Президентимизнинг 2017 йил 15 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Навоий бўлими фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, Навоий вилоятида сезиларли ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, ҳудуднинг иқтисодиёт тармоқларини техник ва технологик жиҳатдан ривожлантириш, энергия ва ресурс-тежамкор технологияларни жорий этишга йўналтирилган инновацион ишланмалар яратилаётгани эътиборга молик. Фанлар академияси Навоий бўлими раиси, геология-минералогия фанлари доктори, профессор, «Содиқ хизматлари учун» медали соҳиби Абдураззоқ МИРЗАЕВ билан суҳбатимиз мамлакатимиз илмий салоҳияти, фан-техника ютуқлари, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси хусусида бўлди.
— Дунё давлатларининг ривожланиш тарихи ҳамда имкониятларини таҳлил қилганимизда, аксарият ҳолларда уларнинг иқтисодий тараққиётида хомашё базаси, ерусти ва ерости бойликларининг улуши 20, ишлаб чиқариш воситалариники 16, илмий салоҳият ҳиссаси 64 фоизни ташкил этишига амин бўлдик, — дейди Абдураззоқ Мирзаев. — Бунга мисол тариқасида Япониянинг иқтисодий ривожланишида илм-фаннинг ўрни, янги технологиялар салоҳиятини келтириш мумкин. Собиқ иттифоқ даврида 20 тонналик бульдозерлар Японияга экспорт қилинмоқда, деган маълумотлар ғурур билан айтилар эди, лекин ушбу техникалар эритилиб, янги истеъмол товарлари ишлаб чиқариш орқали юз баробар ва ундан кўпроқ фойда олиши ўша даврларда хаёлимизга ҳам келмаган. Айни пайтда Япония дунёдаги энг ривожланган инновацион технологиялар мамлакатидир.
Бундан кўриниб турибдики, ҳар қандай давлатнинг иқтисодий ривожланишида илм-фаннинг, яратиладиган ва ишлаб чиқаришда қўлланадиган янги технологияларнинг аҳамияти беқиёс.
Кейинги йилларда Ўзбекистон янги ривожланиш босқичига ўтгани ва бу жараёнда илм-фан ривожига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани эътироф этилмоқда. Албатта, бунга асос бор. Агар уч йил олдин мамлакатимиз аҳолисининг олий маълумотли фуқаролари 8 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 20 фоизга етди ва яқин йилларда 25 фоизданда ошишига эришилади.
Яна ғурур билан айтиш мумкинки, халқимизнинг саводхонлигини ошириш, ёшларнинг барча фанни мукаммал ўзлаштиришига кенг имконият яратиш, аждодларимиздан мерос қолган илмий мактабларни тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатлар чин маънодаги эътибор ва ғамхўрликдан далолат.
Фанлар академиясининг 2017 йили ташкил этилган Навоий бўлими ҳам ҳукуматимиз томонидан ҳудуддаги барча соҳага илмий ёндашиш, илмий ишланмалар натижаларини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ишлар маҳсулидир. Бўлим олимлари бугун нафақат вилоятдаги, балки республикамиздаги барча саноат корхоналари муаммолари ечимига йўналтирилган илмий тадқиқотлар билан шуғулланмоқда.
Тадқиқотлар натижадорлигини таъминлашда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ташкил этишга янгича ёндашувнинг фаол механизми сифатида Фанлар академияси тасарруфидаги илмий тадқиқот институтлари ҳамда ҳудуддаги барча ишлаб чиқариш ташкилотлари илмий-техник салоҳиятининг Идоралараро илмий техник кенгашга бирлаштирилиши муҳим аҳамиятга эга.
— Бўлимда амалда оширилаётган, тўғридан-тўғри иқтисодиётга йўналтирилаётган инновацион лойиҳалар ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Бугунги кунда республикамиздаги мавжуд конларнинг 50 фоизга яқини Навоий вилоятининг Қизилқум ва Нурота маъданли ҳудудида жойлашган. Қизилқум нафақат маъданли, балки номаъдан конларга ҳам бой бўлиб, улардан бири — Вауш доломит кони тўғрисида тўхталмоқчиман.
Доломит номаъдан фойдали қазилмаси кальций ва магнийнинг қўшалоқ карбонат тузи бўлиб, кимё, резинатехника саноати ва шиша ишлаб чиқаришда кенг қўлланади. Доломитда магнийнинг миқдори 21, магний карбонат тузи бўлган магнезитда 47 ҳамда бруситда 64 фоизни ташкил этади. Магнезит ва бруситда магний миқдори юқори бўлгани учун халқ хўжалигида кенг қўлланади.
Бугунги кунда республикамиз ҳудудида сифатли магнезит кони йўқлиги сабабли ҳар йили 10 миллион АҚШ долларидан кўпроқ валютага магнезит ва брусит импорт йўли билан сотиб олинади. Фанлар академиясининг Навоий бўлими ҳамда Умумий ва ноорганика кимёси институти олимлари ҳамкорликда Вауш кони доломитидан соф магний оксиди олиш технологиясини яратди.
Бу жараёнда лаборатория шароитида маҳаллий хомашёдан тайёрланган реагентлар ёрдамида бир ярим тонна доломитдан юз килограмм кукун ҳолидаги соф магний оксиди ва бир тонна тўрт юз килограмм соф кристалли калситнинг оппоқ рангли кукунини олишга эришилди.
Энди соф магний оксидидан кимёвий йўл билан магнезит ва брусит олиш имконияти яратилди. Бунда кимёвий реакция паст ҳароратли ва кислотасиз муҳитда ўтказилиб, технологик жараёнларда ишлатиладиган реагентлар бевосита республикамизда мавжудлиги муҳимдир. Бундан кўриниб турибдики, олимлар яратган технологиянинг қўлланиши чиқиндисиз, олинадиган маҳсулотлар юз фоиз халқ хўжалигида юқори талабга эга.
Ушбу кон ҳудудида доломитдан ташқари яна бошқа номаъдан фойдали қазилмалар - бентонит гили ва кварц қуми мавжудлиги коннинг инвестициявий жозибадорлигини оширади. Ушбу кондаги саноатда кенг қўлланадиган уч хил номаъдан фойдали қазилманинг бирга кетма-кет мавжудлиги ҳудудларда олиб бориладиган геология қидирув ишларини янгича ташкил этишга ундайди. Шу пайтгача олиб борилаётган геология қидирув ишларида ҳудудлардаги фақат муайян фойдали қазилмалар бўйича тадқиқот ўтказиш амалиётидан воз кечиш ҳамда янгича ёндашиш, яъни ҳудудларни комплекс ўрганиш, ҳаттоки қопловчи тоғ жинсларини ҳам халқ хўжалигида қўллаш имкониятларини чиқиндисиз янги технологияларни яратиш орқали ҳудуднинг иқтисодий самарадорлигини илмий асослаш керак.
Вауш конидаги доломит, бентонит гили ва кварц қумидан ҳар бирининг башоратланган захиралари 5–7 миллион тоннага тенг бўлиб, кон Навоий шаҳридан 23 километр узоқда жойлашган. Бентонит гили ҳам халқ хўжалигининг икки юздан ортиқ соҳасида қўлланса, кварц қуми шиша, ўтга чидамли ғишт ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади.
Кимё ва биология йўналишидаги илмий ташкилотларнинг истиқболли ишланмаларини тижоратлаштиришни ташкил этиш дастурига Фанлар академияси Навоий бўлими олимларининг «Вауш кони доломитини комплекс қайта ишлаш йўли билан магний оксиди (магнезит) олиш» номли инновацион ишланмаси киритилган. Айни пайтда Навоий бўлими олимлари томонидан кондаги нафақат доломит фойдали қазилмаси, балки бентонит гили ва кварц қумини ҳам ўрганиш ҳамда ушбу фойдали қазилмаларни комплекс қазиб олиш, қайта ишлаш ва бойитиш технологияларини яратишга йўналтирилган йўл харитаси тайёрланган.
— Бўлим олимларининг кварц қуми ва бентонит гилидан самарали фойдаланишга йўналтирилган инновацион ишланмалари хусусида ҳам тўхталсангиз.
— Кондаги кварц қумини пульсацион колонналарда бойитиш технологияси самарадорлигининг илмий асосланган лойиҳаси тайёрланган.
Ушбу инновацион технологиянинг афзаллиги шундаки, кварц қумини тез ва кам харажат билан гил заррачалари ҳамда заррачалар ташқи юзасидаги темир уч оксиди бўлган сариқ рангли плеёнка қобиқдан тозалайди. Бу эса, ўз навбатида, кварц қумини қурилишда чекланмаган миқдорда ишлатишга имкон беради. Чунки стандарт талабларга кўра, қурилишда бетонга қўшиладиган қумдаги гил заррачаларининг миқдори икки фоиздан ошмаслиги керак.
Шаффоф шиша ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган қумда темир оксидининг миқдори 0,01 фоиздан ошмаслиги лозим. Одатда бу кўрсаткич табиий қумда 0,5 фоиз ва ундан юқори бўлади.
Бентонит гили табиий ҳолатда 25–30 фоиз намликка эга. У қазиб олингандан кейин қуёш иссиқлигида ўз намлигини 5–7 фоизгача йўқотади ва майда бўлакчаларга бўлиниб кетади. Бунда уларни оддий тегирмонда ҳам осонгина майдалаб, кукун ҳолига келтириш мумкин. Юқорида айтганимиздек, бентонит гили халқ хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тиббиёт, фармацевтика, кимё, машинасозлик саноатида ҳам кенг қўлланади. Навоий бўлими олимлари бентонит гилидан янада самарали фойдаланишга йўналтирилган бир неча инновацион технологиялар ишлаб чиққан.
Шундай қилиб, битта кон ҳудудида уч хил номаъдан фойдали қазилма мавжуд бўлиб, уларни комплекс тадқиқ қилиш ва биргаликда қазиб олишга тавсия қилиш коннинг инвестициявий жозибадорлигини оширади. Халқ хўжалигида юқори талабга эга бўлган бир неча хил маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Энг асосийси, кон негизида қуриладиган тоғ жинсларини майдалаш тегирмони, маҳсулотларни қадоқлар тармоғи, технологик бойитиш линиялари имкониятидан уч хил фойдали қазилмани қайта ишлаш ва бойитишда самарали фойдаланиш мумкин. Албатта, бу сарф-харажатларнинг камайиши, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар таннархининг пасайишида муҳим омил бўлиб хизмат қилса, бир неча хил маҳсулотнинг бир вақтда ишлаб чиқарилиши корхонанинг бозор талабига тез мослашувига имкон беради.
— Саноат чиқиндиларини қайта ишлаш орқали янги инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган қандай тадқиқотлар олиб борилмоқда?
— Бунга мисол қилиб фосфорит рудасидан ўғитлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган, республикамиздаги кимё заводларидаги фосфогипс кимёвий чиқиндисидан янги, арзон, енгил, пишиқлиги юқори бўлган инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқариш технологияларини келтириш мумкин.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги фосфор ўғити ишлаб чиқарадиган заводларда 90 миллион тоннага яқин фосфогипс чиқинди сифатида экологияни бузиб турибди. Ихтирочилар яратган ва патентланган технологияни қўллаш орқали нафақат арзон ва замонавий, ҳарорат ўзгариши, намлик ва сувга чидамли қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, балки экологик муаммоларни ечиш имконияти ҳам яратилади.
«Янги Ўзбекистон» мухбири
Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.