Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2020 йил 28 декабрдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимини жорий этиш тўғрисида”ги қўшма қарорининг 1-бандига асосан умумтаълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи 0,5 штат бирлиги жорий этилган. Бугунги кунда Республика бўйича ўн минг нафардан ортиқ тарғиботчилар фаолият юритиб келмоқда.

Мазкур қўшма қарорда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчининг асосий вазифалари белгилаб берилган бўлса-да, ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг фаолият йўналишларини аниқ белгилаб берувчи қўлланмага эҳтиёж сезилмоқда. Бу борада ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларнинг ўзлари томонидан ҳам таклифлар билдирилмоқда.

Ушбу муаммонинг ечими сифатида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан жорий йил 22-23 ноябрь кунлари соҳа мутахассислари иштирокида амалий-семинар-тренинг ўтказилиши ва унинг натижасига кўра, билдирилган таклиф-мулоҳазаларни инобатга олиб, соҳа мутахассислари учун қўлланма тайёрлаш режалаштирилмоқда.

Мазкур соҳани тубдан ривожлантириш, тизимли ёндашув йўлга қўйиш, маънавий-маърифий жараёнларни ташкил этишда яхлит тизим шакллантириш мақсадида ташкилий-амалий ва илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда, “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғоясини кенг тарғиб этиш, жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни тарғибот-ташвиқот қилиш, оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлашда илмий асосланган ёндашувлар, соҳа бўйича илмий ва услубий қўлланмалар яратилмоқда.

Мазкур ишларни ягона бир тизимга келтириб, соҳа мутахассислари учун услубий қўлланма яратиш бугуннинг долзарб масаласи бўлиб турибди.

Шу муносабатдан, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Халқ таълими вазирлиги ва Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилаётган семинар-тренингда аввало соҳа мутахассислари томонидан ҳудудлардан келган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларга маҳорат дарслари, маърузалар, тақдимотлар уюштирилади. Семинар-тренинг якунида иштирокчиларнинг билдирган фикрларини инобатга олиб ўқув-услубий қўлланма тайёрланади ва жойларда худди шунда семинар-тренинглар ташкил этилади. Қисқа муддат ичида республикада фаолият юритаётган ўн минг нафардан ортиқ ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар ҳам семинар-тренингларда иштирок этишади ҳам ўқув-услубий қўлланмага эга бўлишади.

Азиза Шарофиддинова,

Тошкент шаҳар Шайхонтохур туманидаги 40-мактаб ўқувчиси.