Инсоният тараққиётига назар ташланса, унинг ривожи бевосита таълим, илм-фан билан боғлиқ экани кўринади. Буларсиз ҳеч бир соҳа ривожланмаган, кашфиётлар қилинмаган, замонлар янгиланмаган бўларди, балки. Асрлар ўтсада, бу ҳақиқат ўзгармади. Ҳозир ҳам дунёнинг умумий қиёфаси илм-фан асосида такомиллашиб, ўз шаклини белгиламоқда. Ҳатто, давлатларнинг ривожланганлик даражаси улардаги таълим тараққиёти билан баҳоланяпти. Шунга мос тарзда, жаҳонда таълим, илм-фан соҳалари шиддат билан ривожланишда давом этмоқда. Глобал ривожланиш эса соҳада янгича ёндашувлар, замонавий тенденциялар, илғор ўқитиш тизимларини жорий этишга кенг йўл очмоқда.

Мамлакатимиз таълим, илм-фан соҳасининг ҳозирги қиёфасини бундан 6-7 йил олдингиси билан таққослаб бўлмайди. Орадаги фарқ, ўзгариш ва имкониятлар ниҳоятда катта. Гарчи юртимизда узлуксиз таълим тизими аввалдан йўлга қўйилганига қарамай, соҳага ҳақиқий маънодаги эътибор, янгича ёндашувлар, молиявий кўмак охирги йилларда, айниқса, кескин ошди. Бугун буюк алломаларни етиштирган она заминимизда таълим-тарбия, илм-фанни ривожлантириш энг муҳим мақсадлардан бирига айланиб, бу борадаги ислоҳотлар аниқ ҳаракатлар, ҳуқуқий асосларда намоён бўлмоқда. Жорий йил қабул қилинган Давлат дастурида ҳам таълим сифатини ошириш, соҳани илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.

Талабанинг шахсий салоҳиятини юзага чиқаради

Илм-фан бир жойда қотиб турадиган соҳа эмас, доимий янгиланишларни тақазо этади. Масалан, бир вақтлар таълимда умумийлик, барча ўқувчиларни бир хил, ўзгармас дастурлар асосида ўқитиш шакли кенг қўлланилган бўлса, бугунга келиб аксарият давлатларда индивидуал таълимга фаол ўтилган. Бу узлуксиз таълимнинг ҳар бир босқичида тадбиқ этиляпти. Яъни, таълимнинг мактабгача, мактаб, олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим босқичларида индивидулликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу замонавий тилда таълим траекторияси, деб ҳам юритилади.

Таълим фаолиятини индивидуаллаштиришнинг энг истиқболли моделларидан бири — бу таълим траекторияси ҳисобланади. Бошқа таълим босқичлари сингари олий таълимда ҳам бу усулнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Гап шундаки, таълим траекторияси ҳар бир талабанинг таълимда шахсий салоҳиятини рўёбга чиқаришнинг индивидуал шакли бўлиб, таълим жараёни давомида йигит-қизларнинг ташкилий, ижодий ва бошқа шахсий қобилиятлари аниқланади ҳамда шунга мос равишда йўналтирилади. Яъни ҳар бир талаба билан унинг қизиқишлари, касбий истаклари асосида индивидуал ишланади.

Траектория сўзининг ўзи ҳақида гап кетганида эса, кўпчилик физик тушунча — жисмларнинг ҳаракати давомида қолдирган изини тасаввур қилади. Бироқ биз сўз юритаётган траектория жисмларнинг эмас, айнан талабаларнинг келажак касбий фаолиятини белгилайдиган таълим траекторияси яъни, уларнинг  сифатли таълим стратегиясини назарда тутади.

Индивидуал таълим траекторияси бўйича машғулотларни ташкил этиш махсус методология ва технологияни талаб қилади. Замонавий дидактикада бу муаммони ҳал қилиш учун одатда иккита қарама-қарши усул таклиф этилади, уларнинг ҳар бири индивидуал ёндашув деб аталади. Биринчи усул — табақалаштирилган таълим бўлиб, унга кўра ҳар бир талабага индивидуал ёндашиш, у ўрганаётган материални мураккаблик, диққат-эътибор даражасига қараб фарқлаш таклиф этилади. Бунинг учун талабалар одатда гуруҳларга ёки даражаларга бўлинади.

Иккинчи усул талаба ўзи ўрганадиган таълим соҳасига нисбатан ўз таълим йўлини танлашини назарда тутади. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир талабага барча ўқув фанларини ўзлаштириш учун ўз таълим траекториясини яратиш имконияти берилади. Бироқ бу усул мамлакатимиз таълим муассасаларида камдан-кам учрайди. Чунки у ташқаридан қўйилган умумий мақсадлар фонида талабаларнинг нафақат индивидуал ҳаракати, балки ҳар бирининг турли хил таълим моделларини ўзига хос тарзда ва шахсий салоҳияти билан боғлиқ ҳолда бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишни талаб қилади.

Шу боис, юртимизда биринчи усул — индивидуал таълим кенг тарқалиб, уни амалга оширишда замонавий ёндашувлар оммалашиб боряпти. Унинг ўзига хос томони, талаба таълим жараёни, график ҳолати кабиларни индивидул танлаб, мавзуни ўзлаштиришда босқичма-босқич тўлиқ мустақилликка ўтиб боради. Ўқитувчи эса бу жараёнда талабага маслаҳатчи сифатида қатнашиб, уни йўналтириб туради. Талабага шахсий манфаатлари, ўқув фаолиятининг хусусиятлари, таълим олиш усуллари, ўқув материалини ўзлаштириш хусусиятлари, ўқув фаолияти турларини ҳисобга олган ҳолда танлаш имконияти берилади. Индивидуал таълим траекториясини тузишда энг муҳими ҳам шу, аввало, талабанинг имкониятлари, қобилиятлари, истиқболлари, натижага эришиш учун бажармоқчи бўлган саъй-ҳаракатларини баҳолашдан иборат.

Аммо индивидуал таълим ҳар бир талаба билан якка ҳолда ишлашни назарда тутмайди. Бу усул талабаларнинг ҳар бирида мустақил ҳолда якка ишлай олиш кўникмасини шакллантириш билан боғлиқ. Бунда талаба ўз индивидуал фазилатлари ва қобилиятларига асосланиб, ўзининг таълим траекториясини қуради. Таълим жараёни давомида “ўзлаштириш хариталари”нинг турлари ва имкониятларини ўрганади, уларга доска билан ишлашнинг турли техникалари намойиш этилади, дарс ва машғулотларда иштирокчиларнинг фаоллигини ошириш ва жараёнга диққатини жамлаш учун қўлланилиши лозим бўлган академик йўналтирилган ҳаракатли топшириқлар тўплами берилади.

Умуман, таълимнинг индивидуал траекторияси талабанинг таълимдаги шахсий салоҳиятини рўёбга чиқаради. Бу билан уларнинг бир неча ҳуқуқ ва имкониятлари ҳам таъминланади. Масалан, ҳар бир ўқув фанида индивидуал маъно ва мақсадларни танлаш ёки аниқлаш, асосий тушунчалар ва тоифаларни шахсий талқин қилиш ва тушуниш, индивидуал таълим дастурларини тузиш, ўз фаолиятини назорат қилиш, акс эттириш ва ўз-ўзини баҳолаш усулларини танлаш ҳуқуқи берилади. Ўрганиладиган фанлар, ижодий лабораториялар ва асосий ўқув режасига мувофиқ бўлган дарсларнинг бошқа турларини индивидуал танлаш ҳуқуқлари ҳам шулар жумласидан.

Назария ва амалиётни бирлаштиради

Индивидуал таълим траекториясининг яна бир афзаллиги бор. Бу талабаларнинг нафақат таълим жараёни, балки дарсдан ташқари изланиши, ижодий ишлари, бўш вақтини унумли ташкил этишларида ҳам биргаликда иш олиб боришдир. Бунинг учун, аввало, йигит-қизларнинг педагогик-психологик портретини аниқлаш ва шу асосда уларнинг таълим троекториясини белгилаш керак бўлади.

Мазкур йўналишда бир қанча педагогик қарашлар, ёндашувлар мавжуд. Чирчиқ давлат педагогика университети мисолида оладиган бўлсак, олий ўқув юртида педагогик таълим инновацион кластерининг ташкил этилиши бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Ана шу таълимдаги кластер асосида ташкил этилиб, фаолият юритаётган “Педагогик альянс майдончаси” эса талабаларнинг илмий ва амалий фаолиятни уйғунлаштиришига кенг шароитлар яратмоқда.

Педагогик альянс — бу кластер субьектлари бўлган таълим олувчи, таълимни келажак касбий фаолиятига мос ҳолда тақдим этувчилар ҳамда ўрганиш майдончалари (боғча, макаб, ОТМ, маҳалла, оила) ўртасидаги манфаатли ҳамкорликни таъминловчи майдончадир. Унда ҳар бир талаба ўз қизиқишларидан келиб чиқиб, индивидуал фаолият билан шуғулланиш учун аниқ йўналиш, йўлланма олади.

Альянснинг мақсади педагогик таълим кластери бўйича амалга оширилган ишларни схематик тарзда акс эттириш орқали талабаларни бу жараёнга мақсадли йўналтиришдан иборат. Унда мақсад умумий бўлсада, манфаатлар хусусийлашади. Бу ерда талабалар таълим жараёнида олган назарий билимларини амалиётда қўллаш ҳамда бу борада эришилган натижалар билан танишиш имкониятига эга. Кимдир альянсдаги илмий тадқиқотларда фаол иштирок этса, кимдир амалий иш фаолиятига киришади, бошқаси ўзининг келажакдаги фаолият траекториясини белгилаб олади. Бунинг учун шароитлар ҳам, таклифлар ҳам мавжуд. Талаба эса улардан бирини индивидуал тарзда танлайди.

Бугунги кунда “Педагогик альянс майдончаси”да қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. “Очиқ осмон остидаги мактаб” ижтимоий-мобил комплекс хизмат лойиҳаси, “SMART сенсорика” моҳир қўллар лойиҳаси, “Бир сафда” волонтёрлар ҳаракати кабилар шулар жумласидан. Бундан ташқари, мактаб лаборатория, инклюзив таълим, бандлик, аралаш таълим, илмий кластер каби педагогик таълим кластерининг педагогик-психологик асосларини очиб беришга қаратилаган қатор лойиҳалар амалиётга тадбиқ этилиб, уларда бевосита талабалар, мактаб ўқувчилари ҳам иштирок этиб келмоқда. Масалан, бандлик компонентида талабалар ҳам таълим олиб, ҳам касбий фаолиятни амалга оширади. Мобиллик компонентида эса таълимнинг барча босқичида болаларнинг мослашуви бўйича тадқиқотлар ўтказилади. Олинган илмий таҳлиллар асосида амалий механизмлар ишлаб чиқилади. Талабалар уларда қатнашиб, ҳар бир механизмни ўрганадилар, шахсий хулосалари асосида олган кўникмаларини эса амалиётда ёки иш олиб бораётган ташкилотларида қўллайдилар.

Педагогик альянснинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу ерда ҳар бир олиб борилган ишларнинг QR-кодли тақдимоти мавжуд. Шу код орқали талабалар керакли маълумотларни юклаб олиб, фаолиятида фойдаланиши мумкин. Қолаверса, университет талабалари бандликка кўмаклашишга қаратилган турли тақдимотлар, лойиҳаларда иштирок этиб, ўқиш жараёнининг ўзидаёқ муносиб иш топиш имкониятига эга.

Индивидуал таълим ҳақида гап борганида, имконияти чекланган талабаларни эътибордан четда қолдириш мумкин эмас. Боиси, мамлакатимизда ҳар бир инсон муносиб таълим олиш ҳуқуқига эга эканлиги асосий қонунимиз билан белгилаб қўйилган. Қолаверса, охирги йилларда инклюзив таълимни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг бир неча баробар оширилгани инсон омили бош мезонга айланган мамлакатимизда катта ислоҳотлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Имкониятларнинг чеклангани таълим олиш, илм қилишга тўсиқ бўлмаслиги керак. Бу борада замонавий ёндашувлар кенг қўлланилаётгани боиси ҳам шунда. Университетимизнинг педагогик альянсида ҳам имконияти чекланган талабалар учун “Чегарасиз имкониятлар” касбий академик фаолият амалиёти, “Бугундан педагог” методик, “Билиш диaгнoстикaси” психологик, “Касб танлаш мобиллиги” реформатик лойиҳалари мавжуд. Ушбу лойиҳаларнинг мақсади имконияти чекланган фарзандлари бор оилаларга тезкор комплекс таълим хизматларини кўрсатиш, кўнгилли талабаларни методик хизматга жалб этиш орқали уй таълимини самарали ташкил этишга кўмаклашишдан иборат. Бу ногиронлиги бўлган талабаларга педагогик фаолият тўсиқларини бартараф этиш моделларини ўзлаштиришга кўмаклашади.

Умуман, ҳозирги кунда индивидуал таълим малакали кадрлар тайёрлаш, мустақил шахсларни тарбиялашнинг энг замонавий ва самарали усулларидан бири саналади. Педагогик таълим траекторияси талабага нафақат индивидуал ўқиш, балки дарсдан ташқари изланиш, ижодий ишларни ривожлантириш, бўш вақтини унумли ташкил этишга шароит яратади. Шу жиҳатдан, индивидуал таълим траекториясини шакллантириш бугунги куннинг муҳим талабидир.

Талабага ўрганишнинг оптимал шакллари ва суръатларини танлаш, унинг индивидуал хусусиятларига мос келадиган ўқитиш усулларини қўллаш, олинган натижаларни рефлексли тарзда амалга ошириш, ўз фаолиятини баҳолаш ва созлаш каби имкониятлар берилар экан, у индивидуал траектория бўйлаб мустақил ва фаол ҳаракатлана олади.

Жаббор ЎСАРОВ,   

Педагогика фанлари доктори, профессор

(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 23.12.23 й, 267-сонида эълон қилинди)