Бу иқтибос Маккартининг сунъий интеллектдаги ютуқлар ҳаётимизга кириб келгач, тезда ҳамма фойдалана оладиган, оддий ва одатий технологияларга айланиши, бугун яратилган ихтиро вақт ўтиши билан эскириб, уларнинг ўрнини янгилари эгаллашига бир ишорадир.

Ҳа, Жон Маккарти бежизга бу гапларни айтмаганини бугунги ҳаётимиз яққол кўрсатиб турибди. Чиндан ҳам бугун биз штоб билан кириб келган сунъий интеллект технологияларисиз ҳаётимизни тасаввур қила олмай қолдик. Гўё шундай бўлиши керакдек, улар аллақачон бизнинг кундалик ёрдамчиларимизга айланиб улгурди. Бугун смартфонда қулфни очишда юзни таниш, ижтимоий тармоқларда матн ёзаётганда автоматик тузатиш ва биз ёзмоқчи бўлган сўзларни олдиндан башорат қилиш, овозли ёрдамчилар – Siri, Google Assistant, Алиса каби биз фойдаланишни одат тусига айлантирган функциялар аслида сунъий интеллект маҳсулидир.

Сунъий интеллект тақдим этаётган қулайликлар жуда кўп. Хусусан, сўнгги йилларда ишлаб чиқилган ва мазкур соҳада шов-шувларга сабаб бўлган маълумотларни излаб топишга ёрдам берадиган ChatGPT ва DeepSeek чатботлари бунга мисол бўла олади. Генератив сунъий интеллект асосида, суҳбат режимида ишлай оладиган мазкур чатботлар бугун кўпчилигимизнинг яқин кўмакчимизга айланди. Боиси, уларда ишлаш ниҳоятда қулай, бот исталган йўналишдаги саволларга бир зумда жавоб топиб беради, матн билан боғлиқ топшириқларни бажаради. Бунинг учун савол ва топшириқ беришнинг ўзи кифоя. У одамларнинг интернетда маълумот излаш учун кетадиган вақтини тежаш, сараланган, аниқроқ жавоб топиш учун қулайлик яратди. Бу сунъий интеллект кучи ва имкониятлари намоён бўлишининг бир кўринишигина холос.

Дунё мамлакатлари сунъий интеллектни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Чунки сунъий интеллект XXI асрнинг асосий технологияларидан бири бўлиб, иқтисодиёт, хавфсизлик, фан ва ҳаёт сифатига ижобий таъсир кўрсатади.

2033 йилга келиб, сунъий интеллект бозорининг умумий ҳажми 4,8 триллион долларга етиши башорат қилинмоқда, бу Германия ялпи ички маҳсулоти ҳажмига тенг дегани.

Сунъий интеллект одамларга катта миқдордаги маълумотларни таҳлил қилиш, мураккаб муаммоларни ҳал қилишга ёрдамчига айланди. Ойлаб вақтни оладиган ишларни бир зумда ҳал қилиб, одамларнинг самаралироқ ишлашига ёрдам беряпти. У одатий вазифаларни, дейлик, ҳужжатлар, ҳисоботлар, маълумот қидиришни автоматлаштириб, маълумотлар таҳлили асосида қарорлар қабул қилишга ёрдам беряпти.

У илгари одамлар томонидан бажарилган вазифаларни тезроқ, аниқроқ ва арзонроқ бажаришга қодир. Шу сабабли, баъзи иш ўринлари йўқолиб бормоқда ёки уларга талаб камайиб боряпти. Мисол учун, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш машиналари кассирлар ўрнини билдирмаяпти, Чатботлар қўнғироқлар маркази операторлари ролини ўз зиммасига олмоқда, алгоритмлар офис ходимлари ўрнига бухгалтерия ҳужжатларини қайта ишлаяпти ва маълумотларни таҳлил қиляпти, сунъий интеллект ёрдамида яратилган мухбирлар оммавий ахборот воситаларида янгиликларни турли тилларда ўқиб беряпти.

Замонавий технологияларнинг тараққий этиши туфайли келажакда иш ўринлари 40 фоизга қисқариши мумкинлиги башорат қилинмоқда. Жаҳон иқтисодий форуми ҳисоб-китобларига кўра, сунъий интеллект 2030 йилга келиб бутун дунё бўйлаб тахминан 85 миллион иш ўрнининг қисқаришига олиб келиши, бироқ, янги технологиялар барча соҳаларда тахминан 97 миллион янги иш ўринларини яратилишига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Бугунги кунда дунёнинг айрим йирик компаниялари иш ўринларни қисқартириш, уларнинг ўрнига сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишга эътибор қаратмоқда. Мисол учун, АҚШнинг Amazon корпорацияси сунъий интеллектни татбиқ этиш учун 2025 йилда ўз компанияларидаги 14 000 ходимни ишдан бўшатишга қарор қилди.

“Microsoft” компаниясининг яқинда эълон қилган тадқиқоти кўпчиликнинг эътиборини тортди: сунъий интеллект туфайли келажакда йўқолиб кетиши мумкин бўлган 40 та касб рўйхатини эълон қилди. Унга кўра, таржимон, консьерж, тарихчи, географ, видео муҳаррир, веб-дастурчи ва ҳатто модел ҳам йўқолиб кетиш хавфи остидаги касблар қаторидан жой олди. Рўйхат сунъий интеллект технологияси айниқса, маълумотлар билан ишлаш, хизмат кўрсатиш ва коммуникация соҳаларида ишлайдиган мутахассислар ишига катта таъсир кўрсатиши, инсоннинг ижодий қобилияти ёки жисмоний меҳнат талаб қилинадиган касблар нисбатан дахлсиз бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Компания “энг хавфдан холи” деб топилган 40 та касбни ҳам тақдим этди. Уларнинг орасида ҳамшира, шина ўрнатувчи, қурувчи ва жарроҳ каби инсон омили муҳим бўлган касблар бор. Бу келажакда сунъий интеллект технологияси ривожланса-да, инсон меҳнати талаб этиладиган соҳалар ўз аҳамиятини йўқотмаслигини англатади.

Мазкур компаниянинг асосчиларидан бири Билл Гейтс 2034 йилга келиб, сунъий интеллект одамларга ҳафтасига атиги икки кун ишлашга имкон беради, деб ҳисоблайди. У нейротармоқлар кўпгина касбларнинг ўрнини босишини айтди.

Билл Гейтснинг фикрича, сунъий интеллект кўплаб глобал муаммоларни, жумладан, тиббиёт ходимлари ва руҳий саломатлик бўйича мутахассисларнинг етишмаслигини ҳал қила олади. Бу муқаррар равишда меҳнат бозорини ва охир-оқибат, бизнинг интеллект ҳақидаги тушунчамизни ўзгартиради.

Дунё бўйлаб ҳар тўртта иш ўрнидан биттасига генератив сунъий интеллект таъсир этади. Буни Халқаро меҳнат ташкилоти ва Польша миллий тадқиқот институти томонидан олиб борилган янги қўшма тадқиқот натижалари тасдиқлади.

Тадқиқотга кўра, дунё бўйлаб иш ўринларининг тахминан 25 фоизи сунъий интеллект таъсирига заиф бўлиб, ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 34 фоизга етади. Бироқ, аёлларнинг ўз иш ўринларини сунъий интеллект туфайли ўзгартириши эҳтимоли анча юқори. Ривожланган мамлакатларда автоматлаштириш хавфи юқори бўлган иш ўринлари аёллар бандлигининг 9,6 фоизини, эркаклар бандлигининг эса 3,5 фоизини ташкил қилади.

Офис билан боғлиқ ишларни бажаришда сунъий интеллект технологиялари имконият доирасининг кенглиги туфайли одамларга нисбатан устунликка эга бўлиб бормоқда. Сунъий интеллектнинг кенгайиб бораётган имкониятлари оммавий ахборот воситалари, дастурий таъминот ва молия билан боғлиқ бир қатор когнитив касбларга ҳам таъсир қилмоқда.

Бироқ, тўлиқ автоматлаштирилиши мумкин бўлган касблар доираси чекланганлигича қолмоқда, чунки кўплаб вазифалар сунъий интеллект томонидан самаралироқ бажарилса-да, ҳали ҳам инсон аралашувини талаб қилади.

Баъзи иш ўринлари йўқолиб бораётган бир пайтда, сунъий интеллектни ривожлантириш, ўқитиш ва назорат қилиш билан боғлиқ янги касблар юзага келаётганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Буларга сунъий интеллект муҳандиси, маълумотлар таҳлилчиси, сунъий интеллект этикаси бўйича мутахассис, нейротармоқ оператори ва мураббийи каби касблар мисол бўла олади. Бу шуни англатадики, сунъий интеллект шунчаки ишни “олиб қўймайди”, балки ўзи ривожланиб боргани сари янги билим ва кўникмаларни талаб қиладиган касблар юзага келишига ҳам йўл очади.

Сунъий интеллектнинг ҳаётимизга шиддат билан кириб келаётгани рақамли кўникмаларга эга бўлмаган одамлар орасида ишсизликнинг ошишига, жамиятнинг технология билан ишлай оладиган ва бу борада малакага эга бўлмаган одамлар тоифасининг шаклланишига олиб келяпти, бу миллионлаб ишчиларни қайта тайёрлаш заруратини ҳам келтириб чиқаради. Шунинг учун дунё мамлакатлари ҳукуматлари ва компаниялар аллақачон одамлар сунъий интеллект ва технология соҳасида янги касбларни эгаллашлари учун қайта тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда.

Таҳлиллар сунъий интеллектнинг меҳнат бозорига таъсири ноаниқлигини кўрсатмоқда. Бу баъзи касб эгаларининг ишдан бўшашига олиб келади. Лекин шу билан бирга, у ўрганиш ва ўсишни истаганлар учун янги имкониятлар яратади. Сунъий интеллект одамларни янги касбларни эгаллашга ундамоқда. Демак, меҳнат бозорининг келажаги технологияларнинг ўзигагина эмас, балки жамият уларга қандай мослашишига ҳам боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Шаҳзод Ғаффоров,

“Yuz.uz” шарҳловчиси