Унга кўра, мутассаддилар ҳудудларда бир қанча йўналишларда ўрганишлар олиб бормоқда.

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги ўрганишлари натижасида ҳам қатор камчиликлар бартараф этилиб, айримларини ҳал этиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Жумладан, Олмалиқ шаҳри Рамазанова кўчасидаги марказий ичимлик сув қувурида носозлик юзага келгани оқибатида 856 та аҳоли хонадони сув таъминотисиз қолгани кузатилди.

Ушбу масала тегишли мутасаддилар томонидан назоратга олиниб, носозлик бартараф этилгунга қадар М.Улуғбек, А.Навоий, М.Беҳбудий, Мустақиллик, Бирдамлик, Камалак, Коинот, Юлдуз, Саховат маҳаллалари аҳолисига махсус техникалар ёрдамида ичимлик суви етказиб турилди.

Ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида Паркент, Зангиота, Оҳангарон, Пискент, Тошкент, Ўрта Чирчиқ, Чиноз, Янгийўл тумани ҳамда Янгийўл шаҳрида айрим аҳоли хонадонларида кўмирга эҳтиёж мавжудлиги аниқланиб, шу куннинг ўзида мазкур ҳудудлар аҳолиси учун 144 тонна кўмир етказилди.

Жамоат транспортига ёқилғи маҳсулотлари етарлилиги, уларни узлуксиз ёқилғи-мойлаш ашёлари билан таъминлаш бўйича кўрилган чоралар юзасидан ҳар бир шаҳар ва туманларда жамоат транспортларига хизмат кўрсатиш учун 46 та газ қуйиш шохобчаси ажратилиб, келишилган график асосида жамоат транспортлари ва муҳим давлат корхоналарига хизмат кўрсатилиши назоратга олинган.

Бекобод, Оққўрғон, Қибрай, Тошкент, Зангиота, Бўка, Бўстонлиқ, Ўрта Чирчиқ тумани ва Ангрен шаҳрининг айрим ҳудудларидаги газ таъминотида кузатилган муаммоларни ва бу борадаги аҳоли мурожаатларини ижобий ҳал қилиш мақсадида жами 1300 та суюлтирилган газ баллони аҳолига тарқатилган.

Шунингдек, Қибрай тумани Парвоз маҳалласидаги Аҳиллик кўчасининг таъмирталаблиги аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келган. Мазкур муаммоли масала ишчи гуруҳ томонидан назоратга олинди. Шунингдек, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида сув қувурларини ётқизиш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

Ўрганишлар давом этмоқда.