Хусусан, Усмон Носир ҳаёти ва ижодини тадқиқ этган олимлардан бири бўлганим туфайли бу қарор мени қаттиқ ҳаяжонлантирибгина қолмай, мудроқ хотираларим ва орзуларимни уйғотиб юборди.
Истеъдод мактаби...
Усмон Носир... 1937 йил, февраль ойи...
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг биноси катта залида ҳали 25 ёшга тўлмаган шоирнинг ижодий кечаси бўлган. Кечада сўзга чиққан нотиқлар бир оғиздан уни “ҳозирги ўзбек шеъриятининг қуёши” деб таърифлаган эди.
Ваҳоланки, ўша вақтда ўзбек шеърияти бўстонида Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон сингари машҳур шоирлар ижоди барқ уриб турган. Усмон Носир эса янгиланиб бораётган ўзбек шеърияти осмонида бамисоли порлоқ юлдуз мисоли пайдо бўлди. Шу йилларда ўзбек шеърияти эшигини чертиб кираётган Шуҳрат, Ҳамид Ғулом, Шукрулло, Туроб Тўла сингари ёш шоирлар бу юлдуз шуълаларидан баҳраманд бўлган ҳолда таниқли шоир ва ёзувчилар бўлиб етишди. Уларни “Усмон Носир мактаби”дан етишиб чиққан шоирлар, десак хато бўлмайди.
* * *
Ҳар қандай шоир ёки ёзувчининг болалик ва ёшлик йиллари бўлади. Улардан камдан-ками шу фаслда фикр ва туйғу ифодаси равон ва мафтункор шеърларни ёзишга муваффақ бўлади. Бундай “илиги тўқ” шеърларни ёзиш учун ёш шоир йиллаб машқ қилиши, ёзилган ўнлаб шеърларини йиртиб ташлаб, уларда тополмаган ранглар, оҳанглар, поэтик образларни яратиш малакасини эгаллаши лозим.
Усмон Носир ҳам дастлаб аксар шоирлар умрининг шундай баҳорий фаслини бошидан кечирди. У шеърдан шеърга, тўпламдан тўпламга шоир сифатида ўсиб ва шаклланиб борди. Шу даврда Фирдавсий ва Навоий, Пушкин ва Лермонтов, Чўлпон ва Ойбек шеърларини ўқиб, устоз шоирлардан шеър ёзиш маданиятини мукаммал ўрганди.
Аммо ҳақиқий шоир бўлиш учун ижодий меҳнатнинг ўзигина етмайди. Бўлажак шоирда, аввало, ёлғиз Аллоҳ берадиган мукофот — туғма истеъдод бўлиши лозим. Туғма истеъдод билан ижодий меҳнат уйғунлашгандагина ҳақиқий шоир дунёга келади. Усмон Носир ижодида ана шундай энг муҳим икки омил чамбарчас боғланган эди.
“Туғма истеъдодни, — деб ёзган эди Абдулла Орипов “Усмон Носир ҳақида сўз” деган мақоласида, — фақат стихиядан иборат ҳолат, деб тушуниш нотўғридир. Ҳақиқий қалб эгаси ўз гражданлик даражасини, билим ва қувваи ҳофизасини муттасил кенгайтирган ҳолдагина тарих учун зарур санъаткорга айланиши мумкин. Биз бугун сўз юритаётган шоир Усмон Носир табиатнинг бениҳоя муруввати туфайли дунёга келган ана шундай истеъдод эгаси эди”.
Улуғ шоирнинг шу сўзларини ўқир эканман, “гражданлик даражасини, билим ва қувваи ҳофизаси”ни муттасил кенгайтириб яшаган шоирлар ёдимга келади. Улар қандай ижодкор эди, деган ўйлар ўтади хаёлимиздан.
“Усмон Носир деганда, — деб давом этади А.Орипов, — биз кимни тушунамиз? У шундай истеъдод эгасики, бамисоли теккан жойини куйдирувчи оловдир... Усмон Носир улуғ ва абадий шеъриятнинг дийдасидан оқиб улгурмаган шабнамдир. У ҳали қаҳқаҳага айланмай лабларимизда мангуга қотиб қолган ним табассумдир”.
Мазкур таъриф бундан қарийб тўқсон йил аввал яшаб ўтган шоир ҳаёти, ижоди ва тақдирини ўзида ифодалаган, бизни ўйга соладиган сўзлар. Агар Усмон Носир шеъриятига уларда ифодаланган фалсафий фикрлар асосида ёндошсак, шоир гувоҳи бўлган ва гувоҳи бўлмаган хушнуду фожиали воқеаларнинг акс этганини кўрамиз.
Шеъриятнинг санъат ва адабиётнинг бошқа турларидан кескин фарқ қиладиган жиҳати шундаки, шоир ўзининг тарихий давр воқеаларига, жамият ва инсон ҳаётидаги ўзгаришларга бўлган муносабатини лирик қаҳрамон образи орқали ифодалайди.
Лирик қаҳрамон бамисоли ҳаётий воқеалардан қаттиқ таъсирланиб, тилсиз қолган шоирга таржимонлик қилади. Шоир лирик қаҳрамон образи орқали ҳатто ўзи кўрмаган, тарихий-мемуар китоблардаги инсоният тарихининг дастлабки даврларидаги даҳшатли воқеалардан даҳшатга тушганини сезамиз. Шу маънода, Усмон Носир шеърларидан бирида бор-йўғи икки йилдан кейин ўзи ва замондошлари бошига тушажак фожиали тақдирни башорат қилгандек бўлиб туюлади менга.
Бу шеър “Нил ва Рим” деб аталади. У бундай сатрлар билан бошланади:
Лампам ёнур... Яраланган қанотдек оғир
Ўй босади. Юрагимда гўё сел ёғир.
Қийналаман. Тиришаман. Ҳушим паришон,
Ўтмиш, ҳозир ва келажак кўринур ҳар он.
Қадимда осмон баравар пирамидаларни, муҳташам ҳайкалларни тошдан, мармардан, тилладан ясаган, Клеопатра сингари маликалар учун эса тилла ва кумушдан ҳайратомуз зебу зийнатларни ижод қилган усталар ўша даврнинг бахтсиз қуллари эди. Ўша даврнинг валломатлари бу оч ва яланғоч қуллар меҳнатини қадрлаш у ёқда турсин, ҳатто яланғоч саҳналарда уларнинг оч йўлбарслар билан жангини томоша қилишни яхши кўрган. Ҳатто уларнинг баҳайбат ҳайвонларга ем бўлишларини томоша қилиб лаззатланишган.
Қаранг, бир томонда, шундай ўйинларни севувчи аслзодалар, иккинчи томонда —
қуллар...
То Минисдан Рамзесгача, Рамзесдан нари,
Малика қиз Клеопатра ҳукмрон даври.
Ундан тортиб... яна узоқ, яна кўп йиллар
Ҳарсанг билан ётқизилган неча минг диллар.
Кўз ёшидан, дил тошидан қурилган ҳайкал
Мағрур турар, мағрур боқар; ҳеч бирон маҳал
На оламдан, на замондан қўрқмас асти у.
Ғазабини ютиб олган қуллар дасти бу!
Қуллар... (Менман у қулларнинг ўлмас авлоди,
Мана менман, у қулларнинг ҳеч сўнмас ёди.
Мана менман, фалакларга лов-лов ўт қўйиб,
Оталарим бошларидан пойдевор ўйиб,
Озодлигим обидасин қурган инсонман!
Ўша жонман, ўша қонман ва ўша шонман!)
Усмон Носирнинг “Нил ва Рим” шеърини кичик лиро-трагик достон дейиш мумкин. Унинг лирик қаҳрамони ўзини ана шу қулларнинг авлоди, деб билади ва ҳатто ўзининг жамиятдаги ҳозирги мавқеи билан фахрланади. Ҳолбуки, сталинизм гуллаб-яшнаган 30-50-йилларда гигант қурилишларда, завод ва фабрикаларда, пахтазор далаларда қишни қиш, ёзни ёз демай ишлаган миллионлаб кишиларнинг антик давр қулларидан фарқи кам бўлган.
1937-1938 йиллардаги қатағон даврида эса қамоққа олиниб, Колима сингари абадий музликлар ўлкасига бадарға қилинган кишилар бунинг яққол мисолидир. Хусусан, 1937 йилда қамоққа олиниб, Магаданга юборилган ўзбек халқининг севимли шоири Усмон Носир шулар қаторида эди.
Шу сўзлардан кейин юқорида келтирилган: “...Қийналаман. Тиришаман, Ҳушим паришон, Ўтмиш, ҳозир ва келажак кўринур ҳар он” сатрларини қайта ўқисак, ўзини антик давр қулларининг авлоди деб атаган шоирнинг ўз фожиали тақдирини башорат қилганига ишонгинг келади киши.
Балки шундай келажакни сезибми, у эркин, озод яшашга интилди. У ҳаётни севарди.
Табиатнинг тўрт фаслидан, ўзига хос латофатидан олам-олам илҳом оларди.
У саёҳат қилиш, бошқа ўлкалар ва халқлар ҳаёти билан танишиб, уларда мавзу ва ғоялар доирасини кенгайтириш ва илҳомланиш манбаини кўрди. Шу мақсадда нафақат Ўзбекистон, шунингдек, Болтиқ ва Каспий денгизлари теварагидаги шаҳарларнинг табиати ва одамлари билан танишди. Шу маънода, уни дунё кезган шоир, десак адолатдан бўлади.
Йўлчиман, манзилим денгиздан нари,
Ложувард уфқнинг тубига яқин.
Кўнглимда дардларим дарёдек оқин,
Чайқалар; кўзларим тикилган сари.
О, йўллар!..
Чу, қора тойчоғим! Чу, қора йўрғам!
Муродга қасд қилиб югурган етур.
Бўронни севмаса, дил нечун тепур?
Тириклик не керак бемеҳнат, беғам?!
Чу, қора йўрғам!..
Усмон Носир 1935 йили Болтиқ денгизи бўйларида кезиб, ҳаёт суруридан завқ олганида қалбидан шундай лирик, айни пайтда фалсафий сатрлар пайдо бўлганди:
Денгиз ойна каби ялтирар.
Тўлқинларга суқим оқади.
Оққуш мунгли-мунгли “оҳ” уриб,
Ҳазин куйи дилга ёқади.
Ўтираман, кўнглим осуда,
Бошим узра барглар шитрайди.
Соялари лиммо-лим сувда
Танга-танга бўлиб титрайди.
Лириканинг турфа турлари бор. Юқорида икки банди келтирилган шеър — пейзаж лирикасининг намунаси. Агар Айвазовский Қора денгиз бўйлаб гудок чалиб кетаётган пароходни тасвирлаш билан ўзининг мусаввирлик
вазифасини турфа бўёқлар ёрдамида бажарилган, деб билса, Усмон Носир денгиз соҳилида ҳордиқ олаётган лирик қаҳрамоннинг мовий сувга тикилиб турган ҳолатини, боши узра денгиз шамолидан титраб турган баргларнинг тўкилиб, сувда танга-танга ҳалқалар, ҳалқачалар ясаб, титраб турганига кўпроқ
эътибор қаратади.
Ва тасвирни шундай деталлаштириш йўли билан шеърга жон бағишлайди. Лирик қаҳрамон тасаввурида шундай жонланган ва лирик шеър сифатида майдонга келган манзара уни — лирик қаҳрамонни янада тўлқинлантириб юборади:
Қандай яхши, кечқурун ёлғиз
Юрсанг, кўнглинг асти тўймаса.
Ой — гўёки паришонҳол қиз
Сочларини ёзиб ўйнаса...
Айвазовский картинасидан бу шеърнинг фарқи шундаки, биттасида пароход тасвирланган, иккинчисида эса оққуш, ой ва қиз образлари ҳийла жилва бериб ўтган бўлса, Усмон Носир шеърида лирик қаҳрамоннинг шу манзарага бўлган муносабати сўз ва поэтик образлар ёрдамида аниқ ва ёрқин ифодасини топган.
Усмон Носирнинг 1933-1935 йилларда яратган шеърлари шоир ижодининг чўққиси ҳисобланади. Афсуски, унинг сўнги шеърларини ҳам ўз ичига олган охирги китоби маълум сабабларга кўра, нашр этилмай қолди. Аниқроғи, бу тўплам ёқиб юборилган.
Истеъдодли шоир ижоди шеърдан-шеърга чаман янглиғ очилиб борган. Жумладан, 1936-1937 йилларда ёзган шеърлари аввалгиларидан ҳам маъно ва бадиий латофати билан юксак асарлар бўлгани шунга катта ишонч уйғотади.
Усмон Носирнинг лирик шеърлари (ва достонлари)даги мавзу, ғоя ва лирик қаҳрамоннинг янгилиги, лирик ва эпик манзараларнинг тасвирга тортилгани, поэтик интонация, ритм, вазн ва қофия масалалари бўйича олиб борган бадиий изланишлари ўзбек поэзиясида кескин ажралиб туришига асос бўлиб хизмат қилди. У фавқулодда қисқа ижодий умри мобайнида яратган шеърлари, достонлари ва таржималари билан ўзбек адабиёти тараққиётига улкан ҳисса қўшди.
Усмон Носирнинг 1935 йилдаги ижодий кечасида сўзга чиқиб, шоир ижодига юксак баҳо берган катта ва ёш шоирлар орасида шогирдлари бўлмаган. Унинг қисқа ижодий умрида қилган хайрли ишларидан яна бири “Усмон Носир ижодий мактаби”га асос солганидир.
Шу мактабда таълим олган шоирлардан бири Неъмат Тошпўлат эди. У 1988 йилда ёзилган “Оташин қалбдан чиққан сатрлар” мақоласида шундай дейди: “Усмон Носир ёшларнинг шеърларини ўқишдан эринмасди. Яхши маслаҳат берарди. Биз, шоир ва ёзувчи Шуҳрат, шоир ва драматург Туроб Тўла билан бирга бундан 52 йил муқаддам Тошкент радиоэшиттириш комитетининг адабиёт бўлимида ишлар эдик. Усмон Носир билан тез-тез учрашиб турардик. Янги ёзган шеърларимизга ундан маслаҳатлар олардик.
“Яхши шеър яратиш учун, — дерди у ёшларнинг машқларини ўқир экан, — чинакам меҳнат қилиш керак. Классиклардан ўрганиш ва оригиналликка интилиш шеърга ҳусн, бадиий ранг, гўзаллик ва ҳарорат беради. Қалам тебратишни орзу қилдингми, инсоннинг юрагини, кўнглини, ички дунёсини очиб беришга ҳаракат қил. Бунинг учун эса, аввало, инсон руҳини яхши билишинг, ҳаётни пухта ўрганишинг керак. Ниҳоят, шеър ёзганда, ўйламай-нетмай сўзни сўзга улаб, қаторлаштириб чиқишдан қоч. Сўзни тежаб ишлатишга — оз сўз билан кўп маънони англатишга аҳамият бер...”
Устоз шоирнинг бу қимматли маслаҳати фақат ёш шоирларга аталган эмас, балки тенгдошларига ҳам, унинг ўзига ҳам оид эди. Неъмат Тошпўлат Усмон Носир ҳақидаги хотирасини давом эттириб, яна бундай ёзган: “...Шундай дерди у. Шундай дерди-да, Пушкиндан, Лермонтовдан сатрлар ўқирди. Ҳа, Пушкиндан шеърлар ўқирди... “Ҳейне билан ўртоқ тутуниб, Лермонтовдан кўмак ўтинар”, бу улуғ зотларни чуқур ўрганар эди. Шунинг учун ҳам унинг таржимасида “Боғчасарой фонтани” ва Лермонтовнинг
“Демон”ини ўқир эканмиз, худди оригинал асарни ўқигандек лаззатланамиз”.
Шуҳрат, Туроб Тўла, Шукруллолардан кейинги авлод вакили Эркин Воҳидов Усмон Носир шеърларидан олган таассуротини шундай ифодалаган: “Истеъдод шундай бир гавҳарки, у денгиз тубида, садаф ичида ҳам — гавҳар, истеъдод шундай бир зилол ирмоқки, унинг ҳар қатрасида дарёларнинг қудрати, уммонларнинг теранлиги бор; истеъдод шундай бир гулки, унинг ҳар бир очилмаган ғунчасида чаманларнинг бўйи ва таровати бор”.
Усмон Носир шеърияти тўғрисида бу сўзлардан баланд, бу сўзлардан гўзал, бу сўзлардан пурмаъно сўзларни айтишга камина ожизлик қиламан.
Катта истеъдод юлдузи сўнмас юлдузлардан бири бўлса ажаб эмас!
Наим КАРИМОВ,
академик