Айтайлик, фарзандларимиз келажакда яхши мутахассис бўлиб етишиши учун уларга ёшлигидан маълум маблағ эвазига қўшимча дарсларда ўқиш имкониятини яратиб берамиз.
Деҳқон эса яхши ҳосил олиш учун ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилайди, уруғни янгилайди ёки етиштираётган маҳсулотини қайта ишлаш учун пул тикади. Буларнинг барчасидан кўзланган мақсад эса, яқин, ўрта ёки узоқ истиқболда сарф этилганидан бир неча юз, ҳатто минг баробар кўп наф олишдир.
Булар инвестициянинг энг содда кўриниши, холос. Унинг асл моҳияти анча кенг. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонунида инвестиция тушунчасининг мазмуни “Хўжалик ва бошқа фаолият объектларига қўйилган моддий ва номоддий неъматлар ҳамда уларга бўлган ҳуқуқлар” сифатида белгиланган.
Макроиқтисодий даражада инвестициялар ишлаб чиқариш воситаларини такрор ишлаб чиқаришга, уй-жой фондини, товар заҳираларини кўпайтиришга қаратилган харажатларнинг бир қисми, яъни ялпи ички маҳсулотнинг жорий даврда истеъмол қилинмаган қисми сифатида тушунилади.
Молия назариясида инвестициялар реал ёки молиявий активларни сотиб олиш билан боғлиқ, яъни моҳиятига кўра, бу келажакда даромад олиш мақсадидаги харажатлардир. Бошқача айтганда, бу маълум бир ҳозирги қийматни келажакдаги ноаниқ қийматга алмаштиришдир. Умуман олганда, иқтисодиётда сармоялар капитал тўпланиш жараёни сифатида қаралади. Охирги таъриф келажакдаги манфаатлар ва улар билан боғлиқ хавфларни асосий мезон сифатида акс эттиради.
Шундай қилиб, инвестиция қарорларини қабул қилиш кутилаётган даромад ва хавф нисбати таҳлилига асосланади. Шунинг учун ҳам инвестициялар моҳиятини аниқлашда улар ҳар хил рисклар ва кутилаётган даромадлар билан боғлиқлигини доимо ёдда тутиш керак.
Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, инвестициялар барча давлатлар, айниқса, Ўзбекистон каби жадал ривожланиш йўлидаги мамлакатларнинг иқтисодий барқарорликка эришишида муҳим омил саналади. Негаки, хорижий сармоялар ҳисобига янги ишлаб чиқариш қувватлари ва шунга мос равишда янги иш ўринлари ташкил этилади. Шу билан бирга, илғор технологиялар, ишлаб чиқаришни бошқариш ва ташкил этишнинг замонавий усуллари кириб келади.
Хорижий инвесторлар корхоналарга нафақат сармоя киритади, уларни реконструкция қилади ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлайди, шу билан бирга, жаҳон бозорларига ҳам йўл очади. Бу эса, ўз навбатида, хўжалик юритувчи субъектларнинг цивилизациялашган бозор муносабатларига мослашувини яхшилайди, уларнинг ишлаб чиқариш ва молия-хўжалик фаолиятини замон талаблари даражасига кўтаришга ёрдам беради.
Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада 2022–2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва унинг жозибадорлигини ошириш, келгуси беш йилда 120 миллиард АҚШ доллари, жумладан, 70 миллиард доллар хорижий инвестицияларни жалб этиш чораларини кўриш вазифаси белгиланган.
Инвестициялар иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи куч сифатида унинг олдинга силжишини таъминлайди, деган ғоя ҳар қандай иқтисодий назариянинг аксиомаси ҳисобланади. Ҳар бир давлат, энг аввало, моддий ишлаб чиқариш соҳасига ҳам маҳаллий, ҳам хорижий инвесторларни жалб қилишга ҳаракат қилади. Шу мақсадда муайян инвестиция сиёсати ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.
Янги Ўзбекистонда изчил амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар оқилона тармоқ, репродуктив ва ҳудудий мутаносибликларга эришиш, интеграция жараёнини ривожлантириш, иқтисодий ўсишни таъминлашни назарда тутади. Уларнинг бутун мажмуасини ҳал қилиш тегишли инвестиция сиёсатини амалга ошириш, инвестиция жараёнларини тартибга солиш ва қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш билан чамбарчас боғлиқ.
Мамлакатимизда инвестицион жозибадорликни оширишга қаратилган катта ишлар қилинди ва тизимли давом этаяпти. Жумладан, қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилди. Хабарингиз бор, илгари ушбу солиқ ставкаси 20 фоиз эди. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғини экспортчи корхоналарга 7 кун ичида қайтариш жорий қилинди, солиқ ва божхонада ўзаро ҳисобга олиш йўлга қўйилди. Шу пайтгача инвесторлар 2 та алоҳида тизим орасида сарсон эди.
Бундан ташқари, хорижий инвесторларнинг ўз акцияларидан оладиган дивидендлари уч йил муддатга солиқдан озод қилинди, улар учун фойда солиғи 20 фоиздан 12 фоизга туширилди.
Инвесторлар учун зарур бўлган 7 мингдан зиёд хомашё ва товарларга божхона божлари бекор қилинди. Божхона ҳудудида қайта ишлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди.
Ўзбекистоннинг Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки каби йирик халқаро молия институтлари ва ташкилотлари билан яқин ҳамкорлиги туфайли 2022 йилда жами 11,9 миллиард долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилишига эришилди.
Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Хусусан, 2017 йилда улар сони 5,5 мингтани ташкил этган бўлса, 2022 йилда 15,8 мингтага етди. Бунинг қарийб 6,5 мингтаси қўшма, 9 мингдан ортиғи эса тўлиқ хорижий корхона ҳисобланади.
Ўзбекистон ҳар йили 4 миллиард АҚШ долларигача сармоя киритиш имкониятига эга улкан бозор ҳисобланади. Шу ўринда турли соҳалардаги ҳамкорликнинг истиқболлари ва устувор йўналишларига қисқача тўхталиб ўтсак.
Биринчидан, бугунги кунда энергетика соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик истиқболли ҳисобланади.
Иккинчидан, Ўзбекистон тўқимачилик тармоғи, айниқса, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклига эга корхоналарни ривожлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлайди.
Пахта толаси етиштириш бўйича жаҳонда етакчи давлатлардан бири бўлган Ўзбекистон тўқимачилик саноатини ривожлантириш учун юксак салоҳиятга эга. Республикада йилига 3,5 миллион тоннага яқин пахта хомашёси олиниб, ундан 1,3 миллион тоннагача пахта толаси олинади. Кейинги йилларда саноат ишлаб чиқаришининг ялпи ҳажмида тўқимачилик саноати маҳсулотларининг улуши 21 фоизгача ошди. Енгил саноат корхоналари пахта толасининг 27 фоизини қайта ишламоқда. Тўқимачилик саноатини ривожлантириш дастурига мувофиқ, яқин йилларда бу кўрсаткични 50 фоизга етказиш режалаштирилган.
Учинчидан, молия-банк соҳаларида қўшма тузилмалар, маркетинг, инжиниринг, лизинг, аудиторлик ва сармоявий компанияларни ташкил этиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари катта.
Таъкидлаш жоизки, самарали молиявий воситаларни ишлаб чиқиш молия соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. Ўзбекистоннинг суғурта таваккалчилигининг янада қулай тоифага ўтказилиши, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари бўйича суғурта кафолатлари лимитининг оширилиши ҳам ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш учун рағбат бўлади.
Тўртинчидан, Ўзбекистон меъморий-тарихий ёдгорликлари, муқаддас қадамжолари, ноёб табиий шароити, кўплаб миллий боғ ва қўриқхоналари билан туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга.
Бешинчидан, катта ишлаб чиқариш хомашёси ва илмий-техник салоҳиятга эга кимё саноати республика иқтисодиётининг етакчи базавий тармоқларидан биридир. Мазкур тармоқда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кимё, металлургия, олтин қазиб олиш, тўқимачилик, енгил, озиқ-овқат саноати, республика қишлоқ хўжалигида кенг қўлланилади ва экспортга ҳам жўнатилади.
Умуман олганда, хорижий тажрибадан кўриш мумкинки, ўтиш даврида инвестициялар нафақат реконструкция ва таъмирлаш, балки янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этишда ҳам энг муҳим омилга айланади. Шу боис Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий капитални жалб қилиш ва улардан фойдаланиш ҳозирги босқичда инвестиция жараёнининг муҳим қонуниятига айланиб бормоқда.
Ўзбекистонда бозор ислоҳотларини амалга ошириш, жумладан, хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, миллий иқтисодиётда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш фаол инвестиция сиёсати билан узвий боғлиқ. Бунинг аҳамияти мамлакатимизнинг жаҳон бозорига интеграциялашуви билан янада муҳим аҳамият касб этади.
Зумрад ҒОИБНАЗАРОВА,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Малика БОБОЖОНОВА,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ассистент ўқитувчиси