Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларда кластерлар таянч ва локомотив вазифасини ўтаётир. Бу тизим қисқа муддатда катта янгиланишларга замин ҳозирлайди. Хусусан, юртимизда етиштирилган пахта хомашёсини қайта ишлаш 100 фоизга етказилди. Калава-ип ишлаб чиқариш 2 баробар, тайёр маҳсулот 3 баробар ортди. Экспорт йил якунига қадар 3 миллиард долларга етиши кутиляпти.

Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида қиш­лоқ хўжалигида кластерлар тизимини ривож­лантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда шу каби ютуқлар эътироф этилиши баробарида тизимда кечиктирмай ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга ҳам ижобий ечим топилди.

— Айтиш жоизки, мазкур йиғилиш биз, соҳа вакиллари учун жуда катта янгилик бўлди, — дейди Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, сенатор Муртазо Раҳматов. — Шундай ҳолат бор эдики, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш цикли билан уни молиялаштириш жараёни бир-бирига мутаносиб эмасди. Масалан, ерни экишга тайёрлаш ­октябрь ойидан, молиялаштириш январь ёки февралдан бошланарди. Йиғилишда ана шу эски тизим энди тўлиқ ўзгариши таъкидланди. Бундан кейин қишлоқ хўжалигида молиялаштириш-кредитлаш шудгор давридан, яъни октябрдан бошланадиган бўлди. Бунинг аҳамияти шуки, энди соҳадаги кластерлар, фермерларда олдиндан ҳамма нарсани олишга маблағ пайдо бўлади.

Авваллари кластерлар томонидан пахтани экиш, териб олиш, бирламчи ва чуқур қайта ишлаб, ундан қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариб, жаҳон бозорига сотиш 3-3,5 йил муддат оларди. Ҳозир шундай тизим яратилдики, молиялаштириш 11 ойга эмас, 24 ойга белгиланди. Яъни кластерларга кредитлар 24 ой муддатга ажратилиб, унинг имтиёзли даври амалдаги
11 ойдан 18 ойгача узайтирилади.

Яна бир янгилик. Энди четдан олиб келинадиган ўғит, ёқилғи мойлаш ва бутлаш материаллари, техникага қўйилган чекловларнинг бари олиб ташланди. Бу каби имтиёзлар қишлоқ хўжалиги, клас­терлар ривожланиши учун жуда катта имконият.

Бухорода илк бор ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери ҳам Ўзбекистонда илк турдаги қалдирғоч тузилма бўлиб, Президентимиз томонидан илгари сурилган  ғоянинг дастлабки амалий натижасидир.

— Аграр тармоққа инновацияларни кенг татбиқ қилиш, заминимизда етиштирилаётган хомашёни ўзимизда чуқур қайта ишлаш бугунги замон талаби, — дейди “BCT Cluster” таъсисчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи М.Раҳматов. — Зеро, қишлоқ хўжалиги қанчалик саноатлашса, давлатнинг иқтисодий ва экспорт салоҳияти шунчалик ортади. Халқнинг турмуш фаровонлиги юксалади. Шу боис, Ўзбекистонда ке­йинги йилларда илғор технологияларга асосланган инфратузилмани яратиш, қишлоқ хўжалигида кластер усулини жорий этишга жиддий эътибор қаратил­япти. Ана шундай инновацион лойиҳалардан бирини Бухоро вилоятида амалга оширяпмиз. Жумладан, “BCT Cluster”  давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги “Бухоро вилоятида замонавий пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, пахта етиштиришдан тортиб уни чуқур қайта ишлашгача бўлган барча технологик занжирни тўлиқ бирлаштирган мажмуадир. Ромитан туманидаги 8 000 гектар майдонда пахта етиштирилса, тола Бухоро шаҳрида бунёд этилган замонавий тўқимачилик мажмуасида қайта ишланади. Ушбу йирик лойиҳамизни амалга ошириш учун жами 106,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар ўзлаштирилди. Занжирли ишлаб чиқаришнинг охирги ҳалқаси ҳисобланадиган “Bukhara Cotton Textile” корхонаси учун эса 65,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция йўналтирилди. Натижада Бухоро шаҳридаги собиқ тўқимачилик комбинати ҳудудида замонавий ишлаб чиқариш объекти пайдо бўлди.

Бешта фабрикани бирлаштирган мажмуа

Ушбу йирик тўқимачилик фабрикаси хорижий давлатларда ҳам мижозларга эга. Таркибида 5 та  — йигирув, бўяш, тўқимачилик, жинси матосига ишлов бериш, тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш фабрикасини бирлаштирган мажмуанинг умумий майдони 10 гектардан иборат. Корхона Германия, АҚШ, Бельгия, Франциянинг етакчи компанияларида тайёрланган энг замонавий технологик линиялар, асбоб-ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланган.

Кластер томонидан йилига ўртача 26 минг тонна пахта хомашёси тайёрланади ва уни  бирламчи қайта ишлаш орқали 9100 тонна тола олинади. Тола эса “Bukhara Cotton Textile” корхонасида қайта ишланиб, ундан дастлабки босқичда 8 450 тонна калава-ип йигирилади. Ке­йинги боқичларда эса 15 миллион погон метр “Деним” жинси матолари тўқилади ва қўшимча қийматга эга бўлган тайёр маҳсулотга айлантирилади. Яъни ташқи ва ички бозорда рақобатдош бўлган жинси либослар тикилади.

Хорижда 100 та савдо тармоғи очилади

— Корхонамиз айни пайтда йилига ўртача 12,5 миллион дона “Деним классик” ва “Деним стрейч” шими ишлаб чиқариш қувватига эга. Тайёр маҳсулотимизнинг 80 фоизини экспортга йўналтириш кўзда тутилган. Кластер томонидан Ўзбекис­тонда биринчи миллий жинси бренди — “B Jeans” яратилгани эса навбатдаги ютуғимиз бўлди. Харидорларга ушбу ёрлиқ остидаги жинси либослар етказиб бериш мақсадида Тошкент шаҳри,
Бухоро, Самарқанд, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида кластер савдо тармоқлари ишга туширилди. Бу эса занжирли ишлаб чиқаришнинг энг муҳим бўлган якуний ҳалқаси боғланганидан далолатдир, — дейди иқтисодиёт фанлари доктори  Муртазо Раҳматов.

Кластер яқин келажакда мамлакатимиз бўйича 50 та ана шундай савдо дўкони очишни мақсад қилган. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихоналари кўмагида хорижда 100 та савдо нуқтасини ишга тушириш ҳам режалаштирилган. Айни вақтда Тожикис­тон, Қозоғистонда савдо мажмуалари фаолият кўрсатаётган бўлса, яқин кунларда Чехия, Россия давлатларида ҳам очилади. Бундай савдо тармоқлари Европа ва Болтиқбўйи давлатлари, Япония ва ҳатто жинси ватани бўлган АҚШда ҳам иш бошлаши режалаштирилаётгани юртимиз равнақида муҳим аҳамият касб этади. Бу миллий брендларимиз тез орада дунё бозорларини эгаллашидан бир нишонадир.

“B Jeans”нинг илк намойишдаги муваффақияти

2020 йилда пойтахтимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон маданий мерос ҳафталиги доирасидаги “Миллий либослар — янги ренессанс дурдоналари” модалар намо­йишида биринчи ўзбек жинси бренди ҳисобланган “B Jeans” либослар коллекцияси илк намойишидаёқ катта  муваффақият қозонди. “ВСТ Cluster” жинси матолари асосида яратилган либослар 40 дан ортиқ мамлакатдан келган соҳа мутахассислари томонидан юксак баҳоланди. Ўзида табиийлик, қулайлик ва ҳашамни мужассам этган “B Jeans” коллекцияси “Ўзбек миллий либослари анъаналарини сақлаш ва ривож­лантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун” махсус дипломга лойиқ кўрилди.

Таъкидлаш жоизки, “Bukhara Cotton Textile” корхонасида ишлаб чиқарилаётган жинси матолар рангининг табиийлиги билан ҳам ички ва ташқи бозорда устунликка эга. Ишлаб чиқаришда зарур бўладиган табиий бўёқ олиш учун эса хориждан индигофера ўсимлиги уруғлари олиб келиниб, ўзимизда етиштириш йўлга қўйилгани ва пировардида шу ернинг ўзида табиий бўёқ олишга муваффақ бўлингани яна бир юксак натижадир.

Давлатимиз раҳбари жорий йил январда Бухоро вилоятига ташрифи давомида “BCT Cluster” пахта-тўқимачилик кластерининг “Bukhara Cotton Textile” тўқимачилик корхонаси фаолияти билан ҳам танишган эди. Президентимиз толани чуқур қайта ишлашга ихтисослашган ушбу корхонадаги иш жараёни, маҳсулотлар сифатини кўздан кечириб, жамоа меҳнатини юксак баҳолади. Маҳсулотлар турини кўпайтириш, дунёга машҳур бренд­лар билан ҳамкорликда кийим-кечаклар ишлаб чиқариш бўйича таклиф ва қимматли маслаҳатлар берди. Бу эса кластерда меҳнат қилаётган 6 минг кишилик жамоа­нинг ишчанлик кайфиятини кўтарди, ўз ишига бўлган меҳрини янада оширди.

Дунёга машҳур брендлар билан ҳамкорлик

Давлатимиз раҳбари топшириғидан келиб чиқиб, кластернинг галдаги режалари ишлаб чиқилиб, устувор вазифалар белгилаб олинган. Агар ҳозирги кунда ­35 турдаги ва юзлаб моделдаги жинси либослар ишлаб чиқарилаётган бўлса, бозор талаби, харидорлар истагидан келиб чиққан ҳолда, уларнинг тури камида икки баробар оширилади. Бундан ташқари, халқаро брендлар билан ҳамкорликда кийим-кечаклар ишлаб чиқариш мақсадида чет эл компаниялари билан музокаралар олиб бориляпти. Бу эса ҳозирданоқ ўзининг самарасини бера бошлади. 

Президент ташрифидан сўнг корхона “Collins” компанияси билан шартнома имзолади. Унга кўра, ҳамкорликда жаҳон бозорида талаб юқори бўлган жинси ки­йим-кечаклар ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, “DeFacto”, “Carrera Jeans”, “LCWaikiki”, “Inditex Group”, “Zara” сингари халқаро брендлар билан кечаётган музокаралар ҳам якуний босқичга келди ва улар билан амалий келишувга эришилиши кутилмоқда.

Кластер жамоаси ўз олдига корхона фаолиятини кенгайтириш, маҳсулот турини кўпайтириш ва сифатини янада яхшилаш эвазига Ўзбекистоннинг жинси буюмлари жаҳон бозоридан мустаҳамкам жой эгаллашига ҳисса қўшишни бош мақсад қилиб қўйган.  Бунинг учун дунёдаги машҳур компаниялар билан ҳамкорликда энг кучли дизайнер-модельерларни олиб келиш бўйича саъй-ҳаракатлар давом эттириляпти. Буларнинг барчаси кластер интеграция, инновация ва иқтисодий ўсиш мезони эканини амалда тўлиқ исботлаши муқаррар.

Гуличеҳра Дурдиева,

“Янги Ўзбекистон” мухбири