Фестивалда Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон каби туркий тилли давлатлардан профессор-тадқиқотчилар, ижодкор адиблар иштирок этди.
Халқаро фестиваль доирасида Озарбайжон миллий нашриётларининг китоблар ярмаркаси, янги нашрлар тақдимоти, нуфузли ижодкорларнинг дастхат кунлари ташкил этилди. Шунингдек, тадқиқотчи олимларнинг маърузалари тингланди, шеърий чиқишлар ва қўшиқ-куйлар, фильмлар намойишлари бўлиб ўтди.
10 июнь – фестивалнинг олтинчи куни “Туркий дунёнинг тамал диёрлари” мавзусида Ўзбекистон куни бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Давлат мадҳияси билан бошланди. Сўнг Озарбайжон Миллий илмлар академияси мухбир аъзоси Кўнгил Бунёдзода, тарих фанлари доктори Эйнулла Мададли, фалсафа фанлари докторлари Фаиқ Алиакбарли ва Фузулий Қурбонов сўзга чиқиб, ўзбек адабиёти, жумладан, Алишер Навоий ижодининг туркий халқлар маданий ҳаётидаги аҳамияти ҳақида фикр юритди. Тадбирнинг кейинги босқичи Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди хусусида борди. Унда филология фанлари докторлари Рамиз Асқар, Яшар Қосимбейли, Турк маданияти ва мероси халқаро жамғармаси вакили Акиф Азалп (Акиф Бағир), Озарбайжон Миллий илмлар академияси бўлим мудири Олмос Улви Биннатова каби таниқли олимлар ўзбек адабиёти, маданияти ва санъати хусусида сўз юритишаркан, Мирзо Бобур ижодини алоҳида эътироф этишди.
Ўзбекистон делегацияси вакиллари ҳам тадбирда фаол қатнашди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқулов туркий халқларнинг маданий бирлиги, Бобур шахсининг туркий адабиёт хазинасидаги аҳамияти борасида сўз юритаркан, мамлакатларимиз дўстлиги, кейинги йилларда икки халқнинг маданий алоқалари мустаҳкамлангани ва бу жараён давом этаётганини таъкидлади.
– Муштарак мақсадларимизнинг адабиёт ва китоб орқали рўёбга чиқаётгани айни муддаодир, – дейди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори Маъруфжон Йўлдошев. – Жадид боболаримиз даврида туркий адабиёт вакиллари бир-бирини таржимонсиз тушунишган. Исмоил Гаспирали “Таржимон” газетасида уч лаҳжадаги маънодош сўзларни параллел қўллаш орқали бу муаммони ҳал қилган. Мазкур ҳамкорликни бугунги адабий жараёнда ҳам, албатта, давом эттириш керак.
Сўзга чиққанлар миллий адабий қаҳрамонларимизнинг умумтуркий рамз экани, туркий маданият шаклланишида Ўзбекистоннинг ўрни хусусида ўз мулоҳазаларини баён қилишди. Санъат ва маданият институти ходимлари Шавкат Бобомуродов ва Қобил Урдишев ҳам ўзбек маданияти, адабиёти ва китоботининг туркий халқлар маданий қиёфасидаги роли борасида фикрлар билдириб, шеърлар ўқишди. Озарбайжон адабиётидан ўзбек тилига таржима қилинган китоблар, “Театр” журналининг ўзбек театр санъатига озарбайжон санъаткорларининг таъсири хусусида мақолалар чоп этилган сонларидан мезбонларга тақдим этишди.
Бадиий қисмда Озарбайжон ва Ўзбекистон халқ артисти Гуляноқ Маммедова халқларимизнинг маданий бирлигини, адабий алоқалар мустаҳкамланиб бораётганини қайд этиб, миллатларимиз дўстлиги ҳақида ўзбекча ва озарбайжонча қўшиқлар куйлади.
“Маммедованинг ўзбек тилидаги қўшиқлари фестиваль иштирокчиларини бефарқ қолдирмади, санъаткор саҳнадан китобхонлар ёнига тушиб куйлади, мухлислар қўлларини кўтариб, жўр бўлиб рақсга тушишди. Гуляноқ Маммедованинг ҳар бир қўшиғи тадбир иштирокчилари томонидан катта иштиёқ ва қарсаклар билан кутиб олинди”, деб ёзди Озарбайжоннинг нуфузли нашрларидан бири “Bizim.media”. Шунингдек, нашр ўзбек ва озарбайжон халқларининг бирдамлиги, туркий халқларнинг дўстона алоқалари мустаҳкамланишида бу каби фестивалларнинг аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.
Ўзбекистон кунига бағишланган тадбирлар доирасида иштирокчиларга қўшиқ ва рақслар, долзарб мавзулардаги маърузалар кун давомида тақдим этилди. Бундан ташқари, Хаёл Ризонинг инсон жасоратига бағишланган “Мая” ҳужжатли фильми премьерасидан сўнг фильм ижодкорлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Фестиваль якунида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқулов ва Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори Маъруфжон Йўлдошевга турк дунёси маданият ва санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун халқаро ТУРКСОЙ ташкилотининг Низомий Ганжавий мукофоти топширилди.
II Туркий дунё адабиёт ва китоб фестивалининг Ўзбекистон куни юқори савияда, қизғин ижодий муҳитда кечди. Дарҳақиқат, туркий адабиёт бир илдиздан сув ичган улкан дарахт. Бу дарахт бақувват шохлардан, ўзбек, қозоқ, турк, озарбайжон, туркман, қирғиз каби мустаҳкам бутоқлардан таркиб топган. Бу дарахтнинг ҳаётбахш сояси эса қизғин дунёни ҳовуридан туширишга, яхшилик, эзгулик, инсонийлик йўлига бошлашга қодир. Буни ифода этишда шундай йиғинларнинг, шу каби халқаро фестивалларнинг ўрни беқиёсдир.
Шавкат ДЎСТМУҲАММАД,
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти
бўлим бошлиғи