Лекин шуниси аниқки, улар барча соҳада, хусусан, таълимда тизимли ўзгаришларни бошлаб бермоқда. Масалан, ўқитиш жараёнининг индивидуаллашиши, ўқув натижаларини тезкор таҳлил қилиш имконияти кенгайиши, ўқувчи билим ва кўникмаларини автоматик баҳолаш механизмлари яратилиши айнан сунъий интеллект билан боғлиқ. Бу эса анъанавий “оммавий ўқитиш” моделидан шахсга йўналтирилган, мослашувчан ва натижага қаратилган таълим тизимига ўтиш учун мустаҳкам замин яратяпти.
Жаҳон миқёсида кузатилаётган глобал тенденциялар таълим муассасаларида рақамли трансформация жараёни жадал кечаётганини кўрсатмоқда. Бироқ ҳозирги давр фақат янги технологияларни жорий этиш билан чекланиб қолмайди. Педагоглар олдига касбини мустаҳкамлаб бориш, эртанги таълим йўлида кўникмалар ҳосил қилиш каби вазифаларни қўймоқда. Чунки технология ўз-ўзидан таълим сифатини кафолатламайди. Унинг самараси, аввало, педагогнинг билим даражаси, тайёргарлиги ва онгли қўллаш маданиятига боғлиқ. Шубҳасиз, бунда педагогнинг сунъий интеллект саводхонлиги муҳим аҳамият касб этади. Сунъий интеллект саводхонлиги эса педагогнинг бундай технологияларни фақат техник жиҳатдан билиши эмас, балки уларни англаш, ишлатиш, таҳлил қилиш ва таълим жараёнига интеграция қила олиш каби қобилиятига таянади.
Қайд этганимиздек, ҳозир сунъий интеллект таълим жараёнининг деярли барча бўғинига кириб борди. Баҳолаш тизимлари такомиллаштириляпти. Талабаларнинг ўқув фаолияти реал вақт режимида таҳлил этилиб, индивидуал таълим йўллари шаклланмоқда. Рақамли ўқув контентини яратиш жараёни тезлашяпти. Бу жараёнда энг муҳим ўзгариш технологияларда эмас, балки педагогнинг ўзида намоён бўлмоқда. Энди ўқитувчи фақат билим берувчи эмас, балки таҳлилчи, рақамли таълим жараёнларини бошқарувчи, сунъий интеллект воситаларидан самарали фойдалана оладиган методист ҳамда талабанинг технологиялардан тўғри, онгли ва масъулиятли фойдаланишини таъминловчи ментор сифатида майдонга чиқмоқда. Шу маънода, сунъий интеллект педагог учун таҳдид эмас, балки унинг касбий имкониятларини кенгайтирувчи кучли воситадир.
Сунъий интеллект саводхонлиги педагогнинг профессионал самарадорлигини сезиларли даражада оширади. Дарс режаларини ишлаб чиқиш, ўқув материалларини тайёрлаш, тест ва назорат ишларини таҳлил қилиш, таълим натижаларини мониторинг қилиш каби маъмурий ва методик жараёнлар рақамлаштирилиши профессор-ўқитувчиларнинг вақтини тежайди. Натижада педагог илмий тадқиқот ишларига, инновацион педагогик ёндашувларни жорий этиш ҳамда талабалар билан мазмунли мулоқот ўрнатишга кўпроқ эътибор қаратади.
Шу билан бирга, сунъий интеллект саводхонлиги талабалар билан ўзаро алоқани сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. СИ асосидаги таҳлил воситалари орқали талабаларнинг қийинчиликлари ва эҳтиёжлари ўз вақтида аниқланиб, уларга индивидуал педагогик ёрдам кўрсатиш имконияти пайдо бўлади. Бу эса талабаларнинг ўқув мотивациясини ошириш, мустақил таълимга қизиқишини кучайтириш ва таълим жараёнида фаол иштирокини таъминлайди.
Сунъий интеллектни таълимга тизимли ва стратегик асосда жорий этган давлатлар кам эмас. Мисол учун, АҚШ, Жанубий Корея, Сингапур, Буюк Британия ва Хитой таълим сиёсатида сунъий интеллект устувор йўналиш сифатида белгилаб олинган. Ушбу давлатлар тажрибаси СИ технологиялари таълим сифатини ошириши, педагогик меҳнат самарадорлигини таъминлаши ва инсон капиталини ривожлантириши мумкинлигини амалда исботлаб бермоқда. Айниқса, етакчи университетлар мисолида сунъий интеллект таълимини ташкил этишнинг турли, аммо ўзаро тўлдирувчи моделлари шаклланганини кўриш мумкин. Масалан, АҚШнинг Калифорния университетида сунъий интеллект дастурлари информатика билан чекланиб қолмайди. Тиббиёт, биомуҳандислик, иқтисодиёт ва ижтимоий фанлар билан чуқур интеграция қилинган ҳолда амалга оширилади. Бу ёндашув СИни алоҳида фан сифатида эмас, балки турли соҳаларда қўлланиладиган универсал инструмент сифатида ўзлаштириш имконини беради. Талабаларда амалий ва соҳавий компетенцияларни шакллантиради.
Буюк Британиянинг Кембриж университети тажрибасида эса СИ фундаментал тайёргарлик ва илмий тадқиқотга йўналтирилгани билан ажралиб туради. Бу ерда чуқур назарий билимлар, алгоритмик тафаккур ва мустақил илмий изланиш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Натижада битирувчилар мавжуд технологиялардан унумли фойдаланиш баробарида янги илмий ғоялар ва инновацион ечимлар ярата оладиган мутахассислар сифатида тайёрланади.
Хитойнинг Фудан университетида сунъий интеллект таълими давлат сиёсати, миллий рақамли трансформация стратегияси ва саноат эҳтиёжлари билан узвий боғланган ҳолда ташкил этилган. Бу модель таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, меҳнат бозори талабларига мос, амалий кўникмаларга эга кадрлар тайёрлашга хизмат қилмоқда.
Халқаро таҳлил натижаларига кўра, сунъий интеллектдан фойдаланиш ўқитувчиларнинг маъмурий ва такрорланувчи ишларга сарфлайдиган вақтини ўртача 40 фоизгача қисқартирмоқда. Шу билан бирга, СИ асосида шакллантирилган адаптив ўқув усуллари талабаларнинг ўзлаштириш самарадорлигини 3 бараваргача оширяпти. Айрим илғор университетларда сунъий интеллект нафақат ёрдамчи восита, балки таълимни бошқаришнинг муҳим элементи сифатида ҳам қўлланилмоқда. Хусусан, СИ тизимлари дарс жадвалларини оптимал тарзда тузиш, талабаларнинг мураккаб мавзуларни ўзлаштириш даражасини, ўқув жараёнида юзага келаётган муаммоларни олдиндан таҳлил қилиш ва ҳар бир талабага индивидуал тавсиялар бериш вазифаларини бажармоқда. Бу эса таълимни бошқаришда инсон омили билан боғлиқ хатоларни камайтириш ва қарор қабул қилиш сифатини оширишга хизмат қилади.
Халқаро тажриба яна бир муҳим хулосани илгари суради: сунъий интеллектга асосланган таълим рақамли кўникмаларни ривожлантириш орқали миллий иқтисодиётга ҳам тўғридан тўғри ижобий таъсир кўрсатади. Таълим тизимида СИдан самарали фойдаланган мамлакатларда инновацион фикрлай оладиган, рақамли компетенцияларга эга ва меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш суръати сезиларли даражада ошган.
Ўзбекистон учун ҳам ушбу тажрибаларни механик равишда кўчириш эмас, балки миллий шароит, демографик имкониятлар ва таълим ислоҳотларининг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ўз моделини яратиш мақсадга мувофиқдир. Ёшлар сони кўплиги, уларнинг рақамли технологияларга қизиқиши юқорилиги ва давлат томонидан таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бунда мустаҳкам пойдевор яратади. Шу нуқтаи назардан қараганда, халқаро тажрибани чуқур ўрганиш, уни миллий таълим сиёсати билан уйғунлаштириш ва педагоглар учун СИ саводхонлигини изчил ривожлантиришга Ўзбекистон олий таълим тизимининг стратегик вазифаларидан бири сифатида қаралиши лозим.
Касбий фаолиятни қувватлайди
Олий таълим тизимида сунъий интеллект технологияларини босқичма-босқич ва мақсадли жорий этиш жараёни, аввало, педагогларнинг ушбу соҳадаги тайёргарлиги, амалий имкониятларига боғлиқ. Шу боис, Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази томонидан рақамли трансформация жараёнларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилган “Педагоглар учун СИ саводхонлиги модели” методик ёндашув сифатида таклиф этилмоқда. Мазкур модель рақамли трансформация шароитида педагогларнинг сунъий интеллектга оид билим ва кўникмаларини изчил бойитади, шу билан бирга, уларнинг касбий фаолиятини енгиллаштириб, самарадорлигини оширади.
Модель Ўзбекистон таълим тизимининг реал имкониятлари, мавжуд инфратузилма ва кадрлар салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, уни жорий этиш босқичма-босқич амалга оширилади. Асосий эътибор сунъий интеллектни таълим сифатини ошириш, профессор-ўқитувчилар фаолиятини оптималлаштириш ва талабалар учун мослаштирилган таълим муҳитини шакллантиришга хизмат қилувчи педагогик восита сифатида қўллашга қаратилган. Шу билан бирга, модель бундай технологиялардан масъулиятли, хавфсиз ва этик фойдаланиш тамойилларига таянади.
Модель ўзаро боғлиқ тўрт босқичдан иборат. Биринчи босқичда педагоглар сунъий интеллект моҳияти билан таништирилса, иккинчи босқич дарс жараёнида ундан фойдаланишга йўналтирилган. Учинчи босқич эса сунъий интеллектни педагогик жараёнга чуқур киритишни назарда тутса, тўртинчи босқич академик ҳалолликни таъминлаш, шахсий маълумотлар махфийлигини сақлаш, педагогик масъулиятни кучайтириш ҳамда сунъий интеллект билан боғлиқ эҳтимолий хавф-хатарларни бошқариш масалаларини қамраб олади. Айниқса, талабалар СИдан ноқонуний ёки мақсадсиз фойдаланиши ҳолатларининг олдини олишда педагогнинг ролини аниқ белгилаб беради.
Мазкур моделнинг асосий афзаллиги шундаки, у замонавий педагогик фаолиятни қўллаб-қувватлайди. Яъни модель сунъий интеллектни ўқитувчининг ўрнини босувчи восита сифатида эмас, балки унинг касбий салоҳиятини кучайтирувчи, таҳлилий ва методик имкониятларини кенгайтирувчи ресурс сифатида қарашга асосланади.
Ўзбекистон шароитида ушбу моделни жорий этиш олийгоҳларда сунъий интеллект саводхонлигини тизимли равишда шакллантириш, таълим сифатини ошириш ва рақамли жамият талабларига мос педагоглар авлодини тайёрлашда муҳим қадам бўлиши мумкин.
Эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳатлар
Бугунги кунда олий таълимда рақамли трансформация, таълим сифатини ошириш, илмий салоҳиятни ривожлантириш ҳамда халқаро стандартларга уйғунлашув жараёни жадал кечмоқда. Бундай шароитда сунъий интеллектдан самарали ва масъулиятли фойдаланиш ўқув даргоҳлари рақобатбардошлиги ва барқарор ривожланишига хизмат қилади. Шу боис, аввало, профессор-ўқитувчилар учун сунъий интеллект бўйича мажбурий ва босқичли малака ошириш дастурларини жорий этиш зарур. Ҳар бир педагог йил давомида камида 24 соатлик СИ модулидан ўтиши, бу жараёнда нафақат назарий билимлар, балки амалий кейслар, фанга мос қўлланиш мисоллари ва этик меъёрлар билан танишиши лозим. Бу ўқитувчиларда СИдан фойдаланиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Олий таълим муассасаларида сунъий интеллект лабораториялари ва инновацион майдонларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Бундай лабораториялар талабалар, магистрантлар ва ёш тадқиқотчилар учун амалий тажриба ўтказиш, илмий-амалий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда стартап ташаббусларни қўллаб-қувватлаш имконини яратади. Айниқса, ҳудудий олийгоҳларда бундай марказларни босқичма-босқич ташкил этиш кадрлар салоҳиятини ҳудудлар кесимида ривожлантиришга ёрдам беради.
Таълим жараёнида академик ҳалолликни таъминлаш учун СИ асосидаги мониторинг тизимларини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Плагиат, сунъий интеллект орқали мустақил иш ва назорат топшириқларини ноқонуний бажариш каби ҳолатларни аниқлаш ва олдини олиш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилиши лозим. Бу, бир томондан, таълим сифатини муҳофаза қилса, иккинчи томондан, талабаларда ҳалоллик ва масъулият ҳиссини шакллантиради.
Сунъий интеллект ёрдамида таълим сифатини мониторинг қилиш тизимини жорий этиш зарур. Бунда ўқув жараёни, талабаларнинг фаоллиги, ўзлаштириш даражаси ва таълим натижалари реал вақт режимида таҳлил этилиб, раҳбарият ва педагоглар учун асосли қарорлар қабул қилиш имкони яратилади.
Миллий таълим муҳитини ҳисобга олган ҳолда ўзбек тилида сунъий интеллектга оид ўқув-методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш кечиктириб бўлмас вазифадир. Ҳар бир фан ва йўналиш бўйича СИдан фойдаланиш имкониятларини тушунтирувчи, амалий мисоллар билан бойитилган методик қўлланмалар педагоглар ва талабалар учун қулай ресурсга айланиши керак. Бу жараёнда миллий қадриятлар, тил ва маданиятни сақлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши шарт.
Келажак педагогикаси бугундан бошланади. Сунъий интеллект эса таълимни алмаштирувчи технология эмас, педагогнинг касбий салоҳиятини кучайтирувчи, унинг имкониятини кенгайтирувчи самарали воситадир. Замонавий билимдонлик белгиси, рақобатбардошлик мезони ва мамлакатнинг интеллектуал тараққиётини белгилаб берувчи муҳим омилдир. Шундай экан, бу борада қанча кўп билсак, шунча фойдали. Сунъий интеллект ўқитувчини маъмурий юкдан озод этади. Ўқувчи-талабани фикрлашга ундаб, шахсий камолоти йўлида ишлашга йўналтиради. Натижада таълим жараёнида инсон омили, маънавий тарбия ва интеллектуал ривожланиш уйғунлашади. Демак, сунъий интеллектни англаган, ундан самарали фойдаланадиган ва уни таълим манфаатлари йўлида тўғри бошқара оладиган педагогларни тайёрлаш бугунги куннинг энг муҳим талабидир.
Абдували ХОЛИҚОВ,
Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази директори