Шу боис, жамиятда илм-фан салоҳиятини юксалтириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини ҳамда интеллектуал мулк ҳимоясини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Куни кеча Президентимиз томонидан интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда соҳада бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар чуқур таҳлил қилинди. Тизимдаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш учун асосий вазифалар белгиланди. Хусусан, ҳар бир давлат идорасига соҳани ривожлантиришга қаратилган уч йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Шунингдек, интеллектуал мулк ҳимоясини кучайтириш юзасидан ҳар бир идора ва тармоққа илмий ютуқларни олиб кириш масалалари кўриб чиқилди.
Президентимиз миллий бренд яратиш масаласига ҳам алоҳида тўхталди. Дарҳақиқат, бугун миллий бренд маҳсулот яратиш ва уни жаҳон бозорига тарғиб этиш мамлакатнинг ишлаб чиқариш салоҳиятининг ошишига, иқтисодий нуфузига таъсир кўрсатади. Қолаверса, интеллектуал фаолият натижаларидан фойдаланиш, мукаммал маҳсулот ишлаб чиқариш ва уларни сотишда катта даромад олиш имконини беради.
Миллий бренднинг яратилишига ҳисса қўшадиган интеллектуал мулк муҳитини тубдан янгилаш керак. Ҳар бир идора ва тармоқларга интеллектуал мулк объектларини киритиш юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш лозим. Жумладан, Интеллектуал мулк агентлиги барча соҳаларда 3 йиллик дастурларни ишлаб чиқишда тўлиқ ҳамкорликни амалга оширади. Хусусан, миллий брендлар қандай яратилиши, уларнинг миллий ва халқаро рўйхатдан ўтказилиши бўйича барча соҳа ва тармоқлар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатади ва уларга амалий ёрдам кўрсатади.
Демак, биз бугун интеллектуал мулк соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича истиқболдаги режаларни амалга оширишимиз керак. Хусусан, интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқий ҳимояни янада кучайтириш мақсадида Адлия вазирлигининг штатлар доирасида ва ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда ҳудудларда 28 та штат бирлигидан иборат бўлган интеллектуал мулк муҳофазаси марказларини жорий этиш лозим. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига янада қулайлик яратиш учун интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатига олиш муддатларини кескин қисқартириш имкониятларини яратувчи тезкор экспертиза тартибини жорий этиш зарур. Яна бир муҳим масала — қишлоқ хўжалиги маданияти ва анъанавий ҳунармандчилик соҳаларида миллий брендни ривожлантириш мақсадида “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратиш бугунги кундаги энг катта вазифаларимиздан бўлиб турибди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан муаллифлик ҳуқуқи муҳофазасини оширишга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди. Бу бежиз эмас. Ҳозирги кунда муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши долзарб масалага айланиб бормоқда. Ёзувчиларнинг асарлари муаллифлик ҳақи тўланмасдан, оммавий ижтимоий тармоқларда, асосан telegram тармоғи орқали, ҳамда “қароқчи” сайтларда тезкорлик билан тарқалиб кетяпти. Бу эса муаллифнинг ўз асари учун қонуний даромад олишига катта тўсиқ бўлиб келмоқда. Агар муаллифлар ўз асарларидан қонуний даромад олмас экан, бу соҳада катта тўсиқ бўлишига олиб келади.
Демак, бу каби ҳолатлар муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларнинг интернет тармоғидаги ҳимоясини тўлиқ таъминлаш механизмини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу соҳада жавобгарликни кучайтириш заруратини кўрсатмоқда. Бунда “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонуннинг жамоавий асосда бошқарув бўйича бандига қўшимча киритиш керак. Яъни муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича 5 та мулкий ҳуқуқни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар билан тизимли ва самарали ҳамкорлик қилишни йўлга қўйиш долзарб вазифадир.
Хулоса қилиб айтганда, бугун биз янги ғоялар ва инновацияларни амалда тарғиб этишда жаҳон тажрибасини қўллаган ҳолда интеллектуал мулк ҳимоясини кучайтиришимиз, бу борада пухта тузилган стратегик режа ишлаб чиқишимиз лозим. Зеро, бу соҳадаги ишлар жамиятни инновацион ривожлантириш ва юксак тараққиётга эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилажак.
Тўлқин АБДУСАТТОРОВ,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
интеллектуал мулк агентлиги директори