Марказий Осиё мамлакатлари билан авиақатновни тиклаш ҳам иш бермади. Апрель ойида тўрт миллионгача хорижий ишчилар бор эди. Энди эса улар икки бараварга камайган.
«Россиялик қўнғироқ қилса, мен хурсанд бўлибман»
«Қиш яқинлашиб қолди, биз эса ҳали хазонларни йиғиштириб олганимиз йўқ, — дейди йирик компаниялар бошқарувидан бирининг вакили Татяна(ўзининг илтимосига кўра фамилияси кўрсатилмайди). — Ўзингиз қаранг, мигрантларсиз қандай аҳволга тушганмиз».
Марказий кўча бўйлаб, метронинг «Автозаводская» бекатидан унча узоқ бўлмаган жойда бир қанча кўп хонадонли уйлар жойлашган. Татяна бизни ҳовли орқали уй атрофидаги ҳудудга бошлаб борди. «Бу жуда катта майдонни ҳозир биргина ишчи тозалаяпти. Бу ердаги иш эса камида беш кишига етади — деб изоҳ беради у. — Аҳоли эса болалар майдончаси ифлосланиб кетганидан шикоят қиляпти. Унинг устига коронавирус. Компаниялар раҳбарларига талаб кучаяпти, ишлайдиган одамнинг ўзи йўқ».
«Пандемия давригача ҳовли супурадиган ишчига ёки фаррошга бир ойда 30 минг рубль иш ҳақи тўлардик. Ҳозир эса 40 мингача кўтарганмиз. Лекин одам йўқ», — уф тортади корхона вакили.
Қирғизистонлик мигрант тўрт кишининг вазифасини бажаряпти. У ватандошларини чақиришга ваъда берган. Лекин ҳеч ким келмаяпти. Сайтларга эълон ҳам берилган.
«Яқинда бир россиялик қўнғироқ қилди. Ҳовли супурадиган бўлиб ишга ўтмоқчи экан. Унинг ёши 58 да бўлсада, суҳбатга чақиришга мажбур бўлдим, — дейди Татьяна. — Ишнинг кўплигини кўриб, қочиб кетди».
Сентябрь ойида Россия билан Қирғизистон ўртасида авиа қатнов йўлга қўйилганди. Лекин ўзгариш бўлмади.
«Мен пол ювмайман!»
Марина Москва шаҳри марказидаги унча катта бўлмаган меҳмонхоналардан бирини бошқаради. Мигрантлар етишмовчилиги ҳақидаги суҳбатга унинг номини кўрсатмаслик шарти билан рози бўлди. Ҳатто меҳмонхона номини ҳам. «Унда бизни текширувчилар босади», — деб тушунтирди Марина.
Аввал бу ерда 45 та хонани тўрт киши — Марказий Осиё мамлакатларидан келган қизлар тозалаган экан. Сантехника, пайвандлаш ишлари, майда хўжалик ишлари билан эса бир киши шуғулланган. Ҳовлига ҳам у қараган. Баҳорда штатда бир нафаргина тозаловчи аёл ва бир нафар умумий ишларни бажарувчи ходим қолди.
Меҳмонхона бизнеси энди жонланяпти, лекин ишчи кучи етишмайди. Марина Аҳоли бандлиги марказига мурожаат қилди. У ерда россияликлар орасидан тўғри келадиган ходим топишга ваъда берган. Бир ҳафта ўтгач, биринчи иш изловчи келган.
«Менга оқсоч керак эди. Олий маълумотли қизни юборишибди. У қиз келиши билан пол ювмаслигини айтди. Мен уни ишга олмаслигим ҳақида инкор маъносидаги маълумотнома ёзиб беришим керак экан. Бу унга ишсизлик бўйича нафақа олиши учун керак экан. Менга ундай номзодлардан нима фойда?» — норози оҳангда дейди меҳмонхона бошқарувчиси.
Мавсумий шогирдлар
Мигрантларнинг етишмаслиги қурилиш соҳасига кам таъсир ўтказди. Подмосковьедаги прораб Денис Нееловнинг сўзларига кўра, пандемия вақтида ҳам иш тўхтамаган.
«Пудратчи объектни вақтида топшириш керак. Акс ҳолда жарима тўлайди. Шунинг учун биз ишчиларни пойдевор қургунимизча ёллаймиз. Уларга ўз вақтида иш ҳақи тўлашга ҳаракат қиламиз», — дейди у.
Қурилиш бригадалар ишчилари орасида кўпчилик Қирғизистондан, Ўзбекистондан, Тожикистондан келган ишчилар. Беларус, Молдова ва Арманистондан келган мигрантлар ҳам бор. Лекин уларнинг талаби ҳар хил.
«Марказий Осиёдан келганлар вахта усулида ишлашга ҳам рози. Баракда беш-олти киши бўлиб яшашга ҳам тайёр. Беларус ва Молдованлар ундай шартларга рози бўлмайди. Уларнинг ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳам талаби юқори. Россияликларнинг ўзлари ҳам ҳамиша ҳам «қора иш»га рози бўлавермайди», — мулоҳаза юритади Неелов.
Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарувчи «Мавсумий ишлар» компанияси мутахассиси Наталья Артемьева тан олади: Мигрантларни ишга жалб қилиш учун кўпчилик найранг ишлатади.
«Эълонда ваканцияни кўрсатганда иш ҳақини баланд кўрсатади. Масалан, конфет қадоқлаш учун 75 минг рубль ваъда беради. Юк ортувчи ва туширувчига — 70 мингдан бошлаб... . Лекин диққат билан ўқиб чиқсангиз, шунча пулни 50 ёки 60 сменага тўлашини англаб етасиз. Бу дегани икки ёки уч ой тер тўкиш дегани», — деб тушунтиради Наталья Артемьева.
Энди эса ҳеч кимни алдай олмайсиз. Ҳақиқий юқори иш ҳақи эвазига ҳам ҳеч кимни жалб қилиб бўлмаяпти», — давом этади аёл.
Улар ватанига кетса иш тўхтаб қолади
Мигрантларнинг етишмаслигига қарамай, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамон поймол этиляпти. Волонтёр ва ҳуқуқшунос Муҳаммад Собиров яқинда Нижний Новгороддан қайтиб келди. У у ерда том маънода «одамларни қутқариш» билан шуғулланган.
«Йирик тадбиркор қирқ нафар тожикистонлик фуқаронинг паспортини олиб қўйиб, иш ҳақи беришдан воз кечган. Улар менга — ўз мамлакатининг консуллигига мурожаат қилдилар. Манзилга етиб бордик. Аниқланишича фирма раҳбари фирибгар эмас экан. Унинг тушунтиришича, қурилишда иш кўп экану, ишлайдиган одам йўқ экан. Агар мигрантларга иш ҳақини тўлаб берса, улар ватанига кетиб қолар экан», — сўзлаб берди Собиров.
Яна битта катта муаммо — жамоат транспортидаги текширувнинг кўпайгани. «Ниқоб тартиби кучайиши билан мигрантлардан қўнғироқ кўпайиб кетди. Кўпроқ полиция устидан шикоят қиляпти. Улар ниқоб тақиб юришига қарамай, хорижликларни кўплаб ушлаб жаримага тортар экан. Ҳаракатларини коронавирус туфайли Москвада кучайган махсус кўрсатмага таяниб иш кўришлари билан тушунтиради», — ҳайрон бўлади ҳуқуқшунос.
Юзага келган вазиятни Собиров яхши ҳисоблаяпти: энди иш берувчилар мигрантларнинг талабларини ҳам инобатга оляпти экан. У чегараланишлар олиб ташланганидан кейин мигрантларга ҳам жамиятда ҳурмат кўзи билан қарайдиган бўлишига ишонади, деб ҳикоя қилинади РИА Новостида