Алишер Навоий ғазалари ва Чўлпон шеърлари таниқли инглиз шоири Эндрю Станиланд томонидан инглиз тилига таржима қилинган. Китоб мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан чоп этилди.

Тўпламдан  Алишер Навоийнинг 12 та машҳур ғазали, жумладан, «Кеча келгумдур дебон ул сарви гулру келмади», «Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санго», «Хўблар минг бўлсалар, мен хастаға бир ёр бас», «Не наво соз айлагай булбул гулистондин жудо», «Ўзга бўлди ёру меҳри манда боқийдур ҳануз», «Кимса ҳаргиз кўрмади чун аҳли даврондин вафо», «Не баҳор ўлғайки бир гул ҳажридин бадҳолмен», шунингдек, Чўлпоннинг «Гўзал», «Бузилган ўлкага», «Гўзал Туркистон», «Кўнгил», «Шарқ қизи», «Маҳмуд Хўжа Беҳбудий хотираси» каби 14 та шеъри ўрин олган.

Эндрю Станиланд китоб  ҳақидаги ўз фикрларини ўртоқлашар экан, Ўзбекистонга сафари давомида ўзбек халқининг бой маданий мероси  ва мумтоз шеъриятидан илҳомланиб, «Янги Девон. Ҳазрат Алишер Навоий» тўпламини яратганини таъкидлади.

У ўзбек шоирлари асарларининг инглиз тилидаги таржималари йўқлигини ҳисобга олиб, ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий ғазалларини, шунингдек, замонавий ўзбек шеъриятининг атоқли намояндаларидан бири Абдулҳамид Чўлпон асарларини таржима қилишда ўзини синаб кўришга қарор қилди. Натижада, Алишер Навоийнинг 12 ғазали ва Абдулҳамид Чўлпоннинг 14 шеъридан иборат ушбу тўплам дунё ўзини кўрди.

Муаллифнинг фикрича, «Инглиз китобхонлари учун Навоий XV асрда яшаган Темурийлар шоири». Навоий ва  Чўлпон ижодининг бир тўпламга жамланиши ўзбек адабиётининг ўтмиш анъанаси ва давомийлигини назарда тутади. Шу билан бирга, инглиз шеърият ихлосмандлари учун буюк шоирларнинг асарларидаги ўхшашлик ва зиддиятни аниқлай олиш имконияти яратилган.

Инглиз шоирининг айтишича, таржимада муаллифлар фикрларини сақлаб қолган ҳолда Навоий ва Чўлпонни инглиз тилига таржима қилиш жуда мушкул. Аммо ушбу таржимада аслиятни йўқотмасликка ҳаракат мавжуд. Шеърларнинг вазнини сақлаб қолган ҳолда уларни сўзма-сўз таржима қилиш ҳам осон кечмади. Ўзбек шеъриятига Европа услубини олиб кирган Чўлпон қаламига мансуб шеърлар инглиз китобхонига анча яқин. Навоий ғазалларини тушуниш учун эса мумтоз адабиётдан хабардор бўлиш лозим.

"Дунё" ААнинг қайд этишича, Эндрю Станиланд таржима жараёни давомида ўзбекистонлик навоийшунос Аидахон Буматов ва Чўлпон шеърларини чуқур ўрганган адабиётшунос олим Авазхон Ҳайдаров билан яқин ҳамкорлик қилди.

Муаллифга кўра, у ўзининг янги таржима китобини Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига, шунингдек, ўзбекистонлик ҳамкасблари ва дўстларига бағишлайди. «Улар Ўзбекистоннинг келажаги. Кейинги ўттиз йил уларнинг қўлида», дея қайд этди Эндрю Станиланд.

Эндрю Станиланд айни пайтда ўзбек миниатюрачи рассоми Давлат Тошев билан биргаликда Навоийни ғазаллари таржималаридан иборат ранг- тасвирли  китоб яратиш устида ишламоқда.