Нархлар изчил ва тахмин қилинадиган муҳитда аҳоли келажакни режалаштиради, тадбиркор эса ишонч билан сармоя киритади. Натижада иқтисодиёт сифат жиҳатидан ўсиш имконига эга бўлади. Шу боис, нарх барқарорлиги статистик кўрсаткичдан кўра ҳаётий аҳамиятга эга.
Аммо инфляция кучайган шароитда бу мувозанат издан чиқади. Озиқ-овқат, дори- дармон ёки коммунал хизматлар нархининг тез-тез ўзгариши аҳолининг кундалик режаларига бевосита таъсир қилади. Даромади чекланган оилалар, биринчи навбатда, истеъмол харажатини қисқартиришга мажбур бўлади. Оддий мисол: ўтган йили муайян миқдордаги маблағга бир ҳафталик озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилинган бўлса, бугун ўша пулга камроқ товар олиш мумкин. Бу ҳолат пулнинг қадри пасайганини англатади. Яъни маблағ миқдори ўзгармаган бўлса-да, имконияти қисқарди.
Шунингдек, инфляция тадбиркор ва ишлаб чиқарувчилар учун ҳам оғир муаммо туғдиради. Хомашё ва транспорт харажати тез-тез ўзгариб турган шароитда маҳсулот таннархини аниқ ҳисоблаш қийинлашади. Бу эса янги лойиҳаларга сармоя киритишда эҳтиёткорликни кучайтиради. Узоқ муддатли инновацион режалар ортга сурилади, қисқа муддатли фойдага эътибор кўпроқ бўлади. Шу орқали иқтисодий ўсишнинг сифат жиҳатдан ҳам сусайиши кузатилади.
Инсон бугун меҳнат қилади ва эртанги кунга ишонч билан қарашни истайди. Агар топган маблағининг қадри сақланишига ишонч бўлса, у жамғаради, режа тузади, сармоя киритади. Агар ишонч сусайса, эҳтиёткорлик ва иккиланиш кучаяди. Шу боис, инфляцияни жиловлаш макроиқтисодий вазифа эмас. Бу ҳар бир хонадон дастурхонида барқарорликни таъминлаш, бозорда тадбиркор учун аниқлик ва жамият онгида ишончни сақлаш масаласидир. Барқарор нарх муҳити шаклланганда иқтисодий ўсиш рақамларда эмас, балки ҳар бир оиланинг турмуши, харид қобилияти ва келажакка ишончида акс этади.
Мамлакатимиз иқтисодиётида яширин фаолият улушини қисқартириш, иқтисодий ўсиш суръатига тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш давлат сиёсатидаги устувор йўналишлардан бирига айланди. Бу борада, хусусан, солиқ маъмурчилиги ислоҳ қилинмоқда ва уни рақамли ечимлар асосида замонавий даражага кўтариш орқали иқтисодиётдаги хуфиёна айланмаларни қисқартириш бўйича тизимли ишлар изчил бажариляпти.
Яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар нафақат иқтисодий самарадорлик, балки ижтимоий адолат ва давлатга ишонч муҳитини мустаҳкамлаш билан ҳам боғлиқ. Ҳудудлар ва тармоқлар бўйича қилинаётган ишлар самарадорлигини ошириш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, иқтисодий жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш ҳамда бюджет даромадини кенгайтириш мақсадида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Уларнинг асосий йўналиши — яширин фаолиятни легаллаштириш, солиқ базасини мустаҳкамлаш ва ички захираларни самарали ишга солишдан иборат.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 10 декабрдаги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу жараённи тизимли ва самарали амалга оширишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Фармон солиқ органларига иқтисодиётдаги хуфиёна айланмаларни қисқартириш, солиқ маъмурчилиги самарадорлигини ошириш ва бизнес муҳитини рағбатлантириш учун янги имконият ва инструментлар тақдим этади.
Биринчидан, фармон мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка етарли даражада етказилиши зарур. Шу мақсадда ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашувлар ташкил қилинди, уларга янги нормаларнинг моҳияти ва амалиётда қўлланиши тушунтирилди. Янги тизимнинг фойдали жиҳатлари содда ва тушунарли тарзда видеоролик, инфографика ва бошқа визуал материаллар тарзида ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди, марказий ва маҳаллий телеканалларга узатилди.
Шунингдек, ўтган даврда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот ишлари фаол олиб борилди. Тадбиркорлик субъектларининг шахсий кабинетига ҳам фармон талаблари ҳақида хабарномалар юборилди. Бу эса солиқ тўловчиларнинг янги тизимга мослашувини тезлаштирди ва уларнинг ҳуқуқий онгини мустаҳкамлади.
Бундай тизимли чора-тадбирлар туфайли солиқ органлари назоратчи бўлиш билан бирга рақамли технологиялар ва ахборот воситалари орқали хизмат кўрсатувчи, тадбиркор ва аҳоли учун барқарор ишонч муҳитини таъминловчи институтга айланди. Яширин иқтисодиётни қисқартириш орқали иқтисодиётда аниқ ва шаффоф жараёнлар ривожланмоқда. Бу эса узоқ муддатли иқтисодий ўсишнинг асосий пойдеворидир.
Ушбу жараён давлат ва тадбиркорликнинг ўзаро ишонч ва ҳамкорлик асосида ривожланишига мисол. Солиқ маъмурчилигини рақамли ечимлар асосида такомиллаштириш орқали иқтисодий самарадорлик таъминланиши билан бирга жамиятда барқарорлик, адолат ва инновация муҳити ҳам мустаҳкамланмоқда.
Иккинчи муҳим йўналиш сифатида мамлакатимизда солиқ маъмурчилигини рақамлаштириш ва замонавий ахборот тизимлари асосида такомиллаштириш ишлари изчил бажарилмоқда. Бу техник янгилик, давлат ва тадбиркорлик ўртасида иқтисодий жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш ва яширин айланмаларни қисқартириш билан боғлиқ стратегик жараёндир.
Фармон талабларига асосан солиқ органларининг ахборот тизимларига қатор янгилик ва қўшимчалар киритилди. Масалан, таъсисчиси ёки раҳбарлари солиқдан бўйин товлаган корхоналарга ҚҚСни тезлаштирилган тартибда қайтармасликнинг техник имконияти яратилди. Бу тадбир нафақат қонуний тадбиркорликни рағбатлантириш, балки адолат ва масъулият муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, солиқ органлари устав капитали ва ундаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни электрон тақдим этиш ва ҳисобга қўйиш имкониятини ҳам яратди. Бу тадбир тадбиркорлар учун вақт ва маъмурий юкни камайтириш, солиқ ҳисоботларининг аниқлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Электрон ҳисобварақ- фактураларда лицензияланадиган фаолият бўйича товарлар сотилаётганини автоматик текшириш имконияти ҳам жорий қилинди. Бу эса иқтисодий операцияларнинг шаффофлигини таъминлаш ва яширин айланмаларни камайтиришга хизмат қилади.
Камерал солиқ текширувлари натижаси бўйича тақдим қилинган асослар кўриб чиқилгани ҳақида хабардор қилиш тизими йўлга қўйилди. Бу солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий онгини мустаҳкамлаб, давлатга ишончини таъминлайди. Қурилиш пудрат шартномаларини солиқ органларида ҳисобга олиш имконияти амалиётга жорий этилиб, марказлашган қурилишлар бўйича электрон ҳисобварақ-фактурада “kapital_ID”ни кўрсатиш орқали Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан интеграция таъминланди. Бу тадбир сармоя ва қурилиш лойиҳаларининг шаффофлигини таъминлайди, тадбиркорлар учун барқарорлик ва аниқлик яратади.
Шунингдек, импорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари муайян муддатда сотилмаган ва қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваридан ортиқ бўлган ҳолатларда сайёр текширувга номзод шакллантириш бўйича хавфни таҳлил қилиш тизимига янги мезонлар киритилди. Бу тадбир иқтисодиётдаги ресурсларни самарали тақсимлаш, таҳдидлар ва хавфларни олдиндан прогноз қилиш имконини беради.
Жисмоний шахслар учун ҳам рақамли қулайликлар кенгайтирилди. my3.soliq.uz электрон хизмати орқали шахсий кабинетнинг “Хизматлар” ойнасида “жисмоний шахсларнинг даромади ва харажатлари” модуллари жойлаштирилди. Бу хизмат солиқ тўловчиларга ўз молиявий ҳаракатини аниқ, осон ва қулай тарзда кузатиш, барқарор режалаштириш ва маблағлардан самарали фойдаланишга замин яратади.
Рақамли трансформация солиқ тизимини назорат қилувчи, хизмат кўрсатувчи, ишончли ва инсонпарвар институтга айлантиришга яққол мисолдир. Ҳар бир электрон хизмат ва автоматлаштирилган жараён тадбиркор ва давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайди, иқтисодий қарорларнинг аниқлигини таъминлайди ҳамда иқтисодиётдаги яширин айланмаларни камайтиради.
Шу тариқа рақамли технологиялар ва ахборот тизимларини жорий қилиш солиқ маъмурчилигидаги замонавийлик ва барқарорликни белгилайди. Бизнес муҳитини рағбатлантириб, иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ва жамиятда ишонч муҳитини мустаҳкамлайди.
Учинчи муҳим йўналиш сифатида фармон талаблари бўйича Солиқ қўмитасига солиқ маъмурчилиги самарадорлигини ошириш ва яширин иқтисодиётни қисқартириш учун тегишли норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш топширилган. Бу жараён нафақат қонуний базани, балки тадбиркор ва давлат ўртасидаги ишонч муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бугун фармонда белгиланган топшириқлар асосида бир қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг тўртта қарори лойиҳалари ишлаб чиқилди. Бу ҳужжатлар замонавий солиқ маъмурчилиги учун аниқ йўналишларни белгилайди. Солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солади ҳамда иқтисодий жараёнларнинг шаффофлигини таъминлайди.
Тадбиркорликдаги ҳар бир қадам, оила режаси ва давлат молиявий сиёсати ўртасидаги узлуксиз боғлиқлик иқтисодиётнинг ҳамма жиҳатини боғлаб турган ҳаётий мувозанатдир. Янги Ўзбекистонда солиқ тизимининг замонавий трансформацияси техник ва норматив янгиланишлардан иборат бўлибгина қолмай, иқтисодий муҳитни мустаҳкамлайдиган жараён. Солиқ тизими, энг аввало, давлат ва тадбиркорлик, инсон ва иқтисодий имкониятлар ўртасида ишончнинг кўзгусидир.
Замонавий солиқ маъмурчилиги жазодан рағбатга ўтишнинг яққол мисоли. Унда назорат ва текширувлар фақат адолат ва шаффофликни таъминлаш учун хизмат қилади, тадбиркорлар эса ўз режасини эркин ва аниқ шаклда рўёбга чиқариши мумкин. Проактив ҳисоботлар, рақамли хизматлар ва камерал текширувларнинг автоматлаштирилиши тадбиркор учун фақат техник қулайлик эмас, балки иқтисодий эркинлик ва стратегик ишончни ҳам тақдим этади. Энди тадбиркорнинг ҳаракатлари жазодан қочиш ёки номаълум хавфдан қўрқиш эмас, балки самарали сармоя киритиш, янги иш ўринлари очиш ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишга қаратилади.
Солиқ тизими халқ ва давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик рамзидир. Ундаги шаффоф ва барқарор муҳит ҳар бир оиланинг кундалик ҳаётига таъсир қилади: харид қобилияти, сармоя киритиш имконияти, ижтимоий барқарорлик ва келажакка ишонч шулардан иборат. Нарх барқарорлиги ва инфляцияни жиловлаш ҳам айнан шу ишончни сақлаш билан боғлиқ. Агар пул қадри сақланса ва иқтисодий муҳит прогноз қилинадиган бўлса, ҳар бир фуқаро ва тадбиркор ўз хатти-ҳаракатини ишонч билан режалаштириши мумкин. Инфляция эса бу ишончни сусайтиради, ижтимоий-иқтисодий қарорлар самарадорлигини пасайтириб, инновация ва сармоя киритишга тўсиқ бўлади.
Шу нуқтаи назардан, солиқ тизимини рақамли технологиялар ва ахборот тизимлари асосида модернизация қилиш нафақат иқтисодий самарадорликни таъминлайди, балки яширин иқтисодиётни қисқартириб, адолат ва ишонч муҳитини мустаҳкамлайди. Бу жараёнда давлат ва тадбиркорлик ўртасидаги ҳамкорлик ўзининг ҳақиқий маъносини топади: назорат ва қонунийлик билан рағбат ва эркинлик ўзаро уйғунлашади.
Бундан ташқари, замонавий солиқ тизими иқтисодий ўсишнинг сифати ва барқарорлигини белгилайдиган марказий институтдир. У фақат рақамлар, ҳисоб-китоблар ва бюрократия билан чегараланмайди. Аксинча, ҳар бир хонадон ҳаётида, тадбиркорнинг режаларида, оилаларнинг келажакка ишончида ўз аксини топади. Солиқ тизими орқали иқтисодий айланмалар шаффофлашади, сармоя ва ресурслар самарали тақсимланади, янги иш ўринлари ва инновацион лойиҳалар учун имкониятлар очилади.
Шу билан бирга, солиқ маъмурчилигини рақамли трансформация асосида такомиллаштириш иқтисодий жараёнларнинг самарадорлигини ошириш баробарида жамият онгида ишонч ва барқарорликни мустаҳкамлайди.
Сардор ТОЛЛИБОЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири