“Олтин мерос пресс” нашриётида чоп этилган мазкур китобдан Мансур Жумаевнинг 150 дан ортиқ шеъри, Туркия, Эрон ва Вьетнамнинг таниқли шоирлари – Ўмер Живано, Аҳмад Шомлу ва Май Ван Фаннинг ижод намуналаридан таржималар, шунингдек, унинг турмуш ўртоғи Шоҳсанам Нишонованинг 50 дан зиёд шеъри, Туркиянинг машҳур адиблари Бистомий ва Ниҳат Солмон ижодидан ўзбек тилига ўгирган шеърий гулдасталар ўрин олган.   

– Истеъдодли ижодкорлар ўз ҳис-туйғулари ва кўнглидаги гўзал кечинмаларни бошқаларнинг қалбига етказишни ўзининг муқаддас бурчи, деб билишади. “Иккимизнинг эртакларимиз”даги шеърлар ҳар иккала муаллифнинг чин шоир сифатида ўзининг ана шу инсоний бурчини ҳалол адо этгани, улар ҳар бир сўзини ўқувчиларга катта масъулият билан тақдим қилганини намоён қилади. Бу шеърларда одамни ўзини ўзига танитадиган ва бошқаларни тушунишни ўргатадиган қутлуғ дард бор, – дейди адабиётшунос олим Абдулла Улуғов. – Мансур Жумаевнинг сурати
ва сийратида сўфиёна хокисорликнинг ҳақиқий намунаси мужассам эди. Китобдаги хорижлик шоирларнинг сара шеърларидан қилинган таржималар ҳам ўзининг мукаммаллиги билан ажралиб туради.

Хокисор ва камтар муаллифларнинг шеърлари ўзининг теран мазмуни, оҳорли ташбеҳлари, ёшликка хос шижоат ҳиссига тўла оҳанглари, мавзуга кутилмаган бўлакча журъат ва жасорат ила ёндашгани билан қалбга ажиб ёрқинлик олиб киради.

– Шоҳсанам Нишонованинг ижоди билан анчадан буён яқиндан танишман. Унинг ёзганларини ўқир экансиз, қалбдаги мудроқ туйғуларга, сўлғин, бемажол ҳисларга беихтиёр жон киради, ҳаёт синовларида тобланган, мудом мушоҳада қилиб яшаётган кучли аёлнинг ғайрат-шижоатга тўлган мардона ва теран овози янграйди, – дейди иқтидорли шоира Меҳриноз Аббосова. – Шоиранинг “Бахт”, “Азизим”, “Инсоният маҳалласи”, “Абдулла Қодирийга”, “Виждон ҳайқириғи”, “Қишлоққа қайтиб” каби шеърларида акс этган оламда юз бераётган ҳар бир воқеа-ҳодисага нисбатан чексиз ҳайратни, фикрлаётган идрокдаги тадрижий ўзгаришларни, бошқаларникига ўхшамайдиган жозибадор ва таъсирли сўз воситаларини пайқамаслик мумкин эмас.

Ҳар икки муаллифнинг ҳам шеърларидаги маъно-мазмун кўламининг кенглиги, улардаги кутилмаган қофиялару шу пайтгача ҳеч ким қўлламаган оҳорли, тоза ташбеҳлар, ўтлиқ сатрлар шоир ва шоиранинг ишқ ичра асир эканидан, бир-бирига бўлган адоқсиз муҳаббатидан огоҳ этади.

– Гарчи Мансур Жумаев фоний дунёдан эрта ўтган бўлса-да, ундан жуда катта адабий мерос, маънавий ганжина, адабиёт майдонида баланд сўзи ва ёрқин изи қолди. Шоҳсанам эса бу бой хазинани кўз қорачиғидай асраб-авайлаб, маънан қувватлаб-бойитиб, элимизга армуғон этиш ва сўз санъатига садоқатдек юксак миссияни жуда катта эҳтиром билан адо этиб келмоқда, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Лазиз Раҳматов. – “Қанот” лойиҳаси доирасида ҳар иккала муаллифнинг ижодига бағишланган 300га яқин тақриз, энг сара видео ва аудио шеър жамланди, Мансуржон таҳсил олган  мактабда алоҳида стипендия жорий этилди. Бундан ташқари, бугунги кунда Қашқадарё вилоятининг кўплаб туманлари мактабларига унинг китоблари туҳфа қилинмоқда.

Муаллифларнинг янги нашри кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олингани “Иккимизнинг эртакларимиз” минг-минглаб китобсеварларнинг севимли тўпламига айланишидан дарак беради.

Маълумот учун: Мансур Жумаев 1991 йил 17 февралда Қашқадарё вилояти Миришкор туманидан туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетини тамомлаган. “Оқ орзуларим”, “Ҳайрат қўшиқлари”, “Ҳазрати ишқ” ва “Биз кутган фасл” китоблари нашр этилган.

Шоҳсанам Нишонова 1995 йил Фарғона вилояти Қува туманида таваллуд топган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида таҳсил олган. “Иқрор” шеърий тўплами чоп қилинган.

Ҳар икки муаллифнинг ҳам шеърлари турк, озарбайжон, қозоқ, тожик, рус ва инглиз тилларига таржима қилинган.