Ўзбекистон экологик хавфсизликни мустаҳкамлаш ва кимёвий моддалар ҳамда чиқиндиларни барқарор бошқариш тизимини ривожлантириш йўлида изчил иш олиб бормоқда. Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган GEF VIII Ассамблеяси якунларига кўра, “Ўзбекистонда кимёвий моддалар ва чиқиндиларни экологик жиҳатдан хавфсиз бошқариш орқали Стокголм конвенциясини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш” номли янги лойиҳа маъқулланди.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан БМТ Тараққиёт дастури (BMTTD) билан ҳамкорликда,GEFнинг молиявий кўмагида амалга оширилади. Ташаббуснинг умумий бюджети 4,95 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳани 2031-йилгача амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, у кимёвий моддалар ва чиқиндилар билан экологик хавфсиз муомала қилиш соҳасидаги миллий салоҳиятни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистоннинг доимий органик ифлослантирувчи моддалар бўйича Стокголм конвенцияси доирасидаги мажбуриятларини бажаришга қаратилган.

Бугунги кунда хавфли кимёвий моддалар ва чиқиндилар билан ишлаш масалалари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Минтақанинг кўплаб давлатлари каби Ўзбекистон ҳам саноат фаолияти ва эскириб қолган пестицидлар тўпланиши натижасида юзага келган тарихий экологик ифлосланиш оқибатларига дуч келмоқда. Доимий органик ифлослантирувчи моддалар экотизимлар, биохилма-хиллик ва аҳоли саломатлиги учун жиддий хавф туғдиради, чунки улар атроф-муҳитда узоқ вақт сақланиб қолиши ва тирик организмларда тўпланиши мумкин.

Лойиҳа доирасида миллий мониторинг тизимлари ва лаборатория базасини модернизация қилиш, хавфли кимёвий моддалар ва чиқиндиларни бошқариш механизмларини такомиллаштириш, ифлосланган ҳудудларни аниқлаш ва рекултивация қилиш, шунингдек, тегишли идораларнинг техник салоҳиятини ошириш ҳамда идоралараро ҳамкорликни ривожлантириш назарда тутилган.

Лойиҳанинг бевосита фойда олувчилари қаторига тахминан 10 минг киши, жумладан, 5 минг нафар аёл кириши кутилмоқда. Асосий экологик натижалар сифатида доимий органик ифлослантирувчи моддалар билан зарарланган 565 тонна қаттиқ ва суюқ чиқиндиларни экологик жиҳатдан хавфсиз тарзда йўқ қилиш ҳамда утилизация қилиш, шунингдек, 150 тонна эскирган пестицидларни хавфсиз усулда зарарсизлантириш режалаштирилган.

Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши экологик хатарларни камайтириш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш ва табиий экотизимларни сақлаш йўлида муҳим қадам бўлади. Шунингдек, ташаббус атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича миллий мақсадларга эришиш ҳамда Ўзбекистоннинг янада яшил ва барқарор келажак сари ўтишига сезиларли ҳисса қўшади.