Болалигимизда “мушт кетди” деган ўйинимиз бўларди. Маҳалла болалари бир қаторга тизилиб ўтирардик. Ёши каттароқ, донороғимиз бошловчилик қилар, қаторда биринчи ўтирган боланинг қулоғига шивирлаб бир сўз айтарди. У бола эшитган сўзини ёнидаги ўртоғининг қулоғига шивирлар, ўртоғи ўртоғига айтиб, ўн-ўн беш тилдан ўтгач, охирги бола эшитган сўзини овоз чиқариб айтарди. Бу сўз одатда бошловчи айтганидан тамоман бошқа сўз бўларди. Аслида тошбақа бўлса, охирида мошкичирига айланарди. Маза қилиб кулишардик. Бошловчи ким нима эшитгани, қўшнисига нима деганини бирма-бир сўраб чиқарди. Тошбақанинг қай йўсин мошкичирига айлангани маълум бўларди. Тошбақа — бошқача бўлиб, бошқача мошқачага айланиб, у ҳам мош қанча шаклини олиб, яна уч-тўрт юмалаб мошкичири бўлгани ажиб ҳангома эди.
Ўйласам, сўз оламининг эврилишлари улкан “мушт кетди” ўйини экан. Ҳар калима минглар, миллионлар тилидан ўтиб, баъзан аслиятга мутлақо алоқасиз сўзлар пайдо бўларкан. Биз эса шаҳру қишлоқларимиз, минг хил ашёларимиз, дарахту кўкатларимиз номини танимай, асли нима эди деб юрар эканмиз. Қўқон — хўк — тўнғизга кон бўлган, Форишнинг номи Париж, Паркент аслида Парикент эди, дея тахминлар қиламиз. Форишга қўшиб Фарғонадаги Боғдод, Самарқанд яқинидаги Мотритга соҳибқирон бобомиз ном берган. Париж, Мадрид, Бағдод шаҳарлари номи билан қишлоқларни атаган, дея ривоят тўқиймиз. Ҳақиқат эса тилсим қулфлик сирлар сандиғи ичида яширин, уни аниқлашдан кўра, тошбақанинг мошкичирига айланганини билиш осонроқ экан.
Бундай ҳол фақат бизларда эмас, дунёнинг барча тилларида бор. Жуда кўп мамлакатлар, элу элатларнинг номи қандай маънони англатиши, аслида қандай аталгани номаълум. Биз ўзимиз ҳам ўзбек деган номимиз қачондан бери мавжуд, асл маъноси нималигини тахмин қиламиз, холос. Ҳар янги топилган ҳужжат шаҳарларимиз ёшини улғайтириб боргани каби ҳар янги археологик кашфиёт тарихимиз тўғрисида янги фаразни яратади.
Дейдиларки, халқ ва мамлакат исмининг мазмунини бошқа тиллардан ахтариш даркор. Негаки ном халқнинг ўзига эмас, яқин ва узоқ қўшниларга керак. Уларни бошқалардан фарқлаш учун керак. Араблар бошқа ҳамма халқларни ажам деганлар, ҳиндлар учун ўзидан бошқа барча хуросоний бўлган. Тошкентлик ҳам тошкентлик бўлмаганларни анди атаган. “Ўткан кунлар”да бу тўпори одат ёрқин бадиий ифодасини топган.
Биз ўз миллатимиз номини ўзбек деймиз ва ўзига бек бўлган халқ дея талқин қиламиз. Қозоқлар, ўзбек — ўз оғам, дейди. Бу ҳикматли сўз ўзбеклар ҳам қадимда кўчманчи чорвадор халқ бўлгани, қозоқ билан ёндош поёнсиз яйловларда от сургани учун айтилган бўлса, ажабмас. Ҳазрат Навоий ўзбекни чўл фарзанди, бағрикенг, содда бир қавм шамойилида суйиб тасвир этган:
Ҳалол она сутидекдир гар ўзбаким тутса,
Тобук қилиб юкуниб тўстағон ичида қимиз.
Тобук қилиш — эгилиш, тавозе кўрсатиш дегани. Тўстағон — қимиз ичадиган коса. Бугун чойхўр дея ном чиқарган ўзбек, демакки, Навоий замонида қозоқ қардоши каби қимизхўр бўлган, қўшни халқнинг ўз оғаси бўлган. Қозоқ-чи? Унинг номи қандай пайдо бўлди? Мирзо Бобур ўзининг қувғинда юрган чоғларини қазоқ деган сўз билан баён этган: “Андижонга келгандан сўнг Али Дўстнинг атвори тамом ўзгача бўлди. Менинг била қазоқликларда ва меҳнатларда бўлғон кишилар била ёмон маош қилишга киришди”. Қазоқлик ва меҳнат — қочоқлик ва азоб-уқубат демакдир. Яна бир ўринда: “Тўлун Хожа отлиқ Бориннинг мардона ва саромад қазоқ йигитларидан эди...”, дейилган. Қазоқ бу ерда саҳро одами, кенгликларда юрган озод одам маъносида келган. Бу каби ном олган халқлар, қавмлар дунёда бор. Дон, Кубань казаклари ҳам қозоққа отдош бўлган. Қозоқнинг эрки ўз қўлида бўлганидек, казак ҳам волный казак дейилган. Поляк дала одами, саҳройи дегани. Қипчоқ даштидан Русияга таҳдид солган кўчманчи халқлар ҳам половецлар, яъни саҳройилар эди. Украина — чекка ер, ўзбек тилида айтсак, қир маъносини билдиради. Бу ўлкада яшаган гайдамаклар ўзимизнинг ҳайдамак сўзимиздан ном олган. Улар ҳам, Болқонда озодлик учун курашган гайдуклар ҳам қозоққа отдош десак бўлади. Руслар край деб атаган жами ерни қир десак, адашмаймиз. Айтаверсам, дунёнинг ярми қозоқ бўлиб чиқади.
Агар биров сизга Ўзбекистон, Қозоғистон, ўзбек ва қозоқлар тўхтаган станция деса, албатта, куласиз. Кулманг. Форсча истодан ва ситон, инглизча stand ва station, русча становиться ва стан (полевой стан, летний стан), француз тилидан русча орқали бизга етиб келган станция ва казаклар яшайдиган станица — бари бир ўзакдан чиққан. Стан — туриладиган ер,
село — ўтириладиган ер. Шу ўринда бир савол: остона сўзи ҳам ситон билан қариндошми? Ундай десак, дўстона, мардона, ошиқона деган сўзларимиз бор. Уларда ўзак дўст, мард, ошиқ бўлгани каби остонанинг ўзаги ост бўлиши керак. Ахир остона остимизда бўлади-ку! Мабодо сиз бу ишончли, мантиқли гапга хўп десангиз... янглишасиз. Шоир сўзи ёлғондир, деган қадимги ибора рост бўлиб чиқади. Остона ҳам ситон ўзагидан. Ситона ва остона бир сўз.
Остонани биз бўсаға деб ҳам атаймиз. Бўсаға қандай сўздан олинган? Бу саволга шоирона жавоб бундай:
Ўпмоққа қўлин бермади, остонани мен зор
Ўпдим, бўсаға бўсаға ном олмади бекор.
Яъни ёр қўлидан ўпмоққа борган ошиқ ниятига етолмай, ёр остонасини ўпиб қайтди. Бўсаға аслида бўса учун, бўсага, асл ўзбекча айтсак, бўсаға жой демакдир. Сиз бу лутфни тушунасиз ва шоирни ёлғончига чиқармайсиз, деб ишонаман. Бўсаға асли қандай сўздан олинган? Буни бизга олимларимиз айтсин.
Ситон сўзи аслида санскрит тилидан тарқалган, дейилади. Ҳозир ҳеч ким санскрит тилида гапирмайди. Бу каби умрини тугатган тиллар дунёда кўп. Улар минг-минглаб сўз ва атамаларни ўзи билан қабрга олиб кетган. Бизга сўз қандай шаклда етиб келган бўлса, шундай қабул қиламиз. Одамзодга аён бўлмаган ва аён бўлмас, биргина Тангри таолога маълум сирлар олами илми ғайб дейилади. Сўзнинг мўъжизавий дунёси ҳам инсон ақли етмас илми ғайбдир.
Эркин ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон халқ шоири