Табиат либосини оловдек яшнаган тароват билан алмаштирди. Яшариш ва янгиланиш, меҳр-оқибат, меҳнат ва бунёдкорлик руҳини касб этган шарқона янги йилимизнинг бошланиши “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” шиори остида ана шундай тароватни туйган қалбларнинг дилномаси бўлиб, қиру адирларда янграган куй-қўшиқларда, қизларнинг кулгусида, момоларнинг лапарларида, бободеҳқоннинг умиду ишончида, жажжи болажонларнинг қийқириқларида оламни тутмоқда.
Варраклар парвозига эш тилаклар
“Авесто” давридан буён халқимизнинг минг йиллик завол билмас урф-одатлари, анъаналари, удумлари Наврўзнинг ғояларига эш бўлиб келмоқда. Бошқаларидан фарқли ўлароқ, халқимиз бу байрамни қардошларимиз бўлган бошқа миллат вакиллари билан биргаликда кўтаринки руҳда нишонлайди.
Тинчликсевар халқимиз бу йил ҳам мана шундай завол билмас удумларимизни кенг майдонларда, қуёши порлаб турган осмон остида Наврўз сайли фестивали доирасида нишонламоқда. Уларнинг хурсандчилигига хурсандчилик қўшиш учун Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг ижодий гуруҳи илк сафарини 16 март куни Сирдарё вилоятидан бошлади.
Тонгда Тошкентдан Сирдарёга йўл олган микроавтобусимиз кўз очиб юмгунча Ховос туманидаги байрам ўтказилаётган майдонга, айнан қанот ёзиб осмонга юксалаётган варракларнинг парвози бошланган пайтда кириб борди. Байрамнинг қизғин манзараси кўзни қамаштириб, юракларимизни орзиқтирди. Чунки гуруҳимиз аъзолари билан биргаликда ховосликларнинг фольклор қўшиқлари янграётган, спортчилар кураш тушаётган, дорбоз йигитлар маҳоратини намойиш қилаётган, истеъдодли ўқувчилар байрам тасвирини расмларида чизаётган, онахонларимиз пахта саваб, урчуқ йигириб, қизалоқларимиз ҳаппак ўйнаган, опажонларимиз пишириб турли таомлар билан дастурхон безаган, ҳунармандлар яратган санъат асарларини, келинчакларнинг миллий кийимимиз атлас, адрас кўйлаклардаги намойишларини кўриб, улуғларимиздан дуо олаётган муҳташам давраларига беихтиёр қўшилиб кетдик. Ҳамма бир-бирини соғинган, сийлаган, кечирган, гина-кудуратдан фориғ бўлган, келажакдан юксак умидларининг ривожини тилаган. Даврани эса халқ оғзаки ижодининг энг сара қўшиқлари янада оловлантирди.
Бойчечак чиқибди, бугун Наврўз экан,
Ҳамма бир-бирига жигар сўз экан...
***
Суст хотин, сузма хотин,
Кўланкаси майдон хотин,
Ёмғир ёғдир, ҳўл бўлсин,
Еру жаҳон кўл бўлсин.
Бу янграган қўшиқлар халқимизнинг алласи каби ёд бўлиб кетган сонатадир. Байрамда шундай халқ қўшиқлари ёшу қарининг тилида янгради. Ҳамма бир-бирига совғалар улашган. Сирдарёнинг ўзига хос таомлари — кўк сомса, гўштли чучвара, шакарли қатлама, нишолда, ғилминди, қаймоқли юпқа, тандир гўшт, палов дастурхонларни безаган. Қозонда эса сумалак дамлаб қўйилган. Барча ижодкорлар иштирокида сумалакнинг юзи очилганида улуғларимиз билан биргаликда дуога қўл очиб, тинч ва осойишта юртимизга, элимизга, ризқу насибамизга файзу барокат тиладик. Ховоснинг кўчалари обод, озода, ранго-ранг камалак тасмалар билан безалган. Ана шу кўчаларга ёши улуғлар бошчилигида ниҳол экиш удумини бажардик. Буни кўриб турган ёшларимизга аждодларимиздан асрлардан асрларга, авлодлардан авлодларга ўтиб, йўқолиб кетмайдиган удум эканини боболар таъкидлаб ўтди. Биргина экилган ниҳолнинг дарахт бўлганда мевасини кўпчилик еса, сояси элга наф берса, бунинг савоби улуғ эканини англаган ёшларимиз ҳам ишимизга кўмакчи бўлди.
Ўзлигимизни шакллантирувчи мезон
Байрам шукуҳини тарк этмаган ҳолда Боёвутнинг қоқ марказидаги стадионда ўтказилаётган Наврўз сайлига кириб бордик. Боёвут тумани ҳокимлиги томонидан тумандаги ёрдамга муҳтож оилалардан бўлган 30 болажоннинг суннат қилингани ва уларга совға — янги велосипедлар тайёрлаб қўйилгани гувоҳи бўлдик. Қайроқ овозда, доира чалиб лапар куйлаётган Боёвут фольклор ансамбли аъзоси Ойсулув опа Ҳотамованинг қувониб сўзлаган гапларида жон бор эди.
— Мен 30 йилдан буён шу фольклор гуруҳида Наврўзнинг қадр-қимматини кўрсатадиган лапарларим билан ёшларни байрамларда бирга куйлашга чорлайман, — дейди Ойсулув опа. — Ўзим бошланғич синфга дарс бераман. Бу анъаналаримиз ёшлар онгига сингиши юрагидаги юртга муҳаббатни, эзгуликка ишончни, инсонийликка садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Беруний, Навоий бобомиз, қолаверса, бошқа улуғ аждодларимизнинг бу байрам ҳақидаги ибратли ва ўлмас асарларини тилимиздан туширмаймиз. Наврўз келишидан олдин ўтадиган қаҳратон кунларни эсласам, бугунги куннинг ҳар лаҳзаси учун шукрона айтаман. Мен бу байрамда янгидан туғилгандек бўламан.
Албатта, Наврўз байрами улуғларимиз эътироф этгани каби маънавиятимизни шакллантирувчи юксак мезонлардан биридир. Дунёда инсонийликни унутган миллатлар қанча? Тинчлик ва хотиржамликни унутаётганлар-чи? Шууримизда бизга ҳаёт нафасини улашиб, тирикликнинг маъно ва мазмунини англатиб турган бу қадимий байрамимиз Оқолтин туманига кириб борганимизда янаям тарихан муҳташамлигини кўрсатди.
Майдон ўртасидаги саҳнадан таралаётган чанқовузнинг жарангдор ноласи аждодларимизнинг уйғоқ ва бизлардан рози бўлган руҳидан дарак бераётгандек томирларимизни жимирлатиб юборди.
Чанқовузни лабида тутиб сайратаётган саксон беш ёшли Ҳабиба момо Мирзаева давлатимиз раҳбарининг қўлидан “Дўстлик” орденини олган дамлар эсимга тушди. Тан бермасдан илож йўқ. Момонинг ғайрати ҳаммамиз учун ҳавас қилгулик даражада. Саксон беш ёшида ҳам велосипед спорти билан шуғулланиши ва “Олтин мерос” фольклор жамоасида соз сайратиб, қўшиқлар айтишни қойиллатиш унга момомерос.
— Ўзбекистон далаларидан, қирларидан, сув ва ҳавосидан, элимнинг, юртимнинг меҳридан нафас олиб умр кечиряпман, — дейди Ҳабиба момо. — Неча йиллар шу заминда бригадир-механизатор бўлиб ишлаб, юртимнинг юрагини тинглаган садоқатли мухлисман. Бир пайтлар сумалакни соғиниб ичиккан кунларимиз, қўшиқларимизни Наврўзсиз куйлаган дамларимиз бўлди. Гуруҳимизда ўзимга ўхшаган яна олтита ижодкор ва билимли момо бор. Минг шукрки, бу кунларни кўриш ҳам бизга насиб қилди.
Бугун кураш билан шуғулланаётган икки дугона — Одина Ўринбоева ва Муштарий Эсонқулова Наврўз байрамида ўз маҳоратини ўғил болалардан кам бўлмаган ҳолда байрам иштирокчиларига намойиш қилди. Дугоналар ўз орзулари ҳақида сўзлар экан, Диёра Келдиёрованинг жасорати уларни спортдан кечмасдан, қийинчиликлардан қўрқмасдан олдинга интилишларига сабаб бўлганини айтди. Ота-оналари 12-14 ёшли бу қизларининг курашчи бўлишига қаршилик қилмасдан, аксинча, қўллаб-қувватлаётганидан хурсанд бўлиб, ҳозирча республика миқёсидаги мусобақаларда ғолиб бўлганини, келажакда Ватан олдидаги фарзандлик бурчини юксак марраларни эгаллаш билан изҳор этишини айтаётган қизларга биз ҳам ҳавас қилдик. Ҳа, уларнинг келажаги ёруғ ва юксак. Улар маррани узоқ, мақсадни баланд олган, бунга ақл ва заковатлари ҳам, куч-ғайратлари ҳам етади. Уларнинг маънавий қарашлари, фикрлари теранлигини кўриб, Ҳабиба момога ўхшаган оналаримиз бор экан, миллат болаларининг тийнати тоза, фикри ҳур ва эртаси умидли бўлишига шубҳамиз йўқ.
Юртдошларимиз билан байрам тантаналарини нишонлар эканмиз, шу туманда яшаб, бугун бешта фарзандини ёлғиз ўзи тарбиялаётган Дилноза Қурбонбоева хонадонига бориб, Оқолтин тумани ҳокимлиги томонидан ажратилган совғаларни топширишга муваффақ бўлдик. Гуруҳимиз билан Дилнозахоннинг дуосини олдик. Чунки бир ярим кўнгилни, етимларнинг, беморларнинг, имконияти чекланган инсонларнинг ҳолини сўраш, йўқлаш савоб амалдир.
Ўзи аравада ўтирса-да, бочча спорт тури билан шуғулланиб, Тошкентда бўлиб ўтган паралимпия мусобақасида ўн кишилик жамоаси билан ғолиб бўлган Нилуфархоннинг эса совғалар билан йўқлаб, уйига кирган пайтимизда юзида зоҳир бўлган мамнунлик, лабидаги кулгуни эсдан чиқариш қийин.
Эътибордан Нилуфарнинг руҳи анча кўтарилди. У ўзига ҳар дақиқада ёрдам бераётган, мана шу спорт турига уни жалб қилган, шароит яратиб берган барчага миннатдорлигини билдирди. Ҳали чет мамлакат спортчилари билан ҳам майдонга тушишини айтиб, улуғларимиздан дуолар олди.
Қаҳрамонлар шу эл ичида
Наврўз сайлимиз барча туманларда бир-бирига уланиб борар экан, Ширин шаҳридаги байрамона чиқишлар Ўзбекистон халқ артисти Мансур Тошматовнинг ҳам завқини оширди. Арқон тортиш баҳсида Мансур ака ёш йигитлар гуруҳида туриб, уларга руҳан кайфият берди. Тортишувда енгилаётган гуруҳ ғолибликни қўлга киритди. Байрам тадбирлари давомида сирдарёликларнинг улкан ютуқлари, режалари, олий мақсадлари, кўнгилларидаги байрамона кайфиятларини ўзимизга маёқ қилиб олдик. Ёзилажак янги асарларимизнинг қаҳрамонлари шу элнинг ичида кўплаб эканига амин бўлдик. Ҳар бир туманда бўлаётган ислоҳотлар самарасини кўрдик. Халқимизнинг шодиёна кунларида бирга бўлиш насиб қилганидан шукроналаримизни билдирдик. Наврўз сайли фестивалининг шукуҳи эса Сирдарёнинг муаззам гўшаларидан бошланиб, республикамизнинг энг олис овулларида ҳам давом этмоқда.
Фароғат ХУДОЙҚУЛОВА,
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси