Бугунги кунда халқимизни, айниқса, ёшларимизнинг дунёқарашини ўзгартириш дейсизми, адашган гуруҳларга кириб қолганларни тўғри йўлга солишдан тортиб коррупцион жиноятларнинг олдини олишда нотиқлик санъатининг роли жуда аҳамиятли бўлмоқда. Нотиқлик санъати халқ билан бевосита ишлайдиган барча тизим вакиллари, шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари учун ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир.
Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси Маънавий – маърифий ишлар ҳамда кадрлар билан таъминлаш хизмати томонидан кўпгина ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, вилоятда меҳнат қилиб қилаётган билимга чанқоқ ички ишлар ходимлари ичидан энг кучлилари сараланиб, «Ёш лидерлар» гуруҳи ташкил этилди. Мазкур гуруҳ ходимлари ўртасида, куни кеча, «Нотиқлик санъати» мавзусида баҳс ва мунозараларга бой тренинг бўлиб ўтди.
Бундай тренинг ва мусобақаларни ташкиллашдан мақсад, ички ишлар ходимларида мулоқот ва муомала маданиятини ривожлантириш, китоб мутолааси, китобсеварликка чорлаш, фаол ходимлар сафини кенгайтириш, ҳар бир ходимда нутқ маҳорати ва нотиқлик санъатини такомиллаштириш, фуқаролар билан мулоқотда қонунийлик ва хушмуомалаликни таъминлаш, мантиқий мушоҳада юритиш ва янгича фикрлаш тарзини шакллантиришдан иборатдир.
Ташкил этилган тадбир давомида ходимларнинг маҳорати тажрибали нотиқлар томонидан синовдан ўтказилиб, бу борада керакли тушунча ва йўриқномалар берилди. Беллашув тарзида ўтказиб келинаётган бу каби тренинглар ички ишлар органлари ходимларининг янгича имижини шакллантиришда ўзгача ёндашув бўлиши шубҳасиз.
Умуман олганда, Наманган ИИБда фаолият олиб бораётган ёш ходимлар ўртасида тизимга оид кўплаб янгиликлар, ғоялар ва фикрлар етарлича. Бу ғояларни амалда татбиқ этиб, ривожлантиришимиз учун куну- тун меҳнат қилишга тайёрмиз.
Мираббосхон Миржалолхонович,
Наманган вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар
ҳамда кадрлар билан ишлаш
хизмати бошлиғининг ўринбосари, подполковник.