қобилиятли хизматчиларни аниқлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш учун кўмаклашиш зарур. Бунинг учун вазирлигимиз томонидан йўлга қўйилган TechnoWays технологик ривожланиш марафони имкониятларидан фойдаланиш самара беради, деб ўйлаймиз. Ҳарбий соҳа хизматчилари билан маҳаллалар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион ҳудудларда маҳалла ва ҳарбий соҳа шериклигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш бўйича ҳам ишларни амалга оширишимиз талаб этилади. Мамлакатимиз илм-фан намояндалари давлатимиз раҳбари белгилаб берган шундай устувор вазифаларни амалга ошириш учун бор куч-ғайратини, билим ва салоҳиятини сафарбар этади.