Қишлоқ одамлари барвақт уйғонади. Хўроз қичқирар маҳалдан кундалик юмушлар бошланади. Шерзод ака ҳам эрта тонгда уйғониб, ҳовлига чиқди. Ўғли кеча томорқа ерини ағдариб қўйибди. Шерзод ака ерни чамалаб, у бошидан бу бошигача бориб келди, сўнг четдаги дарахтга суянганча, кенг ҳовлига тикилиб, ўзича нималарнидир чамалай бошлади. Ернинг бир қисмига картошка экса, яна икки қисми бўш қоляпти. Қўлига чўп олиб, режасини ерга чиза бошлади. Шу пайт дарвоза томондан кимнингдир чақирган овози ўйини бўлиб юборди.

Дарвозани очаркан, ёшроқ, аммо кўринишидан анчагина билимли кўринган йигит қўлида қоғоз-қалам билан турарди. Ўзини ҳоким ёрдамчиси  Бобомурод Пардаев, деб таништираркан, аввало, Шерзод ака билан яхшилаб сўрашгач, Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир маҳаллада иш бошлаган ҳоким ёрдамчиси аслида нима билан шуғулланиши борасида гапира кетди. Шерзод аканинг юзида табассум пайдо бўлди.

— Э, ҳа, келинг-келинг. Айни вақтида келдингиз-да. Ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси иш бошлагани ҳақида эшитгандим. Шу десангиз, ҳозиргина бир-иккита ишни режалаштириб, ўйланиб ўтирган жойим...

— Шерзод ака, оила бошлиғи сиз бўлсангиз керак. Ҳозир, биринчи навбатда, биз хатлов ишларини олиб боряпмиз. Шу боис, баъзи саволларимизга жавоб берсангиз, мен ёзиб олсам.

Ҳоким ёрдамчиси саволларига жавоб олгач, охирида бу оилага тегишли қанча экин майдони борлиги ҳақида сўради. Оила бошлиғи 20 сотих бўш ер мавжуд эканини айтди.

— Бу ердан қандай фойдаланмоқчисиз, Шерзод ака?

— Ҳозиргина, сиз келмасингиздан олдин, шуни ўйлаб ўтиргандим. Озроқ ерга картошка экишни мақсад қиляпман. Қолганига бошим қотган. Ўғлим ҳовлининг бир четида ҳовуз қилиб, балиқ боқсак, дегандай бўлди. Балиқ қандай бўларкин, деб ўйлаяпман.

— Яхши. Ака, оилада ўзингиз ва икки ўғлингиз бор экан. Шунча сувли ер майдонингиз бўла туриб, шу пайтгача фақат мавсумий ишлаб келгансиз. Биринчи навбатда, бундай унумдор, сувли ердан самарали фойдаланиш керак. Ўғлингиз балиқ боқишга қизиқаётган экан, бунинг ҳам имкони бор. Менда ҳовлида кичикроқ сув ҳавзаси қуриш, унда қайси балиқ турини етиштириш борасида зарур маълумотлар бор. Қолаверса, балиқ чавоқларини олишда ҳам ёрдам берамиз. Иккинчи навбатда, эшитган бўлсангиз, маҳалламизга яқин жойда Азамат ака доривор гул етиштириш билан шуғулланади. Сиз Азамат ака билан тегишли шартнома тузасиз, у киши гулхайри, доривор валерияна уруғи ва кўчатларини сизга етказиб беради. Ҳосил пишиб етилгач, яна ўзи сотиб олади. Бир сотих ердан 20-25 кило гулхайри олиш мумкин. Унинг 1 килосини 65-70 минг сўмдан сотасиз. Демак, камида ўн сотих жойга эксангиз, ўртача 7-8 миллион сўм даромад топасиз. Доривор валериянанинг эса фақат томири доривор ҳиобланади. Унинг илдизи намлигида килоси 4 минг сўмдан сотиб олинади. Бир сотих ердан ўртача 450-500 минг сўм даромад қилса бўлади.

Бу таклифларни эшитган Шерзод акада қизиқиш уйғонди. Ҳоким ёрдамчисидан доривор ўсимликлар экиш учун тадбиркор билан шартнома тузиш ҳамда 7 миллион сўм кредит олишда кўмак беришини сўради. Бобомурод бунда муаммо бўлмаслигини айтиб, дафтарига ёзиб қўйди ва кейинги хонадон сари йўл олди.

Шерали ака хонадонида қишки мавсумда қўзиқорин етиштириш йўлга қўйилган экан. Бу иш билан ўзи, турмуш ўртоғи ва онаси банд. Ўртача ҳисобда ойига 2,5 миллион сўм даромад олади. Лекин ҳали фойдаланилмай турган имкониятлар ҳам бор. Қолаверса, қўшниларга ҳам бу тажрибани ўргатиш зарур. Шунда қўзиқоринларга улгуржи харидор топиш мумкин бўлади.

Ҳоким ёрдамчиси уй эгаси билан суҳбатда камчилик бўлса, қўлидан келганича ёрдам беришини айтиб, Шерали акани яна тўртта қўшнисига қўзиқорин етиштириш бўйича керакли йўл-йўриқларни бериб боришга кўндирди.

Навбатдаги ҳовлида ҳам иш қизғин. Рашид Қодиров томорқасидаги иккита иссиқхонага помидор ва бодринг экишга ҳозирлик кўрилмоқда. Ҳовли четида 10 сотихлик балиқхона ташкил этилган. Биргина шу томорқада Рашид бобонинг тўрт фарзанди ва тўрт келини, икки қўшниси — жами ўн киши иш билан таъминланган.

Яқинда 60 туп лимон экиб, янги иссиқхона қуриш ҳаракати бошланган. Бунга ҳам маблағ керак. Ҳоким ёрдамчисининг бу оилага ташрифи баракали келиб, Рашид бобо 30 миллион сўм кредит олишни режалаштираётганини билдирди. Бу масала ҳам тезда ҳал этиладиган бўлди.

Ҳасан ака Сабриддинов оиласи асаларичилик билан шуғулланади. Оила аъзолари ва қўшнилардан иборат 12 киши доимий иш билан таъминланган.

— 2020 йилда 60 миллион сўмдан ортиқ даромад олган бўлсак, 2021 йилда фойдамиз 100 миллион сўмдан ошди, — дейди Ҳасан ака. — Излаган имкон топар деганидек, ҳаракатларимиз зое кетмади. Шунинг орқасидан янги машина олдик, ўғлимни уйлантирдим. Меҳнат қилган кам бўлмайди. Насиб этса, бу йилги даромадни 400 миллион сўмдан оширмоқчимиз.

Ҳоким ёрдамчиси буни эшитиб, пайтдан фойдаланиб қолди. Даромад янада ошишига тилак билдириб, Ҳасан акани камида бешта хонадонга асаларичиликни ривожлантиришга кўмак беришга кўндирди. Хонадон эгаси ҳам дангал экан, ҳар бир хонадонда ўн қутидан асалари етиштириб, уларни бу ишга ўргатишга ваъда берди.

Қамаши туманидаги “Қўшкапа” маҳалла фуқаролар йиғинида иш бошлаган ҳоким ёрдамчиси Бобомурод Пардаев кечга томон бир кунлик ишини йигирманчи хонадонга кириш билан якунлади. У кун давомида олган сўровномаларини таҳлил қилиб, маҳалладаги “ўсиш нуқтаси”ни аниқлади.

Қисқа вақтда доривор ўсимликлар билан шуғулланувчи тадбиркор билан шартномалар сони янада ортишини тахмин қилди. Ҳозиргача гул етиштириш истагида бўлган хонадонлар сони 200 га яқинлашди. Демак, маҳалладаги 1116 хонадоннинг 200 га яқини келгусида ўз-ўзини банд қилади. Қолган хонадонларнинг 30 фоизга яқини иш билан таъминланган.

Ҳоким ёрдамчиси эртанги кун тартибини режалаштирар экан, энг аввало, маҳалла одамларининг интилувчанлиги ортгани, ҳаётга қараши ўзгаргани кўз олдидан ўтди. Албатта, муаммолар бор, ечимини кутаётган масалалар турибди. Лекин бугунги куни сарҳисобидан аён бўлдики, камчиликларнинг барчасига ечим топиш мумкин. Фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар бардавом бўлса, бас.

Акбар РАҲМОНОВ,

журналист