Шаҳарда туғилиб вояга етгани сабаб Жаҳонгир қишлоқ шароитини кўп ҳам тушунмайди. Ҳали ёш бўлишига қарамай, ишдан бўш вақт топди дегунча, бирор жойга боришга, ўртоқлари билан дам олишга интилади. Яқинда, меҳнат таътилига чиққанди. Қиш бўлгани боис, олисроқда яшовчи курсдошиникига бориб, бир айланиб келишни ният қилди. Қўнғироқ қилиб, мақсадини айтганди, курсдоши ҳам жон-дилидан рози бўлди. Суҳбат якунида айни пайтда ҳашарчи кераклигини, келса, ишга ёрдами тегишини таъкидлаб, ҳазиллашган бўлди. Бу гапга унчалик эътибор бермаган Жаҳонгир қишда ҳамма бекор бўлса керак, дея йўлга чиқди.
Янги ташкил этилган Кўкдала тумани марказига яқинлашаркан, катта йўл ўртасида тарвузнинг фақатгина телевизорда кўрган каттагина ҳайкалига кўзи тушди. Ўнг тарафда эса баланд иморатлар бунёд этилиб, ободончилик ишлари авжида. Бир-биридан чиройли қад ростлаган иморатлар кўзни қувнатади. Бир оз йўл юриб, такси ҳайдовчиси машина йўналишини чап томонга буриб, ҳаракатда давом этди. Ўн чақирим масофа босиб ўтилгач, уни каттагина ҳовли олдида қолдиришди. Атрофга қараркан, бир зум ўтмай, шундоққина рўпарасидаги дарвоза очилиб, курсдоши Солиҳ кўриниш берди. Олий ўқув юртида бирга таълим олиб, талабалик даврини бирга кечирган дўсти қучоқ очиб кутиб олди. Дарҳол уйига бошлади. Суҳбат қизиган вақти Солиҳнинг телефони жиринглаб қолди. У бир оз хижолат ила қўнғироққа жавоб бераркан, имкони борича тезроқ боришини, айтилган ишларини бажариб туришларини айтди. Бир пиёла чой ичгулик вақтда бир неча бор қўнғироқларга жавоб берди. Соат миллари ҳали эрталабки 11:00 ни кўрсатмоқда. Бу пайтда далада айни иш қизғин палла. Шундай дамда уйда ўтириб бўлармиди? Аммо курсдошини ёлғиз ташлаб кетиш ҳам одобсизлик. Меҳмонга қандай тушунтиришни билмай, бир оз тараддудланди. Ниҳоят, Солиҳ дўстига даласини кўрсатишини, шу баҳонада баъзи ишларини бажариб келишни таклиф қилди. Солиҳнинг машинасида икки ўртоқ талабалик дамларини хотирлаб, кенг даладан кетиб борарди. Лекин Жаҳонгирнинг хаёлида қиш чилласида далада ҳеч ким бўлмаса керак, деган ўй бор эди. Анчагина йўл босишгач, каттагина майдонда иссиқхона шаклида плёнка тортилган кенг ҳудудга етиб келишди. Бундай қаторларни санаб адоғига етиб бўлмайди.
Бир томонда эса қизғин иш кетяпти. Кимдир кўчат ўтқазиш, яна бирови унинг устини ёпиш билан машғул. Деярли юзга яқин киши ишдан тўхтамаяпти. Солиҳ ҳам ниҳолларнинг ораларига эътибор қаратиб, тартиб билан экиб боришни, қанча чуқурликда бўлишигача кўрсатиб, ўзи ҳам уларга қўшилиб ишлашга тушди. Бир четда томошабин бўлиб турган меҳмон деҳқонлар ишига қизиқди. Плёнка тортиш учун ярим айлана қилиб кесилган қалин металл симларни узун қатор қилиб, ерга икки учини тиқиб, қотириб бораётган ёшлар сафига қўшилди. Уларга қараб, шу ишни такрорлашга ҳаракат қилди. Аммо уддасидан чиқолмади. Ёнидаги йигитча буни бирданига англаб, унга ёрдамга келди. Энди икковлашиб симларни ерга қадай бошлади. Солиҳ эса ўз ишига андармон бўлиб, меҳмонни унутганди. Кўпчилик қатори меҳмон ҳам шийпон олдига келиб, юз-қўлларини ювиб, тушлик учун ўтирди. Ҳаммадан кейин келган Солиҳ дастурхон атрофига келиб, курсдошига кўзи тушди-ю, унинг шу ердалиги аллақачон ёдидан чиқиб кетганига хижолат тортди. Аммо сездирмади. Меҳмоннинг ҳам негадир бугун далада қилган меҳнати таъсирими, иштаҳаси очилди.
Эртапишар тарвузлар униб чиқди
Солиҳ Ражабов эндигина ўттиз ёшга кирди. Ёш бўлишига қарамай, бугун Кўкдала тумани деҳқонлари орасида энг илғорлардан. Боиси, бу ҳудудга биринчилардан бўлиб эртапишар тарвуз экишни жорий этган бобоси Улуғбек Жуманазаровнинг ёнида юриб, деҳқончилик сирларидан воқиф бўлди. Мана, уч йилдирки, “Ўтамайли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўзи мустақил ишлаб, ҳар йили ички ва ташқи бозорга эртапишар тарвузни биринчилардан бўлиб чиқариб келмоқда.
— Жорий йилда ниҳолларни ҳар йилгидан кўра ўн беш кун олдин экдик, — дейди Солиҳ Ражабов. — Ўтган мавсумда январь ойида иссиқхонада уруғ қадаб, кўчатни ўстирардик. Бу сафар декабрь ойида уруғ кўклатилиб, январнинг 20-санасидан далада экиш бошланди. Ҳозир плёнкалар остига экилган ниҳоллар парваришланмоқда. Ҳосил камида ўн кун олдин пишиб, бозорга чиқарилади. 2022 йилда олти гектарда деҳқончилик қилиб, 450 тоннадан ортиқ ҳосил олгандик. Бу йил кўпроқ, яъни 25 гектарга тарвуз экиш ниятидамиз. Кўчатларни шу ернинг ўзидаги иссиқхонада етиштиряпмиз. Ҳозир босқичма-босқич экиляпти. Биргина ёш деҳқоннинг даласида айни пайтда юздан ортиқ фуқаро мавсумий иш билан банд. Авжи пишиқчилик вақтига келиб, ишчилар сони уч юз-тўрт юз кишига етади. Ўтган йили Россия, Қозоғистон, Қирғизистонга 400 тоннага яқин тарвуз экспорт қилган деҳқон жорий мавсумда 900 тоннадан ортиқ ҳосил олишни мўлжал қилмоқда. Шундан келиб чиқиб, ташқи бозорга камида 600 тонна тарвуз етказиб беришни режа қилган.
Янги нав синаб кўрилади
Маълумотларга кўра, янги ташкил этилган Кўкдала тумани биринчи йилнинг ўзидаёқ экспорт қилишни бошлаб юборган. Хусусан, 2023 йилда етти миллион долларликдан ортиқ саноат ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган. Бундан ташқари, уч юз миллиард сўмликка яқин жами 132 та лойиҳа амалга оширилиб, 800 тага яқин янги иш ўрни яратилган.
— Ҳудудимизда тарвуз етиштириш ихтисослашув кўлами йилдан-йилга кенгаймоқда, — дейди туман ҳокимлиги мутахассиси Муҳриддин Абдихолиқов. — Мисол учун, 2022 йилда саккизта маҳаллада айнан шу йўналишда деҳқончилик қилинган бўлса, орадан бир йил ўтиши билан улар сони ўн олтитага етди. Шунинг ортидан одамларнинг бандлиги таъминланиб, даромад топишига имкон яратилмоқда. Ўтган йили туман бўйича жами 20 минг гектар майдонга эртапишар тарвуз экилиб, 400 минг тоннадан ортиқ ҳосил олинди. Деҳқонларнинг тажрибаси юксалиши ортидан ҳосилдорлик ҳам ошиб бормоқда. Масалан, авваллари битта артезиан қудуғидан икки-уч гектар экин суғорилган бўлса, бугун сув тежовчи технологиялар туфайли кўрсаткич ўн беш гектарга етказилди. Айнан томчилатиб суғориш самарасида қўшимча саккиз минг гектар ер ўзлаштирилди.
Акбар РАҲМОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири