Бироқ ҳаётда шундай кутилмаган бурилишлар борки, ҳатто тўлов интизоми юқори бўлган одам ҳам муайян муддатга тўловларни кечиктиришга мажбур бўлиб қолади.

Ана шундай вазиятларда банк мижозга қандай муносабатда бўлиши керак? У дарҳол қарздорни “муаммоли” тоифага киритадими? Ёки инсоннинг оғир ҳолатини ҳисобга олади­ми?

Шу саволларга жавоб сифатида Марказий банк бошқарувининг 2025 йил 5 декабрдаги 31/10-қарори қабул қилиниб, тижорат банк­ларида активлар сифатини таснифлаш ҳамда эҳтимолий йўқотишларга қарши резервлар шакллантириш бўйича низомга муҳим ўзгар­тиш ва қўшимчалар киритилди.

Бу қарор бир қарашда молия соҳасига оид техник ҳужжатдек туюлиши мумкин. Аслида эса минглаб оилаларнинг молиявий барқа­рорлиги, ижтимоий ҳимояси ва кредит мада­нияти учун муҳим аҳамиятга эга.

Марказий банк қарори марказида бир фикр туради: агар тўлов кечикишига ҳаётда­ги оғир вазият сабаб бўлса, биринчи марта тўлов муддати кечиктирилганда кредитнинг сифати автоматик тарзда ёмонлашмаслиги лозим. Бу кредит муносабатларида инсон­парварлик тамойилининг мустаҳкамланиши демакдир.

Шу пайтгача кўп ҳолларда тўлов жадвали ўзгариши билан кредит “қайта кўриб чиқил­ган актив” сифатида баҳоланиб, мижознинг молиявий обрўсига салбий таъсир кўрсатар эди. Янги қарор эса ҳаётий ҳақиқатни инобат­га олди: қарздорлик ҳар доим ҳам масъулият­сизлик белгиси эмас.

Ҳақиқат шундаки, қарздорлик ҳар доим ҳам эътиборсизлик, масъулиятсизлик ёки фирибгарликни билдирмайди. Баъзан ин­сон ҳаётида кутилмаган вазиятлар бўлади. Ҳатто энг интизомли киши ҳам тўлов жад­валини сақлай олмай қолиши эҳтимоли бор. Бунга сабаб сифатида оғир касаллик, ишдан бўшаш, оилавий масала, табиий офат, ноги­ронлик ҳолати, ҳомиладорлик ва туғуруқ таъ­тилини келтириш мумкин.

Бу ҳолатларнинг барчаси инсоннинг бир­дан даромадини пасайтиради, харажатини оширади ва молиявий режасини издан чиқа­ради. Ана шундай пайтда банк тизими ҳам “инсоний омил”ни ҳисобга олиши талаб эти­лади.

Марказий банк қарорининг моҳияти эса кредит муносабатларини фақат иқтисодий эмас, ижтимоий адолат нуқтаи назаридан ҳам тартибга солишдир.

Банкларда “актив сифати” дегани нима? Оддий қилиб айтганда, банк учун берилган кредит актив ҳисобланади. Чунки банк пулни қайтариб олиш орқали даромад қилади.

Лекин ҳар бир активнинг сифати турлича: стандарт актив — хавфи паст, тўловлар ўз вақтида, субстандарт — хавф белгилари пай­до бўлган, шубҳали — тўлов кечикишлари кучайган, умидсиз — қайтарилиши эҳтимоли жуда паст.

Нима учун бу тасниф муҳим? Сабаби банк ҳар бир хавфли актив учун захира (резерв) шакллантириши шарт. Яъни агар кредит қайтмай қолса, банк зарар кўради. Ана шу зарарни олдиндан юмшатиш учун банк ўз фойдасидан муайян маблағни жамғарма си­фатида ажратади. Шу — захира.

Демак, кредитни “муаммоли”га чиқариш банк учун ҳам оғир. Захира кўпайиши керак. Ҳисоботда муаммо кўринади, капиталга бо­сим ортади, банкнинг умумий барқарорлиги­га хавф пайдо бўлади.

Шу нуқтаи назардан, Марказий банк қаро­ри банклар учун фақат ижтимоий эмас, иқти­содий жиҳатдан ҳам оқилона.

Мазмун бундай: актив шартлари қайта кў­риб чиқилган (реструктуризация қилинган) деб ҳисобланадиган ҳолатлар келтирилади, лекин 338-бандда кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно. Яъни олдин кредит тўлов жадвали кечиктирилса ёки муддати узай­тирилса, кўп ҳолларда банк тизимида бу “кредит қайта кўриб чиқилди” деб қабул қи­линарди. Бу эса кредитнинг сифатига салбий таъсир қилар эди.

Энди эса янги қоидага кўра, агар тўлов­ни кечиктириш ёки узайтириш 338-бандда­ги ижтимоий-ҳаётий сабаблар билан боғлиқ бўлса, кредит автоматик равишда реструкту­ризация қилинган актив сифатида ёзилмайди.

Бу нима дегани? Фуқаро банкка мурожаат қилиб, ҳақиқий оғир ҳолатини исботласа, банк унга нисбатан чора кўрмаслиги, кредит “сифати тушиб кетмаслиги” керак.

Қайси ҳолларда кредит сифати ўзгармай­ди? Қарз олувчининг мурожаатига кўра, банк томонидан кредит шартномаси давомида тў­ловлар биринчи маротаба кечиктирилса ёки узайтирилса, кредит таснифи ўзгармайди ва у қайта кўриб чиқилган актив деб таснифлан­майди.

Лекин бу “ҳар қандай сабаб билан ке­чиктирса бўлаверади”, дегани эмас. Қатъ­ий рўйхат берилган. Унга қарз олувчининг 2 ойдан ортиқ меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қо­лиши, меҳнат шартномаси бекор қилиниб, иш қидираётган сифатида рўйхатга оли­ниши, қарз олувчининг турмуш ўртоғи (у биргаликда қарз олувчи ёки кафил бўлган) вафот этиши, қарз олувчининг қарамоғида I ёки II гуруҳ ногиронлиги бор шахс пайдо бўлиши ёки сони ортиши, қарз олувчига I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланиши, табиий ёки техноген фавқулодда вазиятлар юзага келиши, қарз олувчининг ҳомиладор­лик ва туғиш таътилига чиқиши киради. Бу ижтимоий давлат сиёсати нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳим.

Даромад 30 фоиз камайиши талаби нега киритилди? Агар ишдан бўшаш ёки турмуш ўртоқ вафоти билан боғлиқ вазият бўлса, банк­ка мурожаат қилишдан олдинги икки ой даво­мида қарз олувчининг ўртача ойлик даромади охирги 12 ойлик ўртача даромадга нисбатан камида 30 фоиз камайган бўлиши керак.

Бу талаб икки томонлама вазифани бажа­ради, яъни ҳимоя ва тартиб ўртасидаги муво­занатни сақлайди. Бир томондан у адолатли “фильтр” вазифасини ўтайди. Ҳақиқатан ҳам молиявий мушкул аҳволга тушган, да­ромади кескин пасайган одамларгина ушбу енгилликдан фойдалана олади. Яъни имтиёз эҳтиёжмандга, имкон ҳақиқатан қийналганга берилади.

Иккинчи томондан эса бу меъёр суиис­теъмолнинг олдини олади. Ҳаёт ҳақиқати шундан иборатки, баъзан “сабаб бор” деган баҳоналар ортида молиявий қудрат ҳам яши­рин бўлиши мумкин. “Сабаб бор, лекин да­ромадим яхши” қабилидаги ҳолатлар банк тизимида интизомни бўшаштириб, адолат меъёрларига путур етказиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун ҳам ушбу талаб тизимни ҳимоя қилувчи қалқон вазифасини ўтайди.

Қисқача айтганда, давлат ва Марказий банк бу ерда жуда муҳим тамойилни ушлаб турибди: “инсонни ҳимоя қиламиз, аммо мо­лиявий тизимни ҳам асраймиз”.

Шунингдек, қарорда яна бир аниқ чегара белгиланган. Енгилликка асос бўлган ҳолат­лар банкка мурожаатдан олдинги 4 ойда со­дир бўлган бўлиши шарт. Бу талаб ҳам беқиёс аҳамиятга эга.

Чунки ҳаётда бундай ҳолатлар учрайди: инсон бир йил аввал ишдан бўшаган, кейин қайта ишга кирган, даромади тикланган. Аммо барибир ўтмишдаги ҳолатни сабаб қилиб кўрсатиб, “ишдан бўшаганман”, дея тўловни кечиктиришни сўраши мумкин. Агар бундай амалиёт кенгайса, қарорнинг гуманитар руҳи суиистеъмол қурбонига ай­ланиб қолади.

Қарор қоғоздаги имтиёз эмас, реал ҳаётда долзарб мушкул вазиятга учраган инсон учун амалий қўллаб-қувватлаш механизмидир.

Марказий банк қарорининг энг ҳаётий нуқталаридан бири тўловни кечиктириш муд­дати аниқ белгилаб қўйилганидир. Бу ерда “кечиктирса бўлаверади” деган суст меъёр йўқ. Ҳамма нарса ҳисоб-китоб билан.

Касаллик, ишдан бўшаш, ногиронлик, фавқулодда ҳолат каби вазиятларда тўловни кечиктириш 6 ойдан ошмаслиги белгилан­ди. Чунки одатда инсон шу муддатда ўзини тиклаб олади: янги иш топилади, ҳаёт изга тушади.

Бироқ ҳомиладорлик ва туғиш таътили бошқа жараён. Бу ерда ҳам “бир ой-икки ой” деган ҳисоб ўтмайди. Шу боис, мазкур ҳолат­да тўлов муддати 10 ойгача узайтирилиши мумкин.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати, инсон­га ишонч билдириш билан бирга тизимни ҳимоя қилиш механизми ҳам аниқ белгилан­ганидир.

Ҳа, банк қарз олувчидан тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиши мумкин. Фақат талаб қилиши эмас, текшириши шарт. Қарор­да очиқ айтиляпти: банк маълумотларнинг ҳаққонийлигини аниқлаш чораларини кўри­ши лозим.

Бу нима дегани? Демак, ҳеч ким оғир ҳо­латни баҳона қилиб, имтиёзни суиистеъмол қилишга ҳақли эмас. Чунки суиистеъмол — адолатнинг душмани.

Шунинг учун талаб ҳам аниқ: касаллик бўлса — тиббий маълумотнома, ишдан бў­шаш бўлса — расмий ҳужжат, иш қидири­лаётган бўлса — бандлик бўлими рўйхати, ногиронлик бўлса — тасдиқловчи маълумот, офат бўлса — ФВВ ёки маҳаллий ҳокимлик хабари.

Қарорнинг 361-бандига киритилган ўзга­риш бир қарашда оддий техник тартибдек туюлади. Аммо амалда у банк тизимининг молиявий барқарорлигига дахлдор муҳим қадамдир.

Энди стандарт активлар бўйича захиралар ҳар ой якунига қадар актив қайси валютада пайдо бўлган бўлса, ўша валютада ёки мил­лий валютада шакллантирилиши шарт.

Бу нима дегани? Бу “рақамлар орасида­ги тартиб” эмас, балки барқарорлик гарови. Чунки валютада кредит кўпайгани сари банк учун асосий савол ҳам кескинлашади: рискни қайси валютада ҳисоблаймиз? Захирани қай­си пулда тўплаймиз? Ҳисоботда қандай акс эттирамиз?

Янги тартиб бу муаммога аниқ жавоб бер­ди. Валюта рискларини ҳисоблаш имкони кенгайди. Захира шакллантиришда аниқлик ошди. “Доллардаги актив — сўмдаги захира” масаласидаги ихтилофлар кесилди. Ҳисобот тизими равшанлашди.

Айниқса, ташқи молиялаштириш, импорт шартномалари, валюта кредитлари кучаяёт­ган бугунги шароитда бу норма банклар учун “молиявий хавфсизлик камари” вазифасини ўтайди.

Иқтисодчи сифатида бу қарорда икки руҳ­ни кўраман. Иккиси ҳам давлат сиёсати учун муҳим.

Биринчиси — ижтимоий ҳимоя. Қарор фуқарога очиқ сигнал беряпти: ҳаётда оғир кунлар бўлади. Аммо бошингга ташвиш туш­ганда давлат сени қарздорлик учун дарҳол жазоламайди. Бу ишонч молиявий муноса­батларда тинчлик демакдир. Қарор банклар учун гуманитар стандартни мажбурий қиляпти. Инсонга эҳтиромни қонун даражасига олиб чиқяпти. Бу — ижтимоий барқарорлик учун катта кафолат.

Иккинчиси — молиявий интизом. Чунки қарорда “кечиктиришга эркинлик” эмас, қои­дали енгиллик бор. Фақат биринчи марта, фа­қат аниқ сабаблар билан, фақат белгиланган муддатда, фақат ҳужжат асосида, фақат тек­ширув шарти билан. Шунинг учун бу қарор “кечиктириш маданияти”ни эмас, балки ҳа­қиқий қийналган инсонни қўллашни мақсад қилган.

Агар сиз кредит олган бўлсангиз, ҳаётда оғир ҳолатлар юз берса ва банкка расмий мурожаат қилиб, ҳужжат билан тасдиқ­ласангиз, сизга янги имконият очилади. Кредитингиз дарҳол “сифати тушган” деб баҳоланмаслиги ва сиз автоматик равишда “муаммоли қарздор”га айланиб қолмасли­гингиз мумкин.

Қисқаси, бу қарорнинг руҳи битта ин­сонни қийин кунда синдирмаслик, банк ти­зимида адолатни мустаҳкамлаш ва давлат сиёсатида ижтимоий масъулиятни кучайти­ришдир.

Бу қарор банк ходимларига ҳам аниқ сигнал беради: кредит фақат рақам эмас, унинг ортида инсон тақдири турибди. Энди мижоз билан ишлашда ижтимоий сабаблар четга суриб қўйилмайди, аксинча, ҳисобга олинади.

Ҳар бир мурожаат бўйича талаблар рав­шан: қандай ҳужжат керак, қайси ҳолатга қандай ёндашилади, қаерда кечиктириш мум­кин, қаерда мумкин эмас — барчаси чеклист тарзида белгиланмоқда.

Кредит тизимида синовнинг энг оғири инсон қийналганда бошланади. Чунки банк қоғозида “қарздор” деган сўз туради. Аммо ҳаётнинг ўзидан қарасангиз, у “қарздор” ота ёки она, ишсиз қолган инсон ёки оғир касал, ногирон шахсни парваришловчи ёки ҳомила­дор аёл...

Албатта, банк тизими темир интизом билан яшайди. Аммо темир ҳам инсоний­лик билан уйғунлашса, жамиятда ишонч мустаҳкамланади. Ишонч бўлса, иқтисо­диёт ҳам барқарорлашади. Зеро, молиявий тизимнинг энг катта капитали пул эмас, ишонч.

Банк тизимида ҳақиқий барқарорлик ка­питал миқдори билан эмас, инсонга муно­сабат билан ўлчанади. Агар инсон оғир кун­ларда қонун доирасида қўллаб-қувватланса, эртаси куни яна иқтисодиётга ишонч билан қайтиб келади.

Нодир ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор