Дарҳақиқат, ёшларнинг таълим олиши учун кенг имконият ва зарур шароитлар яратилмоқда. Ўтган 6 йил мобайнида олий ўқув юртлари сони 77 тадан 170 тага етди. 31 та хорижий ва 27 та нодавлат ОТМлар ташкил этилди. Шунга кўра, ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 32 фоизга оширилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ёшларга олий таълим муассасасига кириш учун 20 дан ортиқ имтиёз берилган бўлиб, уларнинг кўпи давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Талабаларга ҳам турли имтиёз ва имкониятлар яратилган. Жумладан, талабалар учун тўлов-контракт миқдорини ўқув йили давомида тенг улушларда тўртга бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилди.
Жорий ўқув йилида таҳсил олаётган талабаларнинг 47 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб, базавий тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасага қабул қилинган.
Эътиборга молик яна бир янгилик сифатида 2022 йилнинг 18 июлда Президентимизнинг “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганини айтишимиз мумкин. Қарорга мувофиқ, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларининг барча шаклида ўқиётган талаба қизлар учун 7 йилга мўлжалланган фоизсиз кредитлар ажратилиши йўлга қўйилди. Талаба ўқишни битирганидан сўнг 7 ойдан бошлаб, олган кредитларини қайтаради.
Магистратура мутахассислигида жорий ўқув йилида талабаларнинг 23 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Эндиликда магистратурада таҳсил олаётган хотин-қизларнинг контракти тўлиқ давлат бюджетидан қоплаб берилиши жамиятимизда хотин-қизларга бўлган эътиборнинг яна бир кўриниши дея оламиз.
Муҳим ўзгаришлардан бири ўқишга киришда хотин-қизларга, имконияти чекланган ёшлар учун грантлар ажратилди. Энг муҳими, ўтган йилдан бошлаб давлатимиз халқаро ва нодавлат олий таълим муассасаларига грант берила бошлади. Билими бор, аммо моддий тарафлама қийналган ёшлар учун бу катта имконият.
Тизимда қабул ва таълим жараёни рақамлаштирилган. Бундан 3-4 йил олдин абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш учун ҳар хил ташкилотлардан турли маълумотномалар сўраларди. Ҳозирда мазкур жараённинг барчаси рақамлаштирилди.
Нафақат таълим, балки узоқдан келган талабаларнинг истиқомат қилишлари учун ҳам муҳим шарт-шароитлар татбиқ қилинди. Жумладан, 2021 йилда талабалар турар жойларидаги яшаш хоналарини оптималлаштириш натижасида қўшимча қарийб 20 минг ўрин яратилди. Бунга қўшимча равишда яна 11 минг ўринли 28 та ётоқхона ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада давлат олий таълим муассасаларидаги талабалар турар жойининг сони 256 тага етказилиб, 91 минг нафар талабани жойлаштириш имкони яратилди. Ётоқхонага бўлган эҳтиёжнинг 41 фоизи таъминланди.
Шунингдек, 2021 йил 1 майдан бошлаб, ётоқхона билан қамраб олинмаган, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассиси талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланди.
Бугунги кунда Бухоро давлат университетида хорижий етакчи олийгоҳлар билан ҳамкорликда иқтисодиёт, халқаро меҳмонхона менежменти, информатика ва ахборот технологиялари, амалий математика ва информатика каби таълим йўналишлари фаолият юритмоқда. Бундан ташқари университет талабаларини иш билан таъминлаш мақсадида Бандлик маркази ташкил этилди. Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ҳамда Волонтёрлик маркази ёшлар ташаббусини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. Жумладан, Бухоро давлат университетида маънавий-маърифий тадбирлар, интеллектуал, ақлни чархловчи лойиҳалар, спорт мусобақалари, китобхонлик ҳамда волонтёрлик ҳаракати билан ёшларнинг бўш вақтлари мазмунли ташкил этилмоқда. Иқтидорли талабалар университет, вилоят, республика ва халқаро танловларда фахрли ўринларни эгаллаб, муносиб рағбатлантириб келинмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бугун юртимизда биз каби талаба-ёшлар таълим олиши учун кенг имкониятлар яратилганига ҳар биримиз гувоҳ бўляпмиз. Бунинг учун биз ёшлар Президентимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирган ҳолда, Юртбошимиз билдирган ишончни оқлаймиз деб ваъда берамиз.
Рустамжон Раҳимбоев,
Сурайё Нуритдинова,
Нафосат Тотлиева,
Бухоро давлат университети талабалари