Британия музейи директори доктор Хартвиг Фишернинг сўзларига кўра, сўнгги ўн йил ичида Британия музейи Ироқ, Афғонистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга 2 500 дан ортиқ буюмларни қайтаришга ёрдам берган. Масалан, 2017 йилда. Британия музейи Бухородаги Чашмаи-Аюб мақбарасидан ўғирланган кошинларни аниқлаш ва муваффақиятли олиб келишда ёрдам берган. Ўзбекистон тергов органлари томонидан текширув ўтказилганидан сўнг, ушбу ўғирликда иштирок этган шахслар жазоланди. Ҳозирда ушбу кошин Тошкентдаги Давлат санъат музейида сақланяпти.

Афсуски, шу йилнинг январь ойида Лондон Хитроу аэропортида эпиграфик сирланган кошинлар партияси қўлга олинганлиги ҳақида яна бир ҳолат қайд этилди. Қўшимча ҳужжатларда улар Шаржада 315 дирҳамга сотиб олинганлиги ва сотиш учун мўлжалланганлиги билдирилган. Кошинлар Буюк Британия чегара хизмати вакиллари томонидан қўлга олиниб, уларнинг ҳақиқий ёши, келиб чиққан мамлакатига аниқлик киритиш мақсадида Британия музейига мурожаат қилинган.

CОVID-19 карантин ҳолатига қарамай, Британия музейида дунёнинг етти мамлакати олимлари билан маслаҳатлашув кенгаши ташкил қилди. Ўзаро кенгашдан сўнг кошинлар ХIII аср охири - ХIV аср ўрталарига оидлиги ҳамда Самарқанддаги Шоҳи-Зинда ёдгорлик мажмуасига тегишли эканлиги аниқланди. Шоҳи-Зинда ёдгорлик мажмуасида бир неча бор хусусан 1996, 2000 ва 2004 йилларда археологик қазиш ва тиклаш ишлари амалга оширилган.

2004 йилдаги ишлар давомида илгари мажмуада мавжуд бўлган бинолардан ҳам, сақланиб қолган ёдгорлик иншоотларидан ҳам меъморий безакларнинг кўп сонли қисмлари топилган. Топилган парчалар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институтига, Самарқанд шаҳар тарихий-маданий ва меъморий музей-қўриқхонасига, Самарқанд шаҳри тарихи музейи жамғармаларига ўтказилган.

Ушбу ишлар давомида илгари мажмуада мавжуд бўлган бинолардан ҳам, сақланиб қолган ёдгорлик иншоотларидан ҳам меъморий безакларнинг кўп сонли қисмлари топилган. Топилган парчалар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институтига, Самарқанд шаҳар тарихий-маданий ва меъморий музей-қўриқхонасига, Самарқанд шаҳридаги тарих музейи жамғармаларига ўтказилган.

Ушбу далиллар келтирилгач, кошинларни импорт қилувчи эгалик ҳуқуқини талаб қилмади. Кошинлар мусодара қилинди ва кейинчалик Ўзбекистонга репатриация қилиш учун Британия музейига топширилди.

Маданият вазирлиги расмий мурожаат олгандан сўнг, Маданий мерос бўлимидаги ўзбекистонлик олимлар билан биргаликда ушбу кошинларнинг келиб чиқишини аниқ жойларда ўрганишни бошлади. Кошинларнинг маълум бир ёдгорликка тегишлилигини аниқлаш учун Самарқандга борадиган ишчи гуруҳ ташкил этилди. Тадқиқотлар давомида кошинлар Хўжа Аҳмад мақбараси (XIV асрнинг иккинчи ярми), номаълум мақбара (1360/61) меъморий безакларига услубий яқинлиги аниқланди, аммо меъморий ёдгорликлардан безак парчаларининг кошинлар билан тўлиқ мос келиши ҳозирча аниқланмади. Айни пайтда кошинларнинг маълум бир меъморий ёдгорликка тегишли эканлигини аниқлаш бўйича ишлар давом этмоқда.

Маданият вазирлиги ушбу кошинларни 2020 йил декабрь ойида Британия музейида намойиш этишга рози бўлди. Яқинда Британия музейи ҳам Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан Ўзбекистондан ўғирланган ёки сотилган экспонатларни аниқлаш ҳамда улар юзасидан маслаҳат бериш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзолади, деб хабар беради Маданият вазирлиги матбуот хизмати.