Айтиш керакки, 2019 йил халқаро стандартларга мос Сайлов кодексининг амалиётга жорий этилиши миллий сайлов тизимида янги даврни бошлаб берди.
Бу йилги Президент сайлови айнан янги Сайлов кодекси асосида ўтказилаётганини уни аввалгиларидан фарқлаб турувчи асосий жиҳатлардан бири эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Мазкур сиёсий жараённи юқори савияда ташкил этиш, сайлов қонунчилиги талаблари сўзсиз, аниқ ва бир хилда ижро этилишини таъминлашда участка сайлов комиссияси аъзолари зиммасига ҳам юксак масъулият юкланган.
Шу ўринда участка сайлов комиссияларига қўйиладиган талаблар барчани қизиқтириши табиий. Биринчи навбатда, комиссия аъзолигига номзодлар йигирма бир ёшга тўлган бўлиши, ўрта ёки олий маълумотга эгалиги, қоида тариқасида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эгалиги, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар бўлиши муҳим ҳисобланади.
Сайлов кодексида участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмаслиги белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари бундан мустасно. Шу билан бирга, участка сайлов комиссияси аъзоларини шакллантиришда комиссия аъзолигига номзодлар таркибига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, ҳуқуқий билим ва малакага эга шахслар, яъни юрисконсультлар, адвокатлар ҳамда хорижий тилларни биладиган мутахассисларни ҳам киритиш тавсия этилади.
Яна бир эътиборли жиҳат, сайлов кампаниясида иштирок этаётган сайлов комиссиялари аъзолари ўз-ўзидан бошқа сайлов комиссиясига аъзо этиб тасдиқланиши мумкин эмас. Шунингдек, сиёсий партиялар аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органлари, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссияси аъзоси бўлиши тақиқланади.
Участка сайлов комиссияларини ташкил этишда давлат ва нодавлат ташкилотлар фаол иштирок этади. Бунда ушбу комиссия аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилишини алоҳида эътироф этиш жоиз. Кейинчалик бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашлари мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.
Сайлов қонунчилигида участка сайлов комиссияларини тузишнинг аниқ мезонлари белгиланган.
Биринчидан, участка сайлов комиссиялари округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида тузилади.
Иккинчидан, участка сайлов комиссиялари беш-ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан, раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда бўлади.
Учинчидан, хориждаги участка сайлов комиссиялари Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида тузилади.
Участка сайлов комиссиялари аъзоларига қандай тартибда ҳақ тўланиши ҳам юртдошларимизни қизиқтириши табиий. Миллий сайлов қонунчилигининг муҳим жиҳатларидан бири барча даражадаги сайлов комиссияларини сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, шу жумладан, участка сайлов комиссиялари аъзолари фаолияти бўйича молиялаштириш давлат бюджетидан амалга оширилишидир. Бошқача айтганда, участка сайлов комиссиялари аъзолари меҳнатига сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан ҳақ тўланади.
Қонунчилигимизда участка сайлов комиссиялари аъзоларига транспорт, овқатланиш ва бошқа харажатларни қоплаш мақсадида компенсация тўланиши алоҳида белгиланган. Бу, ўз ўрнида, ушбу шахсларнинг сайлов жараёнида ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажаришига хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, қонунчиликда доимий иш жойига эга бўлмаган участка сайлов комиссиялари аъзолари, шу жумладан, комиссия аъзолигига жалб қилинган пенсионерларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Ушбу шахсларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига мувофиқ иш ҳақи тўланиши белгиланди.
Сайлов замонавий демократиянинг муҳим институти, халқ ўз хоҳиш-иродасини билдириш воситаси сифатида мамлакатимизда жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш жараёнини жадаллаштиришнинг асосий омилидир. Участка сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари бу ғоят муҳим жараённи умумэътироф этилган халқаро стандартлар, принциплар асосида демократик тарзда, очиқ-ошкора ўтказилишида ўз муносиб ҳиссаларини қўшади.
Бекзод НАРИМОНОВ,
Тошкент давлат юридик университети
доценти в.б., юридик фанлари бўйича фалсафа доктори