Натижада ХХ аср бошларидан Шаҳрисабздаги Оқсарой мажмуаси ҳудудини маҳаллий аҳоли тўлиқ ўзлаштиришга киришди. Одамлар хом ғишт ва пахсадан уй-жойлар қуриб олди.

Ўтган асрнинг 50-йилларига келиб, ер остида қолиб кетган тарихий объект тасодифий бир воқеа туфайли очилиб қолади. Бунга бир қизалоқ сабабчи бўлган. Айтишларича, Оқсарой яқинида уй-жой қуриб яшаётган маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг қизчаси ҳовлида ўйнаб юрганида ернинг бир қисми ўпирилиб, у пастликка тушиб кетади. Кутилмаган ҳолатдан ота-онаси шошиб қолади. Тезкор саъй-ҳаракатлар туфайли одамлар тўпланиб, қизчани қутқариб олади. Лекин шу жараёнда ўпирилиб тушган жой оддий чуқурлик эмаслигини йиғилганлар тушуниб қолади. Кўринишидан иншоотга ўхшаш бу жой анча кенг экани маълум бўлади. Саросимага тушиб қолган хонадон эгаси маҳалладошларининг маслаҳати билан мутахассисларга хабар бериш ҳаракатига тушади. У ўша пайтда яқиндагина академик этиб сайланган Яҳё Ғуломовга мурожаат қилади.

Шу йилнинг ўзида академик Яҳё Ғуломов бошчилигидаги археологлар бу ерда ўрганиш олиб боради. Ўтказилган текширувлар натижасида бу иншоот бир пайтлар кўмилиб кетган ер ости дахмаси экани аниқланади. Маълумотларга кўра, ўз даврида Шаҳрисабзда бўлган Испания элчиси Клавихонинг эсдаликларида ҳам ёзиб қолдирилган ушбу иншоот Амир Темур ўзи дафн этилиши учун қурдирган ер ости дахмаси экани маълум бўлади.

Дахма деярли тўртбурчак шаклда бўлиб, ўлчами 6,4х6,1 метр. Сағананинг сатҳи, деворлари ва бостирмаси пардозланган, мармарсимон оҳактош билан қопланган. Шифти эса чодирсимон гумбаз кўринишида қурилган бўлиб, юқори қисми нақшинкор квадрат шаклида бунёд этилган. Сағананинг марказида тўғри тўртбурчак шаклидаги, баландлиги 0,73 метр, бўйи 2,5 метр, эни 1,4 метр ўлчамдаги тош тобут жойлашган. Унинг устига эса 11 сантиметр қалинликдаги, хийлагина оғир мармар плита қопқоқ ўрнатилган. Сағана билан танишиш жараёнида унинг сиртида, равоқлари ҳошиясида ва тахмонларда сулс хатининг турли усулларида битилган Қуръон оятлари ҳамда дуоларга кўзингиз тушади.

Сағанани мукаммал тадқиқ қилган қадимшунослар фикрича, Амир Темурнинг ушбу мақбараси меъморий жиҳати ва ички безаклари бўйича Марказий Осиёда шу турдаги энг нодир ва йирик обидалар, қолаверса, мусулмон Шарқидаги энг ҳашамдор дахмалар қаторидан жой олади.

Манбаларга кўра, 1980 йилдан бошлаб халқаро сайёҳлик марказлари қаторига қўшилган Шаҳрисабзга дунёнинг турли жойларидан сайёҳлар кела бошлаган. Шундай бўлса-да, туристлар томоша қилиши зарур бўлган тарихий обидалар рўйхатида Амир Темур сағанаси йўқ эди. Боиси, ҳатто ёзнинг чилласида ҳам узоқ йиллар дахма захобга тўлиб ётарди. Бирор кишининг бу ерга киришга юраги дош бермасди. Дахма, умуман олганда, эътиборсиз ҳолатда сақлаб келинган.

Орадан йиллар ўтиб, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, дахмани тозалаш ишлари бошланди. Жумладан, Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш жараёнида қадимги Кешдаги бошқа меъморий обидалар қаторида Амир Темур дахмаси ҳам таъмирдан чиқарилди. Зах сувни чиқариб юбориш учун қувурлар ўтказилди. Меҳмонлар бу жойни томоша қилиши учун зарур чоралар кўрилди.

Нега Кешда эмас?

Тарихчиларнинг ёзишича, ўша даврда Амир Темур Кешдаги меъмор ва муҳандисларни чақиртириб, ўғли Жаҳонгир Мирзо мақбарасидан ўттиз-қирқ қадам нарида ўзи учун мўлжалланган мақбара лойиҳасини тайёрлашни буюрган. Бу борада кўрсатма ва маслаҳатлар берган. Лойиҳа тайёр бўлгач, кўздан кечирган Соҳибқирон унга бир оз ўзгартиришлар киритиб, мақбара қурилишини дарҳол бошлашга фармон беради. Шу тариқа қурилиш ишлари 1394 йилда бошланади.

Саркарда ҳар сафар ҳарбий юришдан қайтишда, албатта, Шаҳрисабзга кириб, мақбаранинг қурилиш жараёнидан хабардор бўлиб турган. Аммо кўркамликда шаҳардаги бошқа маҳобатли бинолардан қолишмайдиган бу мақбара чала қолиб кетади. Бунинг устига Хитойга юриш қилган ҳукмдорнинг тўсатдан тоби қочиб, вафот этади. Унинг жасадини ҳеч кимга билдирмай, шошилинч Самарқандга олиб келишади.

Вафотидан олти кун ўтгач, жаҳонгир тупроққа қўйилади. Бунинг беш куни Ўтрордан пойтахтгача йўлга кетган. Ўша йили қиш қаттиқ келган эди. Самарқанд билан Шаҳрисабзни боғловчи Тахтиқорача довонини эса қалин қор босиб қолганди. Бундай шароитда Соҳибқироннинг жасади солинган тобутни Шаҳрисабзга элтиш учун яна бир-икки кун зарур бўларди. Ислом шариати эса майитни тезроқ қабрга қўйишни тақозо қилади. Бундан ташқари, Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, душманлар хабар топиб қолмаслиги учун соҳибқироннинг вафоти қаттиқ сир тутилган. Изғирин қиш палласида Амир Темурнинг жасадини шунча узоқ йўлдан Самарқандга олиб келиш ва дафн қилиш билан боғлиқ барча иш ўта махфий бажарилганининг сабаби ҳам шунда бўлса, ажаб эмас.

Яна бир жиҳати, Самарқанд Амир Темур асос солган улкан салтанат пойтахти эди. Буюк саркарда пойтахтда бир-биридан чиройли бинолар қурдириб, гўзал боғлар барпо этган. Самарқандни дунёнинг энг гўзал ва обод шаҳарларидан бирига айлантириш учун кўп куч-ғайрат сарфлаган. Шу боис, Амир Темурнинг Самарқандда дафн этилиши шаҳарнинг жаҳонаро нуфузи ва ­обрў-эътибори янада ошишига ҳам хизмат қиларди.

Кўркам қиёфага кираётган кент

Саройнинг қурилиши 1380 йилнинг баҳорида бошланиб, 1404 йилга қадар давом этган. 1404 йили Шаҳрисабзда бўлган испан элчиси Клавихо Оқсаройни томоша қилар экан, ўша вақтда ҳам бинонинг ички қисмида безаш ишлари бажарилаётганини кундаликларида қайд этган. Унинг маълумотларига кўра, Оқсарой баландлиги ва катталиги жиҳатидан ўша даврда ягона бўлган. Порталларининг баландлиги 71, кенглиги эса 125х250 метр (яъни умумий майдони 4 гектар)ни ташкил этган. Саройда барча шарт-шароит, хусусан, меҳмонхона, қабулхона, канизаклар тураржойи, масжидлар, меҳмонлар учун махсус хоналар ва айвонлар бўлган. Хоналарнинг безаклари бир-биридан ажралиб тургани ҳамда саройнинг ички қисмида ҳовузлар бўлгани ҳақида ҳам испан сайёҳи ёзиб қолдирган. Ички иморатлар икки қаватдан иборат, 1000 га яқин хонаси бўлган. Ҳозир эса бинонинг фақат кириш қисми, яъни порталлари сақланиб қолган. Уларнинг айни пайтдаги баландлиги 38 метр. Равоғи эни эса 22,5 метр бўлиб, мутахассисларнинг фикрича, бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда ягона. Порталлар ўз даврида фақат ғиштлар ёрдамида арка орқали туташган бўлиб, юқори қисми бундан 200 йил муқаддам бузилиб кетгани айтилади. Қизиқарли жиҳати шундаки, усталар маҳорати туфайли бинонинг қурилиш жараёнида бирор жойда тахта, ёғоч ёки темирдан умуман фойдаланилмаган. Саройнинг кириш қисми ўша вақтдаги пойтахт Самарқандга қаратиб қурилган. Бундан кўриниб турибдики, соҳибқирон сарой қурилишида меъморлик борасидаги маҳоратини ҳам намоён этган.

Саройдаги бизгача сақланиб қолган мозаикалар ўз тароватини йўқотмай, асл ҳолатини сақлаб келмоқда. Бино деворларидаги нақшлар хилма-хил бўлиб, улар орасида Қуръон оятлари, ҳадислар, Амир Темурнинг ҳикматли сўзлари ҳамда ўша даврда ишлаган уста-ҳунармандларнинг исмлари ёзиб қолдирилган. Хусусан, порталнинг минора қисмидаги икки метр жойда арабча сўзлар битилган бўлиб, у “Султон — Аллоҳнинг ердаги сояси (элчиси)” деган мазмунни акс эттиради. Шунингдек, пештоқда Соҳибқироннинг “Қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган иморатларга боқинг” каби сўзлари нақшланган.

Манбаларга кўра, Оқсарой қурилишида Хоразм, Эрон, Озарбайжон ҳамда Ҳиндистондан келган усталар қатнашган. Иншоотнинг бош меъмори эронлик Муҳаммад Юсуф Табризий бўлган. Оқсарой асосан Амир Темурнинг ёзги қароргоҳи ҳисобланган. Ўша вақтда саройга Тахтиқорача довонидан сопол қувурлар орқали сув келтирилган. Қувурлар орқали мунтазам оқиб турган зилол сув сарой ҳудудининг обод ва яшил маконга айланишида муҳим ўрин тутган.

Овоз кучайтиргич ўша вақтда ҳам бўлган

Оқсарой яқинида жойлашган Дорут-тиловат мажмуаси саройнинг шундоққина рўпарасидан кўриниб туради. Мажмуадан Кўкгумбаз масжиди, Шайх Шамсиддин Кулол мақбараси ҳамда Гумбази Сайидон мақбаралари ўрин олган.

Ушбу мажмуа XIV асрнинг охири ва XV асрнинг биринчи ярмида бунёд этилган. “Дорут-тиловат” — Қуръон тиловат қилинадиган жой маъносини англатади. Маълум бўлишича, ўз даврида бу ерда қорилар мунтазам Қуръон оятларини тиловат қилган.

Кўкгумбаз масжидини етук олим ҳамда давлат арбоби Мирзо Улуғбек 1434-1435 йилларда қурдирган. У масжидни отаси Шоҳрух Мирзо номидан бобоси Амир Темур шарафига бунёд эттирган. Масжид пештоқининг равоғи ва ичкарисида уларнинг номи ҳамда масжиднинг қурилган вақти ёзилган. Шунингдек, равоқда бино жоме масжиди экани, яъни ҳар жума куни бу ерда жамоат намози ўқилиши таъкидланган. Масжид икки гумбазли бўлиб, остки ва устки гумбазлар оралиғи ўн метрни ташкил этади. Ташқи гумбаз доирасидаги оддий сопол ғиштларга пастидан устигача сиркор мовий, кўк ва оқ тус берилиб, Қуръон оятлари ёзилган парчалар сақланиб қолган. Пештоқнинг олд томонида ҳам геометрик сержило безаклар кўп ишлатилган, уларда айрим сўзлар моҳирона битилган. Маълумотларга кўра, гумбазнинг икки қаватлилиги ичкаридаги овозни акс садо орқали кучайтириб бериш вазифасини ўтаган. Яъни имомнинг овози баланд кўтарилиб, ташқаридаги жамоатга ҳам эшитилиши инобатга олинган. Бундан кўриниб турибдики, аждодларимиз ўша пайтдаёқ ҳеч қандай электр токисиз ишлайдиган овоз кучайтиргични ўйлаб топган.

Гумбази Сайидон мақбарасини ҳам 1434-1435 йилларда Мирзо Улуғбек қурдирган. Унинг иккинчи номи “Авлоди муборак” деб аталади. Мақбарада ­термизлик саййидларнинг қабртошлари мавжуд. Соҳибқирон ва темурийлар даврида яшаб ўтган термизлик саййидларнинг йирик вакили Абулмаолий бўлган. Кеш шаҳрида яшаган олим маҳаллий халқ орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган. Шунингдек, ўша вақтда саййидларнинг кўпига “амир” унвони берилган. Бу атама ислом динини мустаҳкамловчи раҳбар деган маънони ҳам англатган.

Шайх Шамсиддин Кулол мақбараси XIV аср охирида қурилган. Шайх Шамсиддин Кулол Амир Темурнинг ҳамда отаси Тарағай Баҳодирнинг устози ва пири бўлган. У 1370 йили вафот этган. Манбаларга кўра, Соҳибқироннинг барча муваффақияти бевосита шайхнинг дуолари билан боғлиқ. Шу сабабли ҳам Амир Темур Шайх Шамсиддин Кулол қабри узра мақбара қурдириш ҳақида фармон берган. Ушбу мақбара Кўкгумбаз масжидининг шарқий томонида жойлашган. Шунингдек, Амир Темур 1360 йилда вафот этган отаси Тарағай Баҳодирнинг жасадини унинг васиятига биноан, 1374 йилда кўчириб келтириб, шайхнинг пойига дафн эттирган.

Оқсарой мажмуаси қурилиши даврида бунёд этилган Дорус-саодат меъморий обидаси ҳам шу ҳудудда қад ростлаган. Бинонинг юқори қисми сарой олдидан ҳам яққол кўриниб туради. Манбаларда келтирилишича, унинг қурилиши 1379 йили бошланган. Обидани тиклашда маҳаллий усталар билан бирга Хоразмдан келтирилган тажрибали меъморлар ҳам иштирок этган. Маълумотларга кўра, Соҳибқироннинг 1376 йили эрта оламдан ўтган севикли ўғли Жаҳонгир Мирзонинг қабри ҳам шу мажмуага кўчириб келинган. Шунингдек, кейинчалик яна бир ўғли Умаршайхнинг жасади ҳам шу ерга келтирилиб, дафн этилган.

Бинонинг юқори қисми Оқсаройдагидек пештоқли қилиб қурилган бўлиб, ҳар бир асосида мақбаралар жойлашган. Марказий пештоқ орқали мўъжазгина ҳовлига кирилган. Унинг қарама-қаршисида, марказий ўқ бўйлаб қачонлардир баланд гумбазли мақбара бўлган. Ҳозир эса унинг фақат дахмасигина сақланиб қолган. Археологик қазишмалар натижасида унинг икки ёнида кенг хоналар бўлгани аниқланган. Улардан бирининг остидан яна бир дахма топилган бўлиб, устида ҳам мақбара бўлган. Кейинги қазишмалар ҳовли мақбара ва хоналарни ўзаро боғловчи вазифасини бажарганини кўрсатди.

Юртимиз мустақилликка эришгач, Оқсарой мажмуасининг қадди ва қадри тикланди. Мажмуага давлат миқёсида катта эътибор қаратилди. У яна обод ва гўзал масканга айлантирилди. Ҳудуддаги барча маданий мерос объектлари тикланиб, муносиб сайқал берилди.

Акбар РАҲМОНОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири