Яқинда Лондонда ушбу китобнинг тақдимоти ўтказилди. Тўплам муаллифи ва тақдимотнинг асосий маърузачиси инглиз шоири Эндрю Станиланд бўлди.

Эндрю Станиланд ўз нутқида 2022 йил март ойидаги Ўзбекистон бўйлаб сафари уни янги лойиҳаларни амалга оширишга руҳлантирганини,  ўзбек мумтоз шеъриятининг йирик  намояндалари Нодира ва Увайсийнинг адабий мероси билан инглиз китобхонларини яқиндан таништириш лойиҳасини амалга ошириш ғояси туғилганини маълум қилди.

Эндрю Станиланд ҳам ўзбек мумтоз шеъриятига хос бўлган  бетакрор гўзаллик ва нафосатни алоҳида қайд этар экан, ушбу омиллар Нодира ва Увайсий ғазалларини инглиз китобхонларининг кенг доирасига етказишга ундаганини билдирди.

Британиялик шоирнинг қайд этишича,  2021 йилда Навоий ва Чўлпон асарлари таржима қилинганидан сўнг, инглиз аудиториясини ўзбек адабиёти билан янада кенгроқ  таништириш мақсадида у Нодира ва Увайсий ижодига мурожаат қилди.

Таржима ишлари  ўзбекистонлик адабиётшунос  Ойдахон Буматова  ва Афғонистон вакили, ўзбек адабиёти мутахассиси Нозил Элми билан ҳамкорликда амалга оширилди.