Саноат ишлаб чиқариш объектлари, агросаноат мажмуаси корхоналарига ташриф буюрилди, улар мисолида турли тармоқларнинг ривожланиш даражаси, аҳолининг коммунал ва ижтимоий инфратузилмага бўлган эҳтиёжи, янги иш ўринлари яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўрганилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари тадбиркорлар ва экспортчилар билан бевосита мулоқот кириб, ишлаб чиқариш ва экспорт фаолияти жараёнида юзага келаётган муаммоларни муҳокама қилдилар ва уларни ҳал этиш алгоритмларини ишлаб чиқдилар. Мутасадди раҳбарларга уларни бевосита жойларда амалга ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Вилоят саноатини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ички бозорда, асосан, импорт ҳисобига талаби қондирилаётган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга инвестицияларни жалб этишни жадаллаштиришнинг аҳамияти қайд этилди. Шу муносабат билан, Навоий вилоятида ҳудудий импорт тузилмасини батафсил таҳлил қилиш, аниқ маҳсулот позицияларини аниқлаш ва ушбу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида лойиҳавий таклифларни ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, аҳолини инфратузилма ва ижтимоий хизматлар билан таъминлашда мавжуд муаммоларнинг инвентаризациясини ўтказиш, уларни бартараф этиш бўйича масъул раҳбарлар ва муддатларни кўрсатган ҳолда аниқ амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топширилди.
Айни вақтда ишчи гуруҳ вилоятдаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқишда давом этмоқда, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.