Дилмуроджон шифокор сифатида коронавирус хавфини ҳаммамиздан теранроқ англаган. Бу борада жаҳон тажрибаларини ўрганиш билан бирга, беморларда кечаётган ҳолатларни ҳам чуқур таҳлил қилиб борган. Шу боис, у ҳар қандай вазиятга тайёр эди. Шундай бўлса-да, жорий йилнинг 29 март куни уни айнан коронавирус билан касалланган беморларни даволаш жараёнига жалб қилганларида, очиғи, бироз саросимага тушиб қолди. Чунки у сизу биз каби оддий инсон. Бир лаҳзада 80 ёшни қоралаган ота-­онаси, эндигина вояга етган фарзандлари кўз олдига келди. Оилада ёлғиз боқувчи бўлгани боис, мабодо ўзи вирус юқтириб олса, оқибати нима бўлишидан чўчиди. Бироқ ҳозир буни ўйлаб ўтирадиган пайт эмас. Шу касбни танладими, демак, ишончни оқлайдиган вақт келди.

— Инсон саломатлигини ҳимоя қилишдек муҳим вазифа олдида менинг ҳаётим нима бўлибди, — дейди қаҳрамонимиз қатъиятлилик билан. — Қайси виждон билан бош тортаман бу ишдан?..

Хуллас, Дилмуроджон қисқа муддат ичида 96 нафар беморни даволаш жараёнида иштирок этди. Уларнинг 30 нафарида Covid-19 аломати аниқланган. Айниқса, 6 нафар беморнинг ҳолати оғир бўлиб, ҳар сонияда салбий ёки ижобий натижани кутиш мумкин эди. Шифокорлар, ҳамширалар кунни-тунга, тунни-тонгга уладилар. Ҳар бир бемор ҳаётини асраб қолиш учун бор кучини аямадилар. Натижада 11-12 кун деганда беморлар соғлиғи тиклана бошлади.

— Бу жараён биз учун ҳам таж­риба мактаби бўлди, — дей­ди Дилмуроджон. — Ахир муолажа бошлашдан аввал қайси тажриба асосида иш олиб боришимизни ҳам билмасдик. Беморларнинг ҳолатига қараб иш кўришимизга тўғри келди. Айниқса, республика бўйлаб ўтказилган онлайн конференциялар орқали ўзаро тажриба алмашдик. Шу тариқа бу борада тажриба мактабини яратдик.

Инсонни дард эмас, ваҳима ўлдиради. Бу касаллик республикамизда илк бор кузатилгани учун беморлар ниҳоятда кучли руҳий ҳолатда эди. Уларнинг аксарияти “энди ўламанми?”, дея битта саволни берар эди. Бу саволни эшитган тиббиёт ходимларининг ичидан зил кетишини тасаввур қилаверинг. Умидсизлик исканжасидаги беморни тирик қолишга ишонтириш учун ҳам шифокору ҳамширалар нечоғлиқ руҳшунос бўлиши кераклигини ҳис қилгандирсиз!

Фаолиятим давомида энг ёши 4 ойлик, энг ёши улуғи 96 ёшли беморни даволадим. Яхшиямки, улар бизга ишонди, мана шу ишонч кучимизга куч қўшди. Энг муҳими, бутун бир халқимиз биз томонда бўлиб, одамларимизнинг тиббиётга бўлган муносабати тубдан ўзгарди. Элимиз томонидан юксак эҳтиром кўрсатилаётгани янги-янги қирраларимизни-да кашф этишимизга катта туртки бўлди. Буларнинг барчаси учун миннатдорлик билдирамиз. Айни дамда беморларимизнинг нажоткорларига айланиб, уларнинг дарду қувончига шерикликдан ғоят бахтиёр эканимни алоҳида таъкид­лашни истар эдим.

Ҳа, бугун коронавирус билан хасталанган беморларни даволаган Дилмуроджон Қаландаров сингари тиббиёт ходимлари ўзининг жамиятдаги ўрни қай даражада эканини яхши билади. Энг муҳими, соҳанинг ҳар бир вакили ана шуни ҳис қилган ҳолда, кўринмас душман билан аёвсиз олишяпти. Буни эса барчамиз кўриб, теран ҳис қилиб турибмиз. Энг катта ҳурмат-эътибор, эъзоз ва эътироф ҳам шу аслида!