Қонунни амалга ошириш ва ер участкаларини хусусийлаштиришнинг самарали механизмларини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Ер участкасининг мақомига қараб хусусийлаштириш икки шаклда амалга оширилади. Бунда бўш ёки бўш бўлмаган майдонлар назарда тутилган. Шуни таъкидлаш керакки, барча ер участкалари хусусийлаштириш объектлари бўлмаслиги мумкин. Масалан, фойдали қазилма конлари жойлашган ер участкалари, кўп квартирали уйлар билан банд бўлган ва унга туташ бўлган ер участкалари, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация, тарихий-маданий, ўрмон ва сув фондлари ерлари таркибига кирувчи ер участкалари хусусийлаштириш объекти бўлмайди.
Шу билан бирга, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, хорижий юридик шахслар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан ер участкаларини хусусийлаштиришга йўл қўйилмайди. Ер участкаларини сотиб олиш ер участкасини хусусийлаштириш тўғрисидаги аризани Давлат хизматлари марказлари орқали ўзлари келган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали масофадан туриб бериш йўли билан амалга оширилади. Давлат хизматматлари кўрсатиш учун ариза берилган куни белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Ер участкасига эгалик ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш харажатлари ёки қиймати ҳамда топографик харитани (агарда у мавжуд бўлмаса) тайёрлаш харажатларини ҳисобга олган ҳолда ер солиғининг 20 баравари базавий ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.
Масалан, Тошкент шаҳрида 4 сотих ер участкаси солиқ зонасидан келиб чиқган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига 4,3 млн сўмдан 11 млн сўмгача, юридик шахсларга 37,4 млн сўмдан 177,4 млн сўмгача тушади. Агарда Самарқанд шаҳрини оладиган бўлсак 4 сотих уй-жой майдонидан ер участкасини сотиб олиш 2,9 млн сўмга, юридик шахслар учун эса 29,4 млн сўмни ташкил қилади. Ариза берувчининг номига сотиб олиш қиймати ўз вақтида вa тўлиқ тўлангандан сўнг 2 иш куни ичида автоматик тарзда ер участкасига эгалик қилиш учун давлат ордери берилади ва ҳуқуқнинг белгиланган тартибда расмийлаштирилиши таъминланади.
Ерни хусусийлаштиришнинг иккинчи шакли ер участкаларини электрон савдо платформаси орқали сотиб олишдир. Ер участкасини хусусийлаштириш «Электрон онлайн-аукцион» ягона электрон савдо платформаси орқали амалга оширилади, бу эса шаффоф жараён вa барча потенциал харидорлар учун бу савдо платформасидан тенг фойдаланиш имконини беради. Мазкур савдо платформасида тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун ҳам, якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ҳам бошланғич қиймати кўрсатилган ҳолда бўш ер участкалари ҳамда ундан фойдаланиш учун барча шарт-шароитлар кўрсатилган. Ер участкалари инвестиция ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чекловчи бошқа мажбуриятлар белгиланмаган ҳолда электрон савдо платформасига қўйилади.
Шуни такидлаб ўтиш жоизки, ер участкасини электрон савдо платформаси яъни (онлайн-укцион) орқали хусусийлаштирилганда унинг белгиланган қийматини 3 йил ичида бўлиб бўлиб тўлаш имконияти мавжуд. Бугунги кунга қадар (онлайн-аукцион) электрон савдо платформасига 7.0 мингдан ортиқ ер участкалари жойлаштирилди, жорий йилнинг июль ойигача 10 мингдан ортиқ ер участкаси сотувга чиқарилиши кўзда тутилган.