Фарзандларимизнинг келажакда етук ва дунё талабларига мос кадрлар бўлиб камол топишида ўқувчиларнинг мактаб дасрларида олаётган билим ва кўникмаларининг ўрни катта. Шу маънода халқаро тажрибага асосланган таълимнинг юртимиз мактаб ўқув жараёнларига татбиқ этилиши бугунги куннинг муҳим талабларидан биридир.
“Замонавий жамият учун замонавий таълим” шиори остида ўтказилаётган ҳамда бошланғич синф ўқувчиларининг халқаро стандартлар асосида таълим олишига қаратилган ўқув жараёнларида эксперт-тренерлар мавзунинг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтмоқда.
Айтилганидек, дарс жараёнлари 15 нафар педагоглардан иборат 4 гуруҳда ташкил этилиб, улар қуйидаги гуруҳлардан ташкил топган:
- Тасвирий санъат фани ўқитувчилари;
- Технология фани ўқитувчилари;
- Мусиқа маданияти фани ўқитувчилари;
- Жисмоний тарбия фани ўқитувчилари.
Ўзаро мулоқот ва ўқув-семинар тарзида ўтказилаётган малака ошириш дарсларида иштирокчилар келтириб ўтилган фанлар бўйича ўқув дастури мазмуни, ўқув жараёнида электрон ва рақамли ресурслардан фойдаланиш, ўқитиш методикасига доир ўз билимларини бойитиб боришмоқда.
Шунингдек, жорий тўртта фан бўйича ўқув жараёнларига киритилаётган дарсликлар ва ўқитувчи китоби мазмуни, уни педогогик жараёнларга татбиқ этиш хусусиятлари, электрон дастурлардан кенг фойдаланиш бўйича мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларнинг билимлари оширилмоқда.
Таъкидланганидек, бошланғич синф ўқувчилари учун мўлжалланган электрон дарслик ва дастурлар, болаларни муаммони ҳал этиш ва зарур хулосага келишга ундовчи турли ўйин шаклидаги методик ишлар мазкур халқаро таълим йўналишининг асосини ташкил этади.
Шу билан бирга, ўқувчиларнинг ички имкониятлари ва қобилиятларини юзага чиқаришга мўлжалланган педагогик усуллар, замонавий ахборот технологияларининг мактаб дарсларидан кенг фойдаланиши ўқув дарсларининг янада қизиқ ва фойдали ўтишига туртки беради.
Ўқув дарсларида қатнашаётган 14 та мактабнинг 60 нафар раҳбар ва педагог-ўқитувчилари малакали тренер ва экпертлар иштирокида ўз малакаларини оширишмоқда.
Малака ошириш дарслари 2022 йил 15 декабрга қадар давом этади.