Мамлакат обрўси, нуфузига путур етказиш, одамлар тафаккурини издан чиқаришга қаратилган мазкур ғоявий уруш фуқаролар, айниқса, ёш авлодни бузғунчи қарашлар домига тортишни мақсад қилган. Бундай шароитда тарбия борасида миллий қадрият, урф-одат, анъаналар руҳи бўй кўрсатиши, ахборот майдонида миллий контент яратиш вазифаси муҳим ва илғор позицияни эгаллаши лозим.
Давлатимиз раҳбари 2024 йил 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида бу масалага алоҳида урғу бериб, журналистларни мамлакат ахборот маконида миллий контент яратишга чақирган, дунёдаги воқеаларга миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан баҳо бериш, халқимизни турли ахборот хуружларидан сақлаш муҳимлигини таъкидлаган эди.
Бугун оламшумул ўзгаришлар даврида яшаяпмиз. Мутахассислар фикрича, миллий контент фойдаланувчи аудитория учун ишлаб чиқилиши зарурлигини тушуниш ва англаш лозим. Медиамаҳсулотдан фойдаланувчилар эҳтиёжини билиш ва эътиборга олиш жуда муҳим. Фойдаланувчи миллий ресурслардан қаноатланмаса, миллий контентдан ўзига қизиқарли ва керакли ахборотни топа олмаса, ўзга ресурслардан излайди.
Миллий қадрият, маънавият, урф-одат, анъана, тарих ўз-ўзидан ва бир кунда пайдо бўлиб қолмаган. Ушбу бебаҳо бойликка эришиш, уни асраб-авайлаб, авлоддан авлодга етказиш учун жуда катта ишлар қилинган, ота-боболаримиз бу йўлда жонини ҳам аямаган. Шундай экан, ушбу меросни кейинги авлодга сақлашимиз, янада бойитиб, сайқаллаб, бекам-кўст етказишимиз зарур.
Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Бугун ушбу таҳдидлар қаторига қўшилган радикаллашув балосидан ёшларни муҳофаза қилиш энг долзарб масалалар қаторига чиқди. Шахс ёки гуруҳнинг кескин, зўравон ғоялар ва ҳаракатларга мойил бўлиб бориш жараёни радикаллашувдир. Ушбу жараёнда одамлар ёт ғоялар таъсирида жамиятдаги мавжуд вазиятга қарши чиқишга, баъзан зўравонлик воситалари орқали ўз мақсадларига эришишга уринади. Радикаллашувнинг асосий белгилари экстремизм, зўравонлик, жамият ёки давлат тузумига қарши чиқиш, терроризмга мойиллик кабиларда намоён бўлади.
Бундай шароитда геосиёсий барқарорлик сиёсати — давлатлар ёки халқаро ташкилотлар томонидан радикаллашув ва экстремизм хавфларига қарши комплекс ёндашув орқали тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш сиёсати юритилади. Таълим ва ахборот сиёсати, радикал ғояларга қарши илмий, маърифий тарғибот, ислом динининг асл моҳиятини тушунтириш, интернет ва ижтимоий тармоқларда зиддиятли контентларга қарши курашиш, бу мақсад йўлида минтақавий ҳамкорлик, чегара хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчи шахсларни жазолаш билан бирга уларни қайта ижтимоийлаштириш мазкур сиёсатнинг бош йўналишларидир.
Афсуски, радикаллашув XXI аср муаммосига айланиб улгурди. Бу жараён кўплаб давлатларнинг хавфсизлиги ва барқарорлигига таҳдид солмоқда. Хусусан, Марказий Осиёдаги геосиёсий мувозанатни сақлашда радикал ғоялар ва террорчилик гуруҳларининг фаоллиги жиддий хавф туғдирмоқда. Ўзбекистон ушбу муаммонинг олдини олиш ва бартараф этишда изчил ва тизимли сиёсат юритмоқда.
Юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, ички ва ташқи сиёсатимиз барқарорлиги йўлида бошланган саъй-ҳаракатлар сўнгги йилларда Марказий Осиёдаги геосиёсий ҳолатни ҳам ўзгартириб юборди. Айниқса, қўшнилар билан иқтисодий, тижорий, илмий-маърифий соҳалардаги тенг ва очиқ ҳамкорлик кўнгилдаги армонларни аритди.
Ўзбекистон дунёвий давлат сифатида диний бағрикенглик, динлар ва конфессиялараро тотувлик ҳамда ҳамжиҳатликни қўллаб-қувватлайди, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга асло йўл қўймайди. Шу боис, радикаллашувга қарши курашишда кенг қамровли геосиёсий барқарорлик сиёсати юритилмоқда.
Биргина “Меҳр” операциялари доирасида Сурия ва Ироқдаги можаролар зонасидан қайтарилган аёллар ва болаларга кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам, радикал гуруҳлар таъсирига тушган шахслар билан олиб борилаётган психологик ва ижтимоий реабилитация ишлари халқаро ҳамжамият томонидан инсонпарварликнинг олий намунаси сифатида эътироф этилмоқда. Радикаллашувга қарши сиёсат маърифат, ҳуқуқий онг ва ижтимоий адолатга асослангани оқилона ечим сифатида баҳоланмоқда.
Бугун диний радикал ғоялар, экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотларнинг ахборот хуружи аҳоли, айниқса, ёшлар онги учун жиддий таҳдид солмоқда. Ушбу таҳдидларга қарши самарали курашишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Телеканаллар, радиостанциялар, интернет сайтлари, газета ва журналларда минглаб журналистлар фаолият юритмоқда. Бироқ радикализм, экстремизм ва терроризмга қарши журналистик йўналишда ишлаётган ижодкорлар камчиликни ташкил қилади. Бунинг ортида мавзунинг мураккаблиги, журналистларнинг махсус тайёргарлиги етарли эмаслиги, хусусан, радикализм масаласининг сиёсий, геосиёсий, иқтисодий, диний ва мафкуравий жиҳатларидан воқифлик даражаси пастлиги каби қатор омиллар ётади. Оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилаётган анжуманлар жараёнида мазкур муаммо янада яққол кўзга ташланмоқда.
Шу боис, журналистларни ахборот хуружи, дезинформация ва диний радикализм таҳдидларига қарши маърифий ёндашувлар асосида қайта тайёрлаш, уларни бу мураккаб жараёнларни холис ва таҳлилий ёритишга қодир мутахассисларга айлантириш бугунги кун талабидир.
Ахборот майдонидаги манипуляциялар, сохта маълумотлар ва тарғибот-ташвиқот воситасида онгни бошқаришга қаратилган уринишлар фақат медиа соҳасининг муаммоси эмас, балки миллий хавфсизликнинг ажралмас қисмидир.
— Радикализм фақат динга оидми деган саволга “ҳа” деб жавоб бериш мутлақо нотўғри эканини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, — дейди Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳузуридаги “Зиё” медиа маркази директори Абдуҳамид Мухторов. — Радикализм жуда кенг тушунча ва унинг кўплаб шакли мавжуд. Бу тушунчаларнинг ҳар бири турли соҳа, ғоя ёки йўналишларга алоқадор. Радикализмнинг асосий шакллари сифатида диний радикализм, сиёсий радикализм, ижтимоий радикализм, этник радикализм, экологик радикализм, технологик радикализм ва атеистик радикализм тилга олинади.
— Радикаллашувнинг асосий қурбони ёшлар, — дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов. — Улар интернет орқали осонликча бошқарилишга мойил. Бунда ривожланиш йўлига дадил кириб бораётган давлатни тараққиётдан тўхтатиш учун барча имконият ишга солинади. Бу борада турли-туман найранг ва босимлар бор. Сунъий тарзда гуманитар инқироз келтириб чиқариш, савдо уруши, озиқ-овқат эмбаргоси, техника ёки хизматларга нисбатан санкциялар, ҳарбий чекловлар, ҳатто жаҳон ҳамжамиятини ишонтирадиган бирор-бир баҳона билан тўғридан тўғри босқин қўллаш шулар жумласидан.
Ўзбекистон сингари барқарорлик ва тараққиётни мақсад қилган давлатлар учун бу муаммо нафақат хавфсизлик соҳасида, балки маънавий, ижтимоий, сиёсий барқарорлик нуқтаи назаридан ҳам жиддий ёндашув талаб этади.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири