Дарё ва кўлларда сақланаётган сув ҳажми 52 километр куб бўлиб, унинг 39 километр куби қўшни давлатларга оқиб кетади.
Сув захиралари Тўхтағул, Кампиробод, Киров, Ўртатўқай ва бошқа сув омборларида тўпланиб, улардан йилига Ўзбекистон 25 километр куб, Хитой 7, Қозоғистон 5 ва Тожикистон 2 километр куб сув олади.
Мамлакатда бу йил оқар сувларнинг кескин камайиши оқибатида пойтахт Бишкекда ҳам сув танқислиги вужудга келди. Қирғиз расмийлари буни қизиқ ҳолат билан изоҳлашмоқда. Бутун дунёда, жумладан, Қирғизистонда ҳам музликлар эриб бораётгани ташвиш туғдираётган бир пайтда мамлакат парламентида сув танқислигига айнан музликлар эримаётгани сабаб бўлаётгани келтирилди.
Бу қирғиз ва қозоқ ҳукуматлари ўртасида сув масалалари доирасида кўп маротаба тилга олинаётган Чу ҳавзасидаги Киров сув омборига қуйиладиган сой оқимининг кескин камайишида ҳам кўринган. Ўтган йилнинг мос даврида сониясига 13,7 метр куб ҳажмда сув келтирган мазкур сойда ҳозирда сониясига 1 метр куб сув оқмоқда, холос. Қирғизистоннинг баланд тоғликларида ўтган июлда муз эриши, бошқача айтганда, дарё ва сой ирмоқларида гляциал оқим деярли юз бермади.
Денгиз сатҳидан 3,7 километр баландда жойлашган Тян-Шань қирғиз тоғ метеокузатув пунктида 14-15 июль кунларини ҳисобга олмаса, тўлиқ июль ойида тунги минимум ҳароратлар +0 -2 даража совуқ атрофида бўлди. Натижада музликларнинг эриши жуда секинлашди.
Норин дарёси ҳам июлда Тўхтағул сув омборини сониясига 600-800 метр куб сув билан таъминлади. Ваҳоланки, июнда Норин юқори қисмида сониясига 1500 метр кубгача сув оқими шаклланиб, қарийиб 15 кун давомида катта сув оқими Тўхтағул сув омборига қуйилган эди.
Мутахасислар ҳудудларда сув танқислигини барқарор ҳолатга қайтиши учун куз-қиш мавсумларида ёғингарчиликнинг кўпроқ бўлишига умид қилишмоқда, дейилади t.me/uzb_meteo телеграм саҳифасида.