Жорий йилнинг 9 февраль куни вилоятда бир қатор нуфузли маданий тадбирлар ўтказилиб, улар ҳудуднинг маънавий ҳаётида муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, Андижон вилоятига пресс-тур ташкил этилиб, маданият вазирининг ташрифи доирасида бир қатор катта тадбирлар ўтказилди.

Куннинг илк маросими Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтди. Бу ерда буюк мутафаккирнинг ҳайкали пойига гул қўйилди. Маросимда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, TURKSOY Бош котиби Султон Раев ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Маросим давомида Андижон вилоятининг 2026 йилда “Туркий дунёнинг маданий пойтахти” деб эътироф этилгани таъкидланди. Бу мақом аҳоли, айниқса ёшлар учун катта фахр ва қувонч манбаи бўлди.

Шу куни Андижон шаҳрида буюк мутафаккир, сўз санъатининг султони Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган “Ҳазрат Навоийга эҳтиром” номли маънавий-маърифий тадбир ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоат ҳокими, TURKSOY Бош котиби, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, олимлар, маданий ва бадиий соҳа мутахассислари, талаба-ёшлар иштирок этишди. Улуғ шоир ҳайкали пойига гул қўйилди ва хотирасига чуқур эҳтиром билдирилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Алишер Навоийнинг ҳаёти, ижоди ва меросининг аҳамиятини таъкидлаб, унинг асарларини ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини қайд этдилар. Бундай ташаббуслар ёшлар орасида адабий ва маданий қизиқишни ошириш, ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш ва маънавий камолотни юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Тадбир давомида вилоат маданият бошқармаси тасарруфидаги ижодий жамоалар томонидан Алишер Навоий ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи саҳна кўринишлари намойиш қилинди. Улуғ шоирнинг ғазаллари асосида яратилган қўшиқлар ижро этилди ва томошабинларда чуқур таассурот қолдирди.

Шундан сўнг, Андижон вилояти ҳокимлигида 2026 йилда “Туркий дунёнинг маданий пойтахти” мақоми доирасида амалга ошириладиган маданий тадбирлар муҳокамаси бўлиб ўтди. Учрашувда Маданият вазири, вилоят ҳокими, TURKSOY Бош котиби, соҳа мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Махсус тадбирлар дастури TURKSOY, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ишлаб чиқилди. Ушбу дастур доирасида халқаро опера ва театр фестиваллари, кино ва анимация лойиҳалари ҳамда Андижон полкасини “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритиш масалалари белгиланди.

Учрашувда таъкидландики, бу ҳамкорлик туркий давлатлар орасида маданий дипломатияни кучайтириш, халқлар ўртасида ишонч ва ҳамжихатликни мустаҳкамлаш ҳамда Андижонни халқаро миқёсда кенгроқ тарғиб этишга хизмат қилади.

Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг таъкидлашича, бир қисми TURKSOYга аъзо давлатларда ҳам ўтказилиши режалаштирилган ушбу тадбирлар туркий дунё маданий бирлигини мустаҳкамлайди ва халқлар ўртасида маънавий яқинликни янада юксалтириб беради.

Маълумот ўрнида, TURKSOY доимий кенгаши қарори билан ҳар йили туркий тилли давлатлардан бир шаҳар “Туркий дунёнинг маданий пойтахти” сифатида эълон қилинади. 2025 йилда бу мақом Қозоғистонда эълон қилинган бўлса, 2026 йилда эътибор Андижонга қаратилди.

“Бу йил Андижон учун маданий барка йили бўлди,” — деди Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 9 февраль куни ўтказилган маданий тадбирда.

— Ҳозиргина барчангиз гувоҳ бўлдингиз: Андижон шаҳри 2026 йилда Халқаро Туркий маданият ташкилоти томонидан Туркий дунёнинг маданий пойтахти деб эълон қилинди. Бугун Туркистоннинг етакчи раҳбарлари, Маданият вазирлиги вакиллари ва соҳадаги мутахассислар келиб, бу мақом доирасида қандай тадбирлар ўтказилишини муҳокама қилдилар. 

— Биз 2026 йил учун кенг қамровли режалар туздик, — дея қўшимча қилди у. — Бу режалар Андижонни, шунингдек, Бобур ва Чўлпон юрти сифатида дунёга танитади. Ҳар бир тадбир маданий ва маънавий аҳамиятга эга. Шу орқали ўзбек миллати ва маданияти Туркий давлатлар орасида янада юксак поғонага кўтарилади.

— Президентимиз томонидан берилган топшириқлар ва қарорлар бу йўналишда асосий дастак бўлди. Турли фестиваллар, кўргазмалар ва маданий тадбирлар шаҳарда бўлиб ўтади. Жумладан, рассомлар фестивали ҳам биринчи марта бу ерда ўтказилади ва бу анъана ҳар йил давом этади.

Ҳоким Андижоннинг тарихий аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтди: — Бу ер — Бобур ва Чўлпон юрти. Биз бу тарих ва маданий меросни дунёга намойиш этишга интиламиз. Туркий давлатлар ва бутун дунё олдида Андижоннинг бой тарихи ва меросини кенг тарғиб қилиш — асосий мақсадимиз. Шу мақом ва тадбирлар орқали нафақат Андижон, балки Ўзбекистоннинг маданий обрўсини ҳам юксалтиришга ҳаракат қиламиз. Бу йилги Наврўз байрамида ҳам шаҳримизнинг тарихи ва маданий мероси кенг намойиш этилади.

Шу тариқа, Андижон 2026 йилда Туркий дунёнинг маданий пойтахти сифатида нафақат ўз меросини асраб-авайлайди, балки халқаро миқёсда ўзбек маданияти ва тарихини кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.

Yuz.uz мухбири З. Акбарова томонидан берилган саволга Маданият вазири Озодбек Назарбеков ва TURKSOY Бош котиби Султон Раев қуйидагича жавоб беришди:

— Ҳозиргина Андижон вилоятида барча масъул ходимлар сиз бошчилигингизда Тошкентдан ташриф буюрди. Андижон вилояти ҳокими барчани жуда самимий ва чиройли кутиб олди. Шу ерда келгусидаги режалар ва шартномалар ишлаб чиқилди. Сиз ҳам Андижон ҳақида гўзал фикрлар билдирдингиз, ҳоким ҳам режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида кўплаб фикрлар айтиб ўтди.

— Сиз айнан туғилиб ўсган вилоятингизда шундай тадбирлар ва фестиваллар ўтказилаётган пайтда нималарни ҳис қиляпсиз? — деган саволга вазир батафсил жавоб берди.

— Биринчи навбатда, Андижон шаҳрининг Туркий дунё маданий пойтахти деб эълон қилиниши мен учун катта ғурур ва шараф. Шу орқали кичик армонларим ҳам рўёбга чиқди. Туркий дунёнинг шаклланишида ва ривожида Андижоннинг ҳиссаси беқиёс. Туркий дунёни тасаввур қилиш қийин, аммо Андижон тарихда туркий олам учун улкан аҳамиятга эга, ёрқин из қолдирган юрт сифатида тан олинган.

— Бу йил Андижонда икки йирик анжуман ва турли халқаро даражадаги тадбирлар ўтказилади. Бу воқеалар ҳақиқатан ҳам Андижон учун оламшумул аҳамиятга эга ва йил мобайнида бутун дунёнинг эътиборини шаҳримизга қаратиш имконини беради. Бу эса бизга ва барчангизга боғлиқ.

— Албатта, анжуманлар катта миқёсда ва илк марта ўтказилаётгани туфайли, кичик хавотирлар ҳам бор. Аммо ишонаманки, Андижонда ҳар қандай муаммонинг ечими осон топилади, чунки халқи ва ҳокимиятнинг фаолияти яхши йўлга қўйилган, ташкилий масалаларда кечикиш бўлмайди.

— Мен учун жуда қувонарли жиҳат шундаки, Андижонда 500 000 аҳолига мўлжалланган янги шаҳар барпо этилаяпти. Бу шаҳарга Бобур номи берилади ва йил давомида ўтказиладиган тадбирлар бутун дунёга Андижон, яъни Бобурнинг юртига қайтганини гувоҳлик қилиш имконини беради, — деди вазир.

— Барчамизга маълумки, Андижон вилояти 2026 йилда Туркий дунё маданий пойтахти деб эълон қилинди ва бу жараёнда кўплаб келишувлар имзоланди. Биз асосан 2026 йилда Андижонда ўтказиладиган маданий тадбирлар ва фестивалларнинг режаси, халқаро ҳамкорлик лойиҳалари ва ижодкорлар учун имкониятларни муҳокама қилдик. Шу билан бирга, Андижоннинг бой тарихий ва маданий меросини дунёга танитиш, туркий давлатлар орасида ижодий алмашувни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратдик. Бу ташаббуслар нафақат Андижон, балки бутун туркий дунё учун фойдали ва самарали бўлади, — деди TURKSOY Бош котиби Султон Раев.

Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари билан мулоқот чоғида вазирга унинг болалик йиллари ҳақида журналистлар томонидан савол берилди:

— Айтишларича, сиз болалигингизда мусиқа мактабида ўқиган экансиз. Ҳатто мусиқага бўлган қизиқишингиз шу қадар кучли бўлганки, дарсларга киролмаган пайтларда эшик тирқишидан туриб куйларни тинглар экансиз. Шу ҳақда нима дейсиз?

Мазкур саволга жавобан вазир ўз хотиралари билан ўртоқлашди:

— Болалигимда синфдошим мусиқа мактабига борарди. Мен ҳам у билан бирга борардим, лекин синфга киритишмасди. Шунинг учун ташқарида қолиб, эшик тирқишидан куй-қўшиқларни тинглардим. Ўша куйлар қалбимга жуда чуқур ўрнашган. Ўша пайтларда бизда ҳозиргидек имкониятлар йўқ эди, мусиқа мактаблари ҳам кам бўлган. Оилавий шароит ҳам ўқишга имкон бермасди. Аммо шу муҳаббат мени ташлаб кетмади — юриб бўлса ҳам, эшитиб бўлса ҳам, мусиқани ўргандим. Бугун эса шундай имкониятлар яратилганидан жуда хурсандман. Президентимиз санъаткорларга доимо эътибор қаратмоқда, аҳволимиздан хабар олиб турадилар. Шу боис бугун ёшларни, мусиқа билан шуғулланаётган болаларни кўриб, жуда қувондим. Сизларнинг мусиқага бўлган муҳаббатингизни кўриб, ҳавас қилдим. Шу муҳаббат орқали инсон ўз орзусига етишиши мумкинлигини яна бир бор ҳис қилдим, — деди вазир.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон бўйича 326 та болалар мусиқа ва санъат мактабларида 90 мингдан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда. Шулардан 29 таси Андижон вилоятида жойлашган.

Шунингдек, ташриф доирасида вазир 4-сонли намунавий маданият маркази фаолияти билан танишиб, болалар ва уларнинг ота-оналари билан учрашди. Андижонлик ёшлар билан очиқ мулоқот жараёнида ижодий, инновацион ҳамда рақамли технологияларга асосланган лойиҳалар тақдим этилди. Ёшлар томонидан билдирилган таклифлар ижроси таъминланиши ва йил давомида тегишли режаларга киритилиши қайд этилди.

Фидокорона меҳнат қилган ва юқори натижаларга эришган ёшлар эса махсус эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Куннинг иккинчи қисмида Маданият вазири “Маданият маҳалладан бошланади” ғояси асосида маҳаллаларга ташриф буюрди. Ташриф давомида санъат асарларидан тортиб, болалар ижросидаги куй-қўшиқларгача томоша қилинди. Шу жараёнда бир фикр яққол намоён бўлди: маданият – бу фақат китобларда эмас, балки ҳар бир уйда, ҳар бир маҳаллада яшайди.

Бахт маҳалласи аҳолиси билан мулоқот давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга зарурий маиший жиҳозлар топширилди. Шунингдек, маҳаллада бўлиб ўтаётган тўй маросимида вазирнинг кутилмаган иштироки аҳолининг хурсандчилигига сабаб бўлди.

Ота-оналар ва маҳалладошлар вазирнинг самимий муносабати, меҳрибонлиги ва ғамхўрлигини юқори баҳоладилар. Шу билан бирга, Ғайбулла Турсунов ҳам хайрли ташаббусга қўшилиб, бир оиланинг оғирини енгил қилди.

Пресс-тур Андижон Қўғирчоқ театрида Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган концерт дастури билан якунланди. Саҳна чиқишлари ва мусиқий асарлар томошабинларда чуқур таассурот қолдирди.

Андижон вилоятининг 2026 йилда Туркий дунёнинг маданий пойтахти деб эълон қилиниши нафақат юксак эътироф, балки ишонч ва бирлик рамзи сифатида баҳоланади. Бу мақом вилоятнинг бой тарихий ва маданий мероси, салоҳияти ҳамда келажак истиқболларига берилган юксак баҳодир.

 

Зулхумор Акбарова