Интервьюда Президентимизнинг ягона мақсади янги Ўзбекистонни тинч ва фаровон, кенг имкониятлар мамлакатига айлантириш экани очиқ баён этилган. “Янги Ўзбекистон” деган тушунча реал воқеликка айланиб бораётгани бир неча жонли мисоллар орқали очиб берилган. Олтита устувор вазифа тўғрисида сўз борган. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маърифий соҳаларда қадам-бақадам амалга оширилиши керак бўлган вазифалар, фан, таълим тўғрисидаги қимматли мулоҳазалар билдирилган.

Келажак учун олиб борилаётган сиёсат ва ташаббуслар замирида халқ манфаати, фаровонлиги, ижтимоий, сиёсий ҳимояси, хотин-қизлар, ёшларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг имкониятларини кенгайтириш каби мақсадлар мужассамлиги ўз ифодасини топган.

Шунингдек, ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган. “Маълумки, ёшлар янгича фикрлашга, янги-янги ғояларни дадил ўртага ташлаб, уларни амалга оширишга, муаммоларни ижодий ва ностандарт ёндашувлар асосида ҳал этишга мойил бўлади. Шунинг учун ҳозирги кунда ёш авлод вакилларининг билим олиши, илм-фан, инновациялар, адабиёт, санъат ва спорт соҳасидаги истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши, уларнинг жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий  ҳаётида фаол иштирок этиши учун барча шароит ларни яратишга устувор аҳамият бермоқдамиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Дарҳақиқат, бизга ҳамма соҳа бўйича билимли инсонлар керак. Ана шу мақсадда ташкил этилган Президент мактаблари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари бугун ўнлаб иқтидорли ёшларни кашф этмоқда. Ўтган вақт давомида таълим тизимига катта эътибор қаратилди.  Айниқса, охирги йилларда олий таълим муассасалари 141 тага етказилгани, 26 та хорижий олий таълим муассасасининг филиаллари очилгани, “Янги Ўзбекистон университети” ташкил қилинганини фахр билан тилга олиш мумкин. Тўрт йил олдин юртимизда ОТМлар сони 77 та эди. Бундан тўрт-беш йил олдин мактаб битирувчиларининг фақат 9 фоизи олий маълумотга эга бўлиш имкониятига эга бўлган бўлса, ҳозир бу рақам 28 фоизга етди.

Фарзандларимиз олий таълим олиши учун имкониятлар икки баробар кенгайди. Келгусида олий таълим олиш имкониятини 50 фоизга етказиш масаласи қўйилган.

Таълимга қаратилаётган эътибор келажакка киритилаётган инвестициядир. Биз айни пайтда Учинчи Ренессанс остонасида турибмиз. Бу нима дегани? Бу уйғониш, янгиланиш, дегани. Ана шу эврилишлар маҳсули ўлароқ, Учинчи Ренессансни амалга оширадиган иқтидорли, жаҳон андозалари даражасида билим олган, баркамол ёшларни тарбиялашимиз керак. Шу боис, давлатимиз раҳбари ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда ва бу мазкур суҳбатда ҳам атрофлича ёритилган.

Таълимдаги ўзгаришларни биз, соҳа вакиллари янада чуқур ҳис қилмоқдамиз. Яқинда мактаб болалари учун халқаро олимпиадаларда қатнашиб, олтин, кумуш ва бронза медалларга сазовор бўлган ёшларимизга, уларнинг мураббийларига мукофот ва совғалар топширишга бағишланган тантанали маросим ташкил этилди.

Ўзим ёшлигимни эсласам, математикага меҳрим баланд бўлиб, шаҳар, республика, собиқ иттифоқ олимпиадаларида қатнашганман. Аммо олимпиадачиларга эътибор ҳеч қачон ҳозиргидек бўлмаган. Бундан 5-10 йил аввал ҳам мамлакатимиз мактаб ўқувчилари халқаро математика олимпиадаларида яхши натижа кўрсата олмасди. Сабаби, халқ таълими, олий таълим ва фан орасида узилиш юзага келган эди. Олимпиада жараёнига етук математиклар жалб қилинмасди. Президентимизнинг академиклар билан мулоқотида шу масалалар кўтарилган. Шундан кейин давлатимиз раҳбарининг математика соҳаси ривожига қаратилган бир неча қарор ва фармонлари илм-фан ва таълимда катта ўзгаришларга замин яратди.

Куни кеча халқаро фан олимпиадаси ғолибларини тақдирлаш маросимида иштирок этдим. Президентимиз қарори билан халқаро олимпиадада олтин медаль олган ўқувчи 122 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Унинг ўқитувчисига 110 миллион сўм берилди. Кумуш медаль соҳибига 73 миллион, ўқитувчисига эса 61 миллион сўм, бронза медаль соҳибига 49 миллион сўм, ўқитувчисига 36 миллион сўм тақдим этилди. Бу тарихда бўлмаган воқеа.

Яна бир мисол. Математика бўйича таҳсил олаётган иқтидорли талабаларни халқаро фан олимпиадаларига тайёрлаш ва уларнинг турли хорижий танловларда иштирокини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида янги тизим яратилмоқда.

2020 йилдан бошлаб, талабаларнинг халқаро математика олимпиадаларида муносиб иштирок этиши ва иқтидорли талабаларни саралаш мақсадида Ўзбекистон Миллий университети ва В.Романовский номидаги Математика институти ҳамкорлигида “Mathematical olympiads of Uzbekistan for University Students” онлайн лойи ҳаси ташкил этилди. Лойиҳага 2020 йилда математика бўйича фалсафа доктори Карим Раҳимов, 2021 йилда эса Математика институти кичик илмий ходими Беҳзод Қурбонбоев раҳбарлик қилди. Жами икки минг нафардан ортиқ талаба орасидан Ўзбекис тон терма жамоасини шакллантириш натижасида университет талабалари учун дунёда энг нуфузли халқаро математика олимпиадасида вакилларимиз юқори натижага эришдилар. 2020 йилда терма жамоамиз 2 та олтин, 5 та кумуш, 3 та бронза медаль ва 4 та фахрий ёрлиқни қўлга киритган бўлса, 2021 йилда 5 та олтин, 6 та кумуш, 4 та бронза медаль ва 2 та фахрий ёрлиқ олиб, халқимиз ишончини оқлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга яратилаётган имкониятлар маҳсулини ана шу мисолда ҳам кўриш мумкин. Бу илм-фанга қаратилаётган эътиборнинг дастлабки мевасидир.

Учинчи Ренессанс бир кунда юз бермайди. Бугун ана шу юксалишга пойдевор яратилмоқда. Биз ватанпарварлик туйғуси тўғрисида кўп гапиришимиз мумкин, лекин ҳар бир юртдошимиз қалбида “Мен ватан учун нима қиляпман?” деган савол бўлиши керак.

Президентимиз ҳар бир соҳа ичига ўзи кириб боради. Энг муҳими, раҳбарлар олдига кабинетда ўтириб бошқариш эмас, халқнинг ичига кириб, ҳолатни ўз кўзи билан кўриш, муаммоларга ечим топиш вазифаси қўйилган. Давлатимиз раҳбарининг олимлар, олий таълим тизими вакиллари, ёшлар билан учрашувлари, самимий мулоқотлари барча раҳбарлар учун намуна бўлиши керак.

Ўйлайманки, республикамизда ҳар бир соҳанинг ўсиш нуқтаси бор. Ана шу нуқтага урғу берилса, албатта, ривожланиш бўлади. Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар масаласига, таълим тизимига, умуман, барча соҳаларга қаратаётган эътибори замирида ана шу узоқни кўра билиш бор.

Мен академик ва математика институтининг директори сифатида буни чуқур ҳис этдим. Математика фани фақат пойтахтда эмас, вилоятларда ҳам чуқур ўргатилиши шарт. Зеро, вилоятларда, чеккка туманларда ҳам иқтидорли болалар бор. Президентимизнинг 2019 йил 9 июлдаги “Математика таълими ва фанларини янада ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан бешта вилоятда институтимиз бўлинмалари очилди. Фан ва таълим орасида узвий боғлиқлик бўлиши учун бўлинмалар вилоят лардаги университетлар ичида ташкил этилди. Мактаблардаги энг иқтидорли болаларни танлаб олиш ва тарбиялаш вазифаси институтимиз жамоаси зиммасига юклатилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Математика институти учун талабалар шаҳарчасида янги замонавий бино барпо этилди.

“Янги Ўзбекистоннинг нафаси, суръати ва шиддатини, аввало, азиз ўғил-қизларимизнинг азму шижоати, дадил фикр ва таклифларида, эришаётган дастлабки ютуқларида кўраман”, деди давлатимиз раҳбари суҳбат асносида.  Албатта, Учинчи Ренессанс ибораси кўп тилга олиняпти. Айни кунларда унинг пойдевори қурилмоқда. Унга бир-икки йилда эришиб бўлмайди. Бугунги яратилган шарт-шароит эртага хоразмийлар, берунийлар, Нобель мукофотини оладиган заковатли кадрлар етишиб чиқишида муҳим омил бўлади.