Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 28 июлда қабул қилинган тегишли қарорига кўра имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини стандартлар асосида баҳолаш ва ажратилган маблағлар самарадорлигини таъминлаш Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига юклатилган.
Жамғарма мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда 14 та Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази, 11 та Республика даражасидаги, 41 та ҳудудий ва 22 та нодавлат тиббиёт ташкилоти билан 576 млрд. сўмлик шартнома имзолади.
Эндиликда имтиёзли тоифадаги беморлар давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотлари орасидан ўзига қулайини танлаб, тиббий хизматлардан бепул фойдаланиши мумкин.
Бемор даволанганидан сўнг Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси муассасага кўрсатилган тиббий хизматларни асословчи ҳужжатларга мувофиқ, сарфланган маблағни Давлат бюджети ҳисобидан ўтказиб беради. Беморлар бу қулайликдан фойдаланиши учун оилавий шифокорга мурожаат қилади ва ахборот тизимида йўлланма шакллантирилади.
Сўнгра шаффоф тизим орқали беморлар навбати қачон келиши ҳақида хабардор бўлиб боради, агарда йўлланма тасдиқлангангач бемор 60 кун мобайнида тегишли тиббиёт ташкилотига мурожаат қилмаса, ушбу йўлланма ўз кучини йўқотади.
Жорий йилнинг 7 ойида 58 минг нафардан кўпроқ имтиёзли тоифадаги бемор йўлланма асосида тиббий хизматлардан бепул фойдаланди. Мисол учун, Академик В.Вахидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида даволанган 1,5 минг нафардан кўпроқ бемор учун қарийб 35 млрд. сўм тўланди. Жумладан, 208 нафар беморда буйрак, 19 нафарида жигар кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилган. Бундай юқори технологик амалиётларнинг ҳудудларда ҳам ўтказилаётган эса таҳсинга лойиқ.
Даволанган беморларнинг 52 фоиз Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази, 34 фоизи республика муассасалари, 11 фоизи ҳудудий ҳамда қарийб 3 фоизи нодавлат тиббиёт ташкилотлари улушига тўғри келмоқда. Албатта, беморларнинг ўз яшаш ҳудудида тиббий хизматдан фойдаланиши, уларнинг пойтахтга келиб ортиқча сарф-харажат қилиши ва сарсон бўлишини олдини олмоқда.