Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси ҳамда Канада шифокорлар ва жарроҳлар Қироллик коллежи вакиллари (Royal College of Physicians and Surgeons of Canada) ҳамкорлигида ташкил этилган онлайн вебинарда, коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш хусусиятлари муҳокама этилди.

Онлайн мулоқотда, Оттава университети тиббиёт профессори, Канада шифокорлар ва жарроҳлар Қироллик коллежининг катта ўқитувчиси, Пер Кардинал иштирок этди.

Миллий палата томонидан ташкил этилган онлайн вебинарда, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жарроҳлик ва анестезиология бўлими бошлиғи Иван Фокин, нейрохирург ва Республика нейрохирургия илмий марказининг инновациялар бўлими бошлиғи Равшан Йўлдошев ва республикамиз йирик клиникаларининг 50 дан зиёд тиббиёт соҳаси вакиллари, анестезистлар ва реаниматологлар, эпидемиологлар, юқумли касалликлар бўйича мутахассислар, терапевтлар иштирок этди.

Мулоқот Пер Кардиналнинг тақдимоти билан бошланди.

 Канаданинг етакчи мутахассиси реанимация ва интенсив терапия бўлимида (РИТБ) COVID-19 билан оғриган беморларни даволаш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

Пер Кардинал пандемия касаллиги билан боғлиқ пневмониянинг шу кунгача аниқланмаган иккита асосий фенотиплари - "L" ва "H" турлари хослигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бундан ташқари, ҳар бир фенотип учун гипоксемиянинг ўзига хос патофизиологияси, яъни қондаги кислород етишмовчилиги даражаси мавжудлиги ҳам қайд этди.

"Мен ҳозиргача COVID-19 каби пневмонияни кўрмадим", - деди профессор. “Хусусиятлардан бири шундаки, гипоксемиянинг етарлича кучли кўрсаткичлари билан, баъзи беморлар ўз-ўзидан нафас олишлари ва ўзларини яхши ҳис қилишлари мумкин. Бу "L" фенотипи сифатида тавсифланади. Иккинчи фенотипга келсак, бунда беморларда қаттиқ нафас қисилиши кузатилади”.

 Кардинал касалликнинг турли босқичларида беморларни назорат қилиш хусусиятлари ҳақида ҳам  сўзлаб берди.

Онлайн мулоқот чоғида шифокорлар бир қанча саволларни муҳокама қилдилар.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тадбирнинг асосий маърузачиси Пер Кардинал CRI - Интенсив парвариш бўйича таълим тармоғининг асосчисидир, унинг мақсади тиббий хизмат сифати ва беморларнинг хавфсизлигини таълим фаолияти орқали яхшилашга қаратилган.

2018 йилда доктор П. Кардинал Канадада интенсив терапия соҳасидаги мукаммаллик учун “Frank S. Rutledge” мукофотига сазовор бўлган. У, шунингдек, 2019 йилда Оттава Университетининг Тиббиёт бўлимида "Резидент танлови - Клиник ўқитувчилар мукофоти" (Resident Choice -Clinical Teaching Award) ни ҳам қўлга киитган.