Қуйида ушбу материалнинг матни ҳавола қилинмоқда.
“Ўзбекистонда кўплаб кўҳна шаҳарлар, жумладан, Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби қадимги Ипак йўлининг йўналишлари ва Фарғона водийсининг асосий аҳоли марказлари жойлашган. Мамлакатнинг ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган тарихий обидалари чексиз илҳом манбаи ҳисобланади. Бой санъат ва маданият, бағрикенглик ва мўътадил диний амалиёт анъаналари бутун дунё бўйлаб сайёҳларни ушбу мамлакатга жалб қилади. Ўзбекистоннинг табиий мўъжизалари қаторига осмонўпар чўққилар, ям-яшил водийлар ва хушманзара кўллар киради.
Энг муҳими, Ўзбекистон дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан биридир.
2019 йил 1 февралдан Ўзбекистон раҳбарияти 45 та йирик иқтисодий тараққий этган мамлакатлар, жумладан, Европа ва Ғарб давлатлари фуқаролари учун визасиз режим жорий қилди. Бугунги кунга келиб эса 90 га яқин давлат фуқаролари Ўзбекистонга визасиз ташриф буюриши мумкин. Бундан ташқари, 57 мамлакат, жумладан, Ҳиндистон фуқаролари учун электрон виза олиш имконияти ҳам мавжуд.
Хорижлик сайёҳлар Ўзбекистонга кириш электрон визасини https://e-visa.gov.uz/main махсус портали орқали уч кун ичида олиши мумкин.
Бугунги кунга келиб кўплаб хорижий авиакомпаниялар Тошкент, Самарқанд ва бошқа шаҳарларга авиақатновлар сонини оширмоқда. Ўз навбатида сўнгги йилларда йирик халқаро меҳмонхона тармоқлари мамлакат ҳудудларида ўз филиаллари фаолиятини йўлга қўймоқда. Мамлакатнинг миллий авиакомпанияси – “Uzbekistan Airways” энг замонавий, яхши жиҳозланган самолётлар паркига эга бўлиб, бугунги кунда дунёнинг 23 мамлакатининг 33 шаҳрига тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйган.
2022 йил 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарларининг 22-саммити ва 2023 йилда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессиясига мезбонлик қилиш учун айнан Самарқанд шаҳрининг танлангани бежиз эмас. Минг йиллар давомида ушбу шаҳар илм-фан ва таълим, савдо ва инновациялар маркази бўлиб келган. 1993 йилда Самарқанднинг тарихий маркази “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” номи билан ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди.
Шаҳар Зарафшон дарёсининг гуллаб-яшнаган водийсида жойлашган бўлиб, унинг тарихи 2500 йилдан аввалги даврларга бориб тақалади. Самарқанд асрлар давомида Буюк ипак йўлининг асосий нуқтаси бўлиб, Шарқ ва Ғарб маданиятлари чорраҳаси ҳисобланган. Ўтган асрларнинг истеъдодли меъморлари томонидан бу заминда улуғворлиги ва бетакрорлиги билан барчанинг эътиборини ўзига тортадиган бетакрор бинолар барпо этилган. Ўз навбатида, бугунги кунда шаҳарда ўрта асрларнинг бир неча йиллик меъморчилик ёдгорликларига ҳамнафас қилиб кенг қамровли замонавий мажмуалар қад ростламоқда. Шу маънода Самарқанддаги мавжуд меъморчилик дурдоналари ХХI аср инфратузилмаси билан ҳамоҳанг равишда жонли афсонага айланиб бормоқда.
Сўнгги бир неча йил ичида замонавий Самарқандда кенг қамровли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Хусусан, машҳур аллома ва астроном Мирзо Улуғбек шарафига бағишлаб очиқ китоб шаклида замонавий Самарқанд халқаро аэропорти қурилиб фойдаланишга топширилди. Бинонинг том қисмида юлдуз буржлари тасвирланган бўлиб аэропорт мажмуасининг шакли ўтмиш ва ҳозирги куннинг ўзига ҳос уйғунлигини ифодалайди.
Таъкидлаш лозимки, яқинда шаҳар меҳмонлари ва сайёҳлар учун "Silk Road Samarkand" халқаро туризм мажмуаси ишга туширилди. Ушбу мажмуа собиқ эшкак эшиш канали атрофида барпо этилган бўлиб, сув ҳавзасининг икки қирғоғида уч қаватли конгресс-холл, замонавий меҳмонхоналар, “Абадий шаҳар” этнографик боғи қурилган.
Ҳозирда Самарқандда 200 га яқин меҳмонхона ва кўплаб меҳмон уйлари мавжуд. Айтиш жоиз, шаҳардаги замонавий иншоотлар ва сайёҳлик мажмуалари меъморий ёдгорликларни асраб-авайлашнинг ЮНEСКО қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда шаҳарнинг тарихий қисмидан ташқарида барпо этилмоқда,
Самарқанд - Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозасига хуш келибсиз!”