Мазкур ҳисоботдан олдин жорий йилнинг 18 декабрь куни республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур дастлаб, Жиззах шаҳридаги «Мономаркази»дан бошланди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни касбга йўналтириш мақсадида бунёд этилган мазкур «Мономаркази»нинг қуввати бир вақтнинг ўзида 490 ўринли бўлган Жиззах шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономаркази собиқ Жиззах иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўрнида ташкил этилган.
Мономарказ фаолият юритаётган бинони таъмирлаш ва жиҳозлашда, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 14 миллиард 400 миллион сўм ва Жаҳон банкининг 1 миллиард 145 миллион сўмдан ортиқ маблағлари жалб этилди.
Марказ қайта реконструкция қилиниб, “WORLD SKILLS” талаблари асосида тўлалигича қайта жиҳозлаш ишлари ҳам якунига етказилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги таркибий тизимига кирувчи банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи Жиззах шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида 5 та хизмат тури, 22 турдаги касбга ўқитиш ва 5 та тил ўргатиш курслари фаолият юритмоқда.

Мономарказда «Ёшлар дафтари»га киритилган бандлиги вақтинча таъминланмаган жиззахлик йигит-қизлар учун сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича 8 та, техник соҳа бўйича 7 та, қурилиш соҳаси бўйича 5 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 2 та касб турлари ташкил этилган.
Шунингдек, хорижий тилларни ўргатиш курсида рус, инглиз, корейс, хитой ва япон тиллари, рақамли технологияларни ўргатиш курсида эса компьютер саводхонлиги, дастурчи
1С бухгалтерия мутахассисликлари ўргатилади.
Айни пайтда мономарказда 24 та касб-ҳунар ва 3 турдаги тил ўқув курсларида 317 нафар банд бўлмаган ёшлар ўқитилиб, касб-ҳунарга ўргатилмоқда.
Навбатдаги манзил Жиззах шаҳридаги “Sambhram” технология университети бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 июндаги «Жиззах шаҳрида “Sambhram” университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 401- сонли қарорига асосан Жиззах шаҳридаги “Sambhram” университети ташкил қилинди.
“Sambhram” университети (Ҳиндистон) нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади. Университетда ўқитиш кундузги таълим шаклида, инглиз тилида ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Университетда 2021-2022 ўқув йилида 2000 га яқин талаба қабул қилинган бўлиб, таълим муддати 4 йил бўлган (кундузги) 3 та бакалавр йўналиш ва таълим муддати 2 йил бўлган 2 та магистратура мутахассислиги бўйича ҳужжатлар қабул қилинди. Булар: Бакалавриат 1.Ахборот технологиялари муҳандис-дастурчиси (B.Tech.IT)-700 нафар, Ахборот технологиялари фанлари (B.Sci.IT)-500 нафар, Бизнес бошқаруви (ВВА.IT)-700 нафар.
Магистратура : Ахборот технологиялари фанлари (М.Sc.IT)-50 нафар, Бизнес бошқаруви (МВА.IT)-50 нафар. Университет битирувчиларига Ўзбекистон ва Ҳиндистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилади.

Университет учун ажратилган Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов кўчасида жойлашган собиқ Олий ҳарбий авиация билим юрти бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмачи этиб белгиланган.
Бугунги кунда университетда 200 ўринли ошхона биноси ҳамда 500 ўринли ётоқхоналарнинг таъмирланиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Университетнинг фаолият кўрсатиши учун жорий йилнинг 16 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Нодавлат таълим хизматлари соҳасида фаолиятни амалга оширилиши учун № 0039 сонли лицензия олинди.
Ҳозирги кунда 1500 нафардан ортиқ талабалар дарс машғулотларида иштирок этмоқда. Дарс жараёнлари 2 сменада ташкил этилган.
Университет фаолиятига Ҳиндистондан 16 нафар профессор-ўқитувчилар ва Ўзбекистондан 30 нафар профессор-ўқитувчилар жалб этилди. Умумий илмий салоҳият 30% ни ташкил этади.
Меҳмонлар Жиззах шаҳридаги «Президент мактаби»даги шарт-шароитлар билан таништирилди.
2019 йил 20 февралдаги «Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида»ги Президент Қарори халқ таълими тизимидаги янгиланишлар кўламини кенгайтириб юборди. Мазкур Қарорга асосан республикамизда ташкил этилган илк Президент мактаблари кўплаб иқтидорли ёшларга ўз қучоғини очди. Шу қаторда Жиззах шаҳрида 144 нафар иқтидорли ўқувчиларни ўз бағрига олган, барча шарт-шароитларга эга замонавий Президент мактаби ҳам расман ўз фаолиятини бошлади.
Президент мактабининг 144 нафар ўқувчиси вилоятимиз мактабларидаги 260 минг нафарга яқин ўғил-қизларимиз орасидан энг сараси, билимдони, иқтидорлиси сифатида бу ер таълим-тарбия олишади. Қисқа фурсат ичида 70,7 млрд.сўм бюджет маблағлари эвазига бунёд этилган мазкур муассасада ўқувчилар учун 120 ўринли ошхонада барча шароитлар яратилган. 50 ўринли мактаб кутубхонасида 9500 дан зиёд энг сара китоб ва қўлланмалардан иборат фонд мавжуд.

Мактабдаги ўқув-тарбия жараёнлари халқаро Cambridge Assessment International Education таълим системаси ва маҳаллий таълим тизимимиз интеграциялашган ҳолда ташкил этилган.
Бундан ташқари, ўқувчиларнинг иқтидори, аниқ фанлар ва технологияларга қизиқиши, яратувчанлик салоҳиятини ўстиришга хизмат қиладиган робототехника, моделлаштириш, креатив ижод тўгараклари, физика, кимё, биология каби табиий фанларни чуқурлаштирилган ҳолда ўзлаштириш имконини берадиган лаборатория хоналари ташкил этилган.
Мактабда Флиппиндан 3 нафар, Ҳиндистондан 2 нафар, Хорватия, Покистон,Буюк Британия ва Шотландиядан 1 нафардан жами 9 нафар хорижлик малакали ўқитувчи ёшларга таълим беришади.
Пресс-тур давом этмоқда.
Шаҳзод Ғаффоров,
«Янги Ўзбекистон» мухбири