Мазкур анжуман туркий давлатлар ўртасида конституциявий назорат ва одил судлов механизмларини уйғунлаштиришда стратегик аҳамият касб этади.

Президентимизнинг Туркий давлатлар ташкилоти Судьялар кенгашлари раҳбарларининг IV йиғилиши иштирокчиларига йўллаган мурожаати мазкур анжуманнинг сиёсий-ҳуқуқий ­аҳамиятини янада юксалтириб, уни нафақат соҳавий мулоқот, балки адолатли жамият, суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва инсон қадри йўлида туркий давлатларнинг умумий ­интилишларини ифода этувчи муҳим халқаро майдон сифатида намоён этди. Президентимиз мурожаатида ифода этилган юксак эътибор ва ишонч бугун янги Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар давлат сиёсати даражасидаги устувор йўналиш эканини, суд мустақиллиги ва одил судлов сифати эса жамият тараққиёти, инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва халқнинг давлатга ишончини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этишини яна бир бор тасдиқлайди. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 130-моддасида судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсуниши қатъий белгилаб қўйилгани ушбу ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворидир.

Анжуманнинг қадимий Самарқанд заминида ўтказилгани ҳам чуқур рамзий маънога эга. Самарқанд бу — шунчаки тарихий шаҳар эмас. У асрлар давомида илм, маърифат, давлатчилик тафаккури, бағрикенглик ва халқлар ўртасидаги мулоқот маркази бўлиб келган улуғ маскандир. Бугун эса Самарқанд янги Ўзбекистоннинг очиқ ташқи сиёсати, халқаро ташаббускорлиги, туркий давлатлар ва нуфузли туркий ташкилотлар билан ҳуқуқий ҳамкорлиги ҳамда адолатли жамият барпо этишга қаратилган эзгу интилишларининг ёрқин ифодасига айланмоқда.

Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон Судьялар кенгашлари раҳбарлари бошчилигидаги делегациялар, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби иштирок этгани тадбирнинг халқаро нуфузи ва амалий аҳамиятини янада оширди. Мулоқот давомида хорижий меҳмонлар янги Ўзбекистонда Президентимиз раҳбарлигидаги кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасидаги янгиланишлар, қонун устуворлигини таъминлаш, суд мустақиллигини мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги изчил саъй-ҳаракатларни юксак эътироф этди.

Шу билан бирга, хорижий делегациялар Самарқанд шаҳридаги бунёдкорлик ишлари, тарихий ва маънавий меросни асраб-авайлаш билан замонавий тараққиёт уйғунлаштирилаётганини алоҳида мамнуният билан таъкидлади. Айниқса, Имом Бухорий мажмуаси ва “Боқий шаҳар” каби ноёб масканлар меҳмонларда катта таассурот қолдириб, янги Ўзбекистонда миллий мерос, маърифат, замонавий шаҳарсозлик ва халқаро меҳмондўстлик маданияти юксак даражада намоён бўлаётганини яққол кўрсатди.

Бу эътирофлар шундан далолат берадики, янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар бугун мамлакатимиз ички тараққиётининг муҳим омили бўлиб қолмай, халқаро ҳуқуқий ҳамжамият, туркий давлатлар ва нуфузли ташкилотлар томонидан ҳам катта қизиқиш ва ҳурмат билан қабул қилинмоқда. Зеро, ислоҳотнинг энг катта кучи унинг инсон ҳаётида, жамият тафаккурида ва халқаро майдонда уйғотган ишончи билан ўлчанади.

Давлат қудратининг асоси

Бугунги дунёда давлатларнинг нуфузи фақат иқтисодий кўрсаткичлар, геосиёсий имкониятлар ёки ташқи сиёсий фаоллик билан ўлчанмайди. Ҳар бир давлатнинг ҳақиқий қудрати, аввало, унинг қонун устуворлигига садоқати, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш салоҳияти, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш даражаси ва адолатни ҳаётда амалий қадриятга айлантира олиши билан белгиланади. Чунки адолат бор жойда ишонч бўлади, ишонч бор жойда барқарорлик юзага келади. Барқарорлик бор жойда эса тараққиёт, фаровонлик ва инсоннинг эртанги кунга умиди мустаҳкамланади. Конституциявий суд фаолиятининг моҳияти ҳам айнан давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасида мувозанатни сақлаш ва қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигини таъминлаш орқали ушбу барқарорликни ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлашдан иборат.

Президентимиз раҳбарлигида янги Ўзбекистон ўз тараққиётининг мутлақо янги, мазмунан теран ва тарихий босқичига қадам қўйди. Бугун мамлакатимиз очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсати орқали халқаро майдонда ишончли ҳамкор, ташаббускор давлат ва минтақавий мулоқот маркази сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Энг муҳими, давлат сиёсатининг марказига умумий шиорлар эмас, балки инсон, унинг қадри, ҳуқуқлари, эркинликлари ва адолатга бўлган ишончи қўйилмоқда.

Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг энг муҳим фалсафаси ҳам шунда: давлат инсон учун хизмат қилиши, қонун инсонни ҳимоя қилиши, суд эса инсон учун адолатни амалда қарор топтириши керак. Бу оддий ғоя эмас. Бу бугунги миллий тараққиётимизнинг маънавий-сиёсий таянчи, ҳуқуқий давлат қуриш йўлидаги энг муҳим мезон, халқчил ислоҳотларнинг ҳаётий мазмунидир. Шу маънода, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар янги Ўзбекистондаги янгиланишларнинг стратегик йўналишларидан бирига айланди. Зеро, судга ишонч давлатга ишончдир, қонунга ишонч келажакка ишончдир, адолатга ишонч эса жамиятнинг маънавий бирлиги, сиёсий барқарорлиги ва тараққиётга ишончининг энг мустаҳкам асосидир.

Бугун мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, судьялар дахлсизлигини кафолатлаш, суд ишларини юритишда очиқлик ва шаффофликни кучайтириш, фуқароларнинг одил судловга ишончини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бу жараёнда суд мустақиллиги фақат ҳуқуқий норма сифатида эмас, балки демократик давлатчиликнинг ҳаётий шарти, инсон ҳуқуқларининг энг муҳим кафолати ва жамиятда адолатни таъминлашнинг бош механизми сифатида намоён бўлмоқда. Ушбу механизмнинг узлуксиз ишлашида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг конституциявийлигини назорат қилувчи Конституциявий суднинг роли муҳим.

Глобаллашув шароитида конституциявий одил судлов

Бугунги глобал давр суд ҳокимияти олдига мутлақо янги талабларни қўймоқда. Рақамлаштириш, сунъий интеллект, трансчегаравий муносабатлар, глобал ҳуқуқий жараёнлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги мезонлари суд тизимидан янада юқори масъулият, чуқур билим, холислик ва замонавий ёндашувларни талаб этмоқда. Бундай шароитда суд ҳокимияти фақат низоларни ҳал этувчи тизим эмас. У Конституция ва қонун устуворлигини таъминловчи, инсон ҳуқуқларини амалда ҳимоя қилувчи, давлат ва жамият ўртасида ишончни мустаҳкамловчи муҳим конституциявий ҳокимият тармоғидир.

Конституциявий нуқтаи назардан қараганда, суд мустақиллиги масаласи фақат суд тизимининг ички ташкилий масаласи эмас. У Конституция устуворлиги, инсон ҳуқуқларининг реал ҳимояси, давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасидаги ҳуқуқий мувозанат ва жамиятнинг қонунга бўлган ишончи билан бевосита боғлиқ стратегик масаладир. Суд мустақиллиги қанчалик мустаҳкам бўлса, Конституция устуворлиги шунчалик ҳаётий бўлади. Конституция устуворлиги ҳаётий бўлса, инсон ҳуқуқлари шунчалик ишончли ҳимоя қилинади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида мустаҳкамлангани барча соҳалардаги ислоҳотларга, хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришларга чуқур конституциявий мазмун бағишламоқда. Бу янги даврнинг янги ҳуқуқий руҳи, инсон қадрини юксалтиришга қаратилган давлат сиёсатининг олий ифодасидир.

Шу ўринда буюк аждодларимиз меросига мурожаат қилиш ҳам табиий. Чунки адолат, қонунга ҳурмат, давлат ва жамият ўртасидаги ишонч ғоялари халқимиз давлатчилик тафаккурида азалдан марказий ўрин эгаллаб келган. Миллий давлатчилик тарихимизда адолат давлатнинг безаги эмас, унинг қудрати ва барқарорлигини таъминловчи асос сифатида қаралган.

Буюк мутафаккир Абу Наср Форобий ўзининг фозил жамият ҳақидаги қарашларида давлатни фақат ҳокимият воситаси сифатида эмас, балки инсон камолоти, маънавий етуклик ва умумий фаровонликка хизмат қиладиган ижтимоий тизим сифатида талқин этади. Форобий таълимотида жамиятнинг барқарорлиги билим, ахлоқ, адолат ва оқилона бошқарув билан чамбарчас боғлиқ. Бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳам айнан шу маънода инсон камолоти, ҳуқуқий онг, қонунга ҳурмат ва адолатли бошқарув маданиятини шакллантиради.

Бу жиҳатдан қараганда, янги Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари замонавий ҳуқуқий эҳтиёжлар билан бирга халқимиз давлатчилик меросидаги энг эзгу ғояларнинг амалий давомидир. Фозил жамият ҳақидаги қарашлар бугун адолатли жамият, инсон қадри, ҳуқуқий давлат ва қонун устуворлиги тушунчалари орқали янги тарихий мазмун касб этмоқда. Конституциявий суд фаолияти эса ушбу тарихий анъаналарни замонавий конституционализм принциплари билан уйғунлаштириш орқали фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари дахлсизлигини кафолатлашга хизмат қилади.

Судьялар кенгашлари ва суд ҳокимияти мустақиллигининг амалий кафолатлари

Самарқанддаги нуфузли халқаро анжуманнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашда Судьялар кенгашлари институтининг ўрнини янада равшан кўрсатди. Бундай тузилмалар замонавий ҳуқуқий давлатда судьялар корпусини шакллантириш, судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлашда холисликни таъминлаш, судьялик касбининг нуфузини ошириш, касбий масъулият ва одоб мезонларини мустаҳкамлашда муҳим кафолат вазифасини бажаради.

Судьялар кенгашларига фақат кадрлар масаласи билан шуғулланувчи орган сифатида қараш тўғри бўлмайди. Улар, аввало, суд ҳокимияти мустақиллигининг амалий кафолати, одил судлов сифатига хизмат қилувчи ҳуқуқий механизм ва жамиятнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамловчи муҳим тузилмадир. Судья мустақиллигини таъминлаш судьянинг шахсий мақомини ҳимоя қилиш билангина чекланмайди. Бу инсоннинг адолатли судга бўлган ҳуқуқини, жамиятнинг қонунга ишончини ва давлатнинг ҳуқуқий табиатини ҳимоя қилиш демакдир.

Европа ва Осиё мамлакатлари, туркий давлатлар амалиёти ҳам шуни кўрсатадики, судьялар кенгашлари суд ҳокимиятини турли таъсирлардан ҳимоя қилиш, судьяларнинг касбий салоҳиятини ошириш, одил судлов сифати ва жамоатчилик ишончини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу боис, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Судьялар кенгашлари ўртасидаги ҳамкорлик фақат касбий мулоқот эмас. Бу умумий ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш, суд мустақиллиги бўйича муштарак ёндашувларни шакллантириш ва адолат ғоясини туркий дунё ҳуқуқий маконида янада мустаҳкамлашга қаратилган стратегик йўналишдир.

Самарқандда бўлиб ўтган мулоқот ана шу нуқтаи назардан туркий давлатлар суд-ҳуқуқ соҳаси вакиллари учун муҳим амалий майдон бўлди. Унда судьялик мақоми, судьялар одоби, одил судлов сифати, суд ҳокимияти мустақиллиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби масалалар туркий дунё ҳуқуқий тараққиётининг умумий кун тартиби сифатида намоён бўлди. Бу эса туркий давлатлар ўртасида ўзаро ишонч, тенг ҳуқуқли шериклик ва амалий ҳамкорлик муҳити янада мустаҳкамланаётганини кўрсатади.

Рақамлаштириш ва инновациялар афзаллиги

Туркий давлатларни умумий тарих, муштарак тил, маданият, маънавий яқинлик ва эзгу анъаналар бирлаштириб туради. Бироқ бугунги даврда бизни фақат тарихий хотира эмас, балки келажак учун умумий масъулият ҳам бирлаштирмоқда. Туркий дунёда ҳамкорлик эндиликда фақат маданий-маънавий яқинлик билан чекланмай, рақамлаштириш, сунъий интеллект, ақлли бошқарув, инновацион ривожланиш ва инсон манфаатларига хизмат қилувчи рақамли ечимлар каби замонавий тараққиёт йўналишлари билан узвий боғланмоқда. Бу борада Президентимиз раҳбарлигида янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳам умумий тараққиёт руҳи билан тўла ҳамоҳангдир. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 18 декабрдаги  “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони Конституциявий суд фаолиятини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш, суд фаолиятининг очиқлиги, тезкорлиги ва натижадорлигини ошириш йўлида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур фармон доирасида Конституциявий суд фаолияти самарадорлигини ошириш, конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш, конституциявий суд ишларини юритиш жараёнини рақамлаштириш, шунингдек, зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар ва замонавий инфратузилмани шакллантириш масалалари белгилангани давлатимиз раҳбарининг суд-ҳуқуқ соҳасини, хусусан, конституциявий одил судлов тизимини янги тараққиёт босқичига олиб чиқиш борасидаги қатъий сиёсий иродасини яққол намоён этади.

Фармоннинг аҳамияти шундаки, у Конституциявий судни фақат конституциявий назорат органи сифатида эмас, балки рақамли даврда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий конституциявий кафолатларини шакллантирувчи муҳим ҳуқуқий институт сифатида янада фаоллаштиришга хизмат қилади. Демак, янги Ўзбекистонда конституциявий одил судлов замонавий технологик тараққиёт билан уйғунлашмоқда, суд тизими эса инсон манфаатларига янада яқинлашмоқда. Бундан ташқари, Конституциявий суд амалиётига сунъий интеллект элементларининг жорий этилиши норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг конституциявийлигини текширишда таҳлил тезкорлиги ва юқори аниқликни таъминлаш имконини бермоқда.

Судьялик одоби принциплари

Судьялик одоби масаласи ҳам ҳар бир ҳуқуқий давлат учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки судья одоби фақат касбий хулқ-атвор қоидалари эмас. Бу судьянинг жамият олдидаги масъулияти, унинг холислиги, вазминлиги, поклиги, инсон тақдирига ҳурмати ва адолатга садоқатини ифода этувчи муҳим маънавий-ҳуқуқий мезондир. Судьянинг билими, тажрибаси ва ҳуқуқий тафаккури қанчалик юқори бўлмасин, унинг фаолиятида холислик, поклик, масъулият, инсон тақдирига ҳурмат ва қонунга садоқат бўлмаса, одил судловнинг ҳақиқий мазмуни тўлиқ намоён бўлмайди. Шу боис, судьялик одоби, судья мустақиллиги ва одил судлов сифати бир-биридан ажралмас тушунчалардир. Бу уч мезон уйғун бўлган жойда судга ишонч мустаҳкам бўлади, қонун устуворлиги таъминланади, инсон қадри амалда рўёбга чиқади. Самарқанд мулоқоти айнан шу муҳим ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади.

Дарҳақиқат, Самарқандда бўлиб ўтган мазкур нуфузли йиғилиш якунлари бўйича Судьялар одобининг умумий принциплари тўғрисидаги ўзаро англашув меморандуми қабул қилингани анжуманнинг амалий аҳамиятини янада оширди. Ушбу ҳужжатда туркий давлатларнинг миллий ҳуқуқий анъаналари, судьялик касбининг юксак мақоми ва халқаро стандартлар инобатга олинган ҳолда судьяларнинг хулқ-атвор мезонлари белгилангани, энг аввало, суд ҳокимиятига бўлган жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу меморандум туркий давлатлар суд-ҳуқуқ ҳамкорлиги фақат тажриба алмашиш ёки расмий мулоқот билан чекланиб қолмаётганини, аксинча, адолат, холислик, поклик, масъулият ва инсон тақдирига ҳурмат каби умумий қадриятларни амалий ҳужжатлар орқали мустаҳкамлаш босқичига кўтарилаётганини яққол намоён этади. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳам ўз қарорларида доимий равишда судьялар мустақиллиги ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиниши одил судловнинг ажралмас элементи эканлигига эътибор қаратиб келади.

Умумий интилишлар ифодаси

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг туркий дунё конституциявий юрисдикциялари билан ҳамкорлиги ҳам изчил ва мазмунан бойиб бормоқда. Туркий дунё конституциявий юрисдикциялари конференцияси — ТУРК-АЙ туркий давлатлар конституциявий одил судлови тарихида муҳим воқеа бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ушбу тузилманинг таъсисчи аъзоларидан бири ҳисобланади.

ТУРК-АЙ доирасидаги ҳамкорлик конституциявий назорат соҳасида илғор тажрибаларни ўрганиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда туркий давлатлар ўртасида умумий ҳуқуқий тафаккур ва ўзаро ишонч муҳитини ривожлантириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда. Бу платформа туркий давлатлар конституциявий юрисдикциялари ўртасидаги ҳамкорликни мазмунан бойитиш, илғор ҳуқуқий тажрибаларни ўрганиш ва конституциявий одил судловнинг умумий қадриятларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясига раислик қилаётгани янги Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқий майдондаги нуфузи, ташаббускорлиги ва конституциявий ислоҳотлар борасидаги амалий натижаларига берилган юксак эътирофдир. Мазкур Ассоциация 22 та давлатнинг конституциявий юрисдикция органларини бирлаштирган нуфузли тузилма сифатида Осиё минтақасида конституциявий одил судлов, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, суд ­мустақиллиги ва қонун устуворлиги соҳаларида амалий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Ушбу раислик, аввало, Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган инсон қадри, Конституция устуворлиги ва адолатли жамият ғояларига асосланган ислоҳотларни Осиё миқёсида кенг намоён этиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг ҳуқуқий давлатчилик соҳасидаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу раислик Ўзбекистон учун фақат халқаро мақом ёки ташкилий масъулият эмас. Бу мамлакатимизда кечаётган конституциявий ислоҳотларнинг халқаро эътирофи, янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий давлатчилик соҳасидаги юксалаётган салоҳияти ва Конституциявий суднинг минтақавий ҳамда қитъавий ҳуқуқий мулоқотдаги фаол ўрнининг амалий тасдиғидир.

Айниқса, жорий йил октябрь ойида ўтказилиши режалаштирилаётган Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг VII Конгресси доирасида рақамлаштириш ва сунъий интеллект шароитида конституциявий адолат, судья мустақиллиги, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлашнинг замонавий конституциявий кафолатлари каби долзарб масалаларни муҳокама қилиш назарда тутилгани мамлакатимиз Конституциявий судининг халқаро ҳуқуқий мулоқотдаги фаол ўрнини яна бир бор тасдиқлайди. Бу ­Кон­гресс нафақат навбатдаги халқаро тадбир, балки янги Ўзбекистоннинг конституциявий ислоҳотлар борасидаги амалий натижаларини, рақамли даврда одил судловга ёндашувини ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги замонавий қарашларини халқаро майдонда намоён этадиган муҳим сиёсий-ҳуқуқий платформа бўлади.

Шу нуқтаи назардан, Самарқандда бўлиб ўтган анжуман, ТУРК-АЙ доирасидаги ҳамкорлик, Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясидаги раислик ва VII Конгрессга тайёргарлик ягона мантиқий занжирни ташкил этади. Бу занжирнинг марказида эса инсон учун адолат, Конституция устуворлиги, суд мустақиллиги, қонунга ҳурмат ва янги Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқий нуфузини янада юксалтириш каби эзгу мақсадлар турибди. Конституциявий суднинг ушбу халқаро жараёнлардаги бевосита масъулияти давлатнинг халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларини бажаришдаги муҳим қадами сифатида баҳоланиши лозим.

Бугун Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқий майдондаги фаоллиги фақат иштирок этиш билан чекланиб қолаётгани йўқ. Мамлакатимиз ташаббус кўрсатмоқда, йирик халқаро анжуманларнинг мазмуни ва кун тартибини шакллантирмоқда, миллий ислоҳотлар тажрибасини жаҳон ҳуқуқий ҳамжамиятига олиб чиқмоқда. Энг муҳими, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларимиз умум­инсоний ҳуқуқий тараққиёт ғоялари билан уйғунлашиб, янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги сиёсий нуфузи, ҳуқуқий салоҳияти ва ислоҳотчилик иродасини янада яққол намоён этмоқда.  Ушбу асосларнинг барқарорлиги бевосита Конституциявий суд томонидан таъминланадиган конституциявий назорат ва қонунийлик муҳити билан мустаҳкамланади.

Хулоса қилиб айтганда, Самарқандда бўлиб ўтган мазкур нуфузли анжуман янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг халқаро эътирофи, туркий давлатлар ўртасидаги ҳуқуқий ҳамкорликнинг янги босқичи ва конституциявий одил судлов соҳасидаги умумий интилишларнинг амалий ифодаси бўлди.

Бугун мамлакатимизда адолат давлат сиёсатининг марказий мезонига, инсон қадри ислоҳотларнинг бош мақсадига, Конституция устуворлиги эса ҳуқуқий тараққиётнинг мустаҳкам пойдеворига айланмоқда.

Энг муҳими, бу жараёнларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётий кучини, сиёсий иродасини ва халқчил моҳиятини яна бир бор яққол намоён этади. Зеро, адолатли давлат, мустақил суд, кучли Конституция ва инсон қадрини улуғлаган жамият — янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим ҳуқуқий ва маънавий асосидир. Ушбу асосларнинг барқарорлиги бевосита Конституциявий суд томонидан таъминланадиган конституциявий назорат ва қонунийлик муҳити билан кафолатланади.

Мирзо-Улуғбек АБДУСАЛОМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист