Илмий изланишларга жиддий эътибор қаратадиган, энг янги технологияларни муваффақиятли ўзлаштирган, инновацияларни амалда қўллай олган, бунинг учун етарли даражада кучли молиявий ва интеллектуал ресурсларни ажратган мамлакатгина ҳозирги куннинг сиёсий ва иқтисодий пойгасида етакчилик қиладиган ҳамда жаҳон саҳнасида олдинги ўринларни эгаллаган давлатга айлана олади.

Савол туғилади: бугунги кунда жуда кўп тилга олинадиган инновация ўзи нима? Инновация барча соҳаларда иш жараёни самарадорлигини сифат жиҳатидан оширишни ва талаб мавжуд бўлган маҳсулотлар яратишни таъминлайдиган муайян янгилик, кашфиёт, фан ва техника ютуғидир. Қолаверса, у инсоннинг ижодий ва интеллектуал фаолиятининг якуний натижаси, унинг ихтироси, мужассамланган фантазияси, кашфиёти.

Жамият ривожланишига хизмат қилувчи инновацион технологиялар ҳаёт ва меҳнатнинг барча соҳасига жорий этилиши керак. Бусиз мамлакат олдинга нафақат силжий олмайди, балки жаҳондаги мавқеини йўқота бошлайди. У иқтисодиётнинг келажакдаги равнақи ва мамлакатнинг рақобатбардошлигини сақлаш учун ишончли асос бўлиб хизмат қилади. Замонавий саноатлашган давлатнинг асосий вазифаси барқарор ва узоқ муддатли иқтисодий ўсишни кафолатлайдиган инновацион тараққиёт йўлига ўтишдир.

Ўзбекистон айнан инновацион ривожланиш йўлини танлагани эса давлатимиз сиёсатида яққол намоён бўлиб турибди. Президентимизнинг 2017 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонига асосан, вазирлик ҳузурида Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма маблағи инновацияларни яратиш ва жорий қилиш, илмий тадқиқот, инновацион, тажриба-конструкторлик ва стартап лойиҳалар, илмий лабораторияларни замонавий, юқори технологияга асосланган ускуналар билан жиҳозлашга йўналтирилади. Шунингдек, интеллектуал мулк ҳуқуқи (патент)ни хорижда рўйхатдан ўтказиш ва патентни сақлаб туриш харажатларини қоплаш, илмий тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг етакчи электрон илмий маълумотлар базаларидан эркин фойдаланишни таъминлаш, ёш олимларнинг етакчи хорижий ташкилотлардаги илмий стажировкаларини молиялаштириш кабиларга сарфланади.

Жамғарма фаолиятини рақам ва фактларда кўрсатадиган бўлсак, илмий фаолиятга оид давлат дастурларига ўтган йилда 481,9 миллиард сўм ажратилганига, яъни 2017 йилдагига нисбатан қарийб 3 баробар ошганига гувоҳ бўламиз. 2019 йилдан шу кунга қадар 177 дан ортиқ  стартап лойиҳа 120 миллиард сўмдан ортиққа молиялаштирилди. Инновацион маҳсулот ёки хизматлар яратишга қаратилган лойиҳа йўналишлари турлича. Жумладан, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, транспорт ва энергетика, озиқ-овқат каби йўналиш ларни ўз ичига олади. Улар орасида Ўзбекис тондаги туризм шаҳарларининг 3D ва VR BOX моделларини яратишдан тортиб, қандли диабет билан касалланганлар учун профилактик пойабзал ишлаб чиқариш, анор данагидан мой олиш, хурмо мевасини японча услубда қуритиб, хурмо мағзи етиштириш ва экспорт қилиш, ҳомиладорлар ва ёш оналарга мўлжалланган мобиль иловалар ҳамда бошқа турли-туман, жамият учун фойдали, қизиқарли лойиҳалар мавжуд.

Шунингдек, мамлакатимиздаги 150 та олий таълим муассасаси ва илмий ташкилот учун хориждаги етакчи электрон илмий маълумотлар базаларидан эркин фойдаланиш имконияти яратилди ва ушбу мақсад учун ўтган йилда 526,2 минг АҚШ доллари ажратилди. Бу 2020 йилдагига нисбатан қарийб икки баробар кўп. Кейинги йилларда эса илмий базалардан фойдаланувчи олий таълим муассасалари сони 200 тагача оширилади. Бугунга қадар Германиянинг 180 йиллик тарихга эга Springer Nature йирик академик нашриёт компанияси билан шартнома имзоланган. У илм-фаннинг турли йўналишлари бўйича чоп этилган мақола ва илмий ишларни ўз ичига олувчи платформа сифатида фаолият юритади. Бундан ташқари, дунёга машҳур йирик илмий нашрлар базаси бўлмиш Web of Scienceга эгалик қилувчи компания билан ҳам музокаралар ўтказилиб, 2023-2026 йиллар учун шартнома тузишга эришилди. Бу эса, ўз навбатида, юртимиз олимлари учун жаҳон миқёсидаги илмий ишлар билан яқиндан танишиш, ўрганиш, тажриба алмашиш ва мақолалар чоп эттириб, уларни шу базага жойлаштириш имконини беради.

Илмий ташкилотларнинг моддий-техник базасини янгилаш борасида ҳам муайян натижаларга эришилди. Жумладан, 2018-2021 йилларда жамғарма томонидан олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларнинг илмий лабораториялари қиймати 130,6 миллиард сўмга тенг 206 турдаги замонавий ускуналар билан жиҳозланди ҳамда бутловчи қисмлар билан таъминланди. 2022 йилнинг охирига қадар эса қиймати 62,3 миллиард сўмлик 180 турдаги ускуналар молиялаштирилди.

Ер силкиниши табиий офатлар орасида қурбонлар сонининг нисбатан юқори бўлиши билан ажралиб туради ва мамлакатлар иқтисодиётига сезиларли даражада зарар етказади. Юртимизнинг 87 фоиз ҳудуди сейсмик фаол эканини инобатга олсак, ер силкиниши мониторингини кучайтириш орқали хавфнинг олдини олиш долзарб йўналиш экани аён бўлади. Бу борада Президентимиз қарорига асосан, F.O.Мавлонов номидаги Сейсмология институти, М.Т.Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 34 турдаги ускуна хариди умумий ҳисобда 2 миллион 277,7 минг АҚШ доллари миқдорида молиялаштирилди. Сейсмологик тадқиқотлар муқобил тизимдан онлайн кузатув режимига ўтказилди.

2018 йилдан шу кунга қадар 110 дан ортиқ олий таълим муассасаси ва илмий ташкилотнинг қарийб 500 нафар ёш олимини АҚШ, Германия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Исроил ва бошқа 30 дан ортиқ етакчи хорижий давлатга илмий стажировкага юбориш мақсадида 20,3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Ёш олимларимиз ушбу малака ошириш жараёни давомида соҳанинг профессионаллари билан ҳамкорликда илмий изланиш қилиб, малака ва тажрибасини оширишга ҳамда хорижий илмий институтлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилмоқда.

Инновацион фаолият учун замонавий инфратузилмаларни шакллантириш борасида 2018-2021 йилларда ҳудудларда 8 та технопарк, 1 та бизнес инкубатор, 1 та бизнес акселератор ва 1 та инновацион полигон ташкил этишга жами 102,4 миллиард сўм йўналтирилди. 2022 йил охиригача ҳудудлардаги Ёшлар технопаркларини ташкил этиш учун 29,5 миллиард сўм ажратилди. Ушбу замонавий платформалар юқори малакали мутахассисларнинг бир жойда тўпланиши натижасида илмий-техника ва техника-технология ишланмаларини яратиш ҳамда уларни қўллашни жадаллаштириш мақсадида ташкил этилган. Бугунги кунда технопаркларда янги кашфиётлар қилиш, инновацион ғояларни амалиётга татбиқ этиш учун барча шароит яратилган.

Бу ишлар Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятининг бир қисми, холос. Келгусида бажарилиши режалаштирилган юмушлар эса талайгина.

Бунёджон ОХУНОВ,

илм-фанни молиялаштириш ва

инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси

ижро этувчи директори