Биринчи ҳолатда Поп тумани ҳокимининг маҳалла фуқаролар йиғинларидан биридаги ёрдамчиси 1988 йилда туғилган фуқарога 49 йил муддатга деҳқон хўжалиги юритиш учун ажратиб берилган 30 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали хусусий мулк сифатида расмийлаштириб беришни ва унинг 6 сотих қисмида қурилган уй-жой учун кадастр ҳужжатларини тайёрлаб беришни ваъда қилган. Бу хизматлар эвазига у 2 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳоким ёрдамчиси олдиндан 1000 АҚШ долларини 1990 йилда туғилган таниши орқали олган пайтда ушланиб, ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б» банди ҳамда 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Иккинчи ҳолатда эса Давлат кадастрлари палатасининг Поп туман филиали ишчиси давлат захирасидаги 10 сотих ер майдони ва унда қурилган уй-жойни мансабдор танишлари орқали фуқаро номига шахсий мулк сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 900 АҚШ доллари ва 4,8 миллион сўм олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан қўлга олинди.
Ҳозирда кадастр ишчисига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.