биринчидан, аввал амал қилган «давлат – жамият – инсон» парадигмасини янги «инсон – жамият – давлат» парадигмасига ўзгартириб, конституциявий қонунчилик ва конституциявий амалиётда мустаҳкамлаш;
иккинчидан, иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш;
учинчидан, фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини, «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» тамойилини конституциявий мустаҳкамлаш;
тўртинчидан, оила институтини ривожлантириш, бўлажак авлодларга анъанавий инсоний қадриятларни асраб-авайлаган ҳолда етказиш, мамлакатда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашнинг конституциявий асосларини белгилаш;
бешинчидан, Конституцияда давлат ёшлар сиёсатини, янги Ўзбекистон бунёдкорлари – ёшларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини, уларнинг ҳуқуқи, манфаатлари ва мажбуриятларини акс эттириш;
олтинчидан, ҳозирги кунда Ўзбекистон ижтимоий давлат ва одил фуқаролик жамиятини қуриш сари илдам бораётганини ҳисобга олган ҳолда «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат» тамойилини конституциявий норма сифатида мустаҳкамлаш;
еттинчидан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими самарадорлигини ошириш, болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлиги бор шахслар ва кекса авлод вакиллари ҳуқуқларининг ишончли муҳофазасини таъминлаш;
саккизинчидан, Конституцияга махсус экологик қоидалар, глобал иқлим ўзгаришларига тегишли ҳуқуқий меъёрларни киритиш;
тўққизинчидан, болалар боғчалари, мактаблар, Учинчи Ренессанс асосларининг ўзаро боғлиқ жиҳатлари бўлган олий таълим ва фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаш.
Шу ўринда, бугунги кунда турли мамлакатларда конституциявий ислоҳотларнинг амалга оширилиши бир нечта тенденциялар кузатилмоқда.
Улардан биринчиси конституциянинг аксиологик таркибий қисмини, давлатнинг миллий қадриятларини ва миллий ўзликни мустаҳкамлашни ўз ичига олади. Бу йўналишда конституциявий ислоҳотлар Венгрия (2011), Латвия (2014), Қозоғистон (2017), Россия Федерацияси (2020) ва бошқаларда амалга оширилди.
Замонавий дунёда конституциявий ислоҳотларнинг иккинчи тенденцияси – бу давлатнинг институционал тизимини такомиллаштириш (давлат органлари тизимини модернизация қилиш). Ушбу вектор кўп қиррали хусусиятга эга бўлиб, унда конституциявий ислоҳотлар жараёнида қуйидаги ўзгаришларни кўриш мумкин:
– бошқарув шаклини унинг сезиларли даражада ўзгариши билан боғлиқ модернизация қилиш, хусусан, бошқарувнинг бир шаклидан бошқасига ўтиш. Мисол учун, Арманистонда 2015 йилги конституциявий ислоҳот аралаш республикадан парламент республикасига ўтишни муҳрлаб қўйди. Ушбу трансформация натижасида парламентнинг ваколатлари кенгайтирилди, парламент сайловларида пропорционал сайлов тизимига ўтилди, президентга фақат вакиллик ваколатлари сақланиб қолди, уни сайлаш тартиби ўзгартирилди (бундан буён у тўғридан-тўғри умумий сайловлар орқали эмас, балки парламент томонидан сайланади);
– давлат ҳокимияти органлари ўртасида ваколатларни қайта тақсимлаш билан боғлиқ бўлган бошқарувнинг амалдаги шакли доирасида ўзгаришларни амалга ошириш. Масалан, Қозоғистонда босқичма-босқич характерга эга бўлган президентлик бошқарув шаклини модернизация қилиш доирасида парламент ва ҳукуматнинг роли, мустақиллиги ва масъулияти кучайтирилди, давлат ҳокимиятининг бирлиги ва бўлиниши принципини ҳисобга олган ҳолда президент, парламент ва ҳукумат ўртасида индивидуал ваколатлар қайта тақсимланди;
– давлатнинг институционал тизимини такомиллаштиришнинг йўналишларидан бири – янги давлат органларини конституциявийлаштириш, уларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини ташкил этиш ва фаолиятини такомиллаштиришдир.
Конституциявий ислоҳотларнинг энг муҳим тенденцияларидан бири шахснинг ҳуқуқий ҳолатини ислоҳ қилишдир. Бунда асосий йўналишлар билан бирга турли соҳаларга (экологик, ахборот, ижтимоий, биотиббиёт ва бошқалар) ҳам эътибор қаратилиб, шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари доираси кенгайтирилади.
Ғарбий Европа мамлакатлари учун (масалан, Франция) конституциявий ислоҳотларнинг асосий тенденцияси демократик институтларни кучайтиришдир. Шунга кўра, мазкур мамлакатда фуқароларнинг фаоллиги ва демократик иштироки билан боғлиқ масалалар янгича ҳал этиляпти, шу жумладан, фикрни бевосита ифода этишнинг янги усуллари пайдо бўляпти.
Конституциявий ўзгаришларнинг истиқболли йўналишлари, фикримизча, яна қуйидагиларни ўз ичига олиши мақсадга мувофиқ:
– замонавий ички ва ташқи чақириқ ва таҳдидларни, юзага келиши мумкин бўлган инқирозли ҳодисаларни ҳисобга олган ҳолда конституцияга хавфсизликни мустаҳкамлаш, умуман конституциявий қадриятларни сингдиришга қаратилган қоидаларни киритиш ёки кенгайтиришни давом эттириш;
– миллий манфаатларни конституциявий даражада ҳимоя қилиш, миллий манфаатларни (шу жумладан, халқаро ҳамжамият билан муносабатлар соҳасида) таъминлаш мақсадида давлатнинг мавқеини мустаҳкамлашни давом эттириш. Давлат суверенитетини ҳимоя қилиш алоҳида аҳамият касб этади;
– давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини ривожлантириш орқали уларнинг халқ олдидаги масъулиятини янада кучайтириш, шунингдек, бу борада жамоатчилик назоратини амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш.
Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, бугунги замонавий шароитда мансабдор шахслар (биринчи навбатда уларнинг раҳбарлари) янги чақириқларга зудлик билан жавоб қайтариши, қабул қилинган қарорлар учун масъулиятли бўлиши лозим бўлган давлат органларининг самарали тизими зарур. Қарорларни қабул қилиш тезлиги ўзгариб бораётганлиги сабабли тезкорлик давлат бошқаруви самарадорлигига таъсир қилувчи етакчи тамойиллардан бирига айланади.
Бундан ташқари, демократияни ривожлантириш тенденцияси яқин келажакда ҳам давом этади. Бу ерда, бизнингча, давлат бошқарувида демократик тамойиллар ва фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш (мамлакат фуқаролари ва сиёсий партиялар, жамоат бирлашмаларининг давлат ва жамият ҳаётида иштирок этиш кўлами ва шаклларини кенгайтириш) истиқболли йўналишлардан иборат. Умуман олганда, халқнинг ҳокимият манбаи сифатидаги ролини кучайтириш, жумладан, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари доирасини кенгайтириш ҳам конституциявий ислоҳотларда муҳим ўрин тутади.
Хулоса ўрнида, конституциявий ислоҳотлар ҳуқуқий ислоҳотларнинг асоси бўлиб, тамойиллар, нормалар ва институтларнинг конституциявий ва ҳуқуқий янгиланишини ўз ичига олади. Дунёнинг турли давлатлари ва минтақаларида қўлланиладиган турли хил конституциявий моделлардан қатъи назар, конституциявий янгиланишнинг айрим тенденциялари умумий хусусиятга эга, бошқалари эса турли давлатларнинг сиёсий ва ҳуқуқий тизимларининг ривожланиш хусусиятлари билан боғлиқ.
Ўйлаймизки, мамлакатимизда старт берилган конституциявий ислоҳотларнинг пировард натижаси «инсон қадри учун» устувор тамойилини ҳаётга тўла татбиқ этишга, мамлакатда ҳуқуқий ва ижтимоий давлатни ривожлантиришга, демократик институтларни мустаҳкамлаш ва инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилади ҳамда фуқароларнинг мамлакатимизнинг бугунги ва эртанги тараққиётига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Элдор Махкамов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори.