Пандемия даври эмасми, турли дори воситаларига эҳтиёжимиз ортган. Ўзбекистон ҳудудида сотилаётган аксарият дориларнинг ўзбекча ёрлиғи йўқ. Ўзбекча ёрлиғи бўлган дориларнинг кўрсатмасини ўқиб, ғализлигидан тушунмаймиз, кейин яна хорижий тилдаги йўриқномани ўқиймиз. Сабаби бу эрда гап инсон саломатлигига бориб тақалади. Ўзбекча ёрлиқни қайсидир хорижий тильдан номутахассис кишилар таржима қилганлари яққол кўриниб туради. Ана шундай арзимасдек кўринган юмушларга мутахассисларни жалб қилинган ҳолда ёндашилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Бозорлар, дўконлар, дорихоналар, турли иншоотларнинг хорижий тилларда номлангани ҳақида Оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда тез-тез танқидий руҳда кўплаб чиқишлар қилинади, аммо биз бу соҳадаги муаммоларни санашдан кўра уларга барҳам бериш ҳақида бош қотиришимизнинг аллақачон вақти этди. Ахир боболаримиз ва бувиларимиз набираларига тушунарли тильда гапириш учун «маркет»га бориб келдим, «шопинг»дан сотиб олдим, дея гапиришга кўникиб қолишди. Жой номларини ўзбекча номлаб, кейин исталган хорижий тиллардаги таржимасини бериш мумкин.

Ёшларимизнинг чет тилини ўргансанг, чет элга бориб ишлашинг ёки яшашинг мумкин, деган қараши ҳаммасидан ўтиб тушади. Дарвоқе, хорижий тилларни ўрганиш, хорижга бориб ўқишдан мақсад даромадга бориб тақалар экан, фарзандларимиз билан видеоалоқа қилишга, меҳр-муҳаббат ўрнига пул жўнатишларига кўникишимизга тўғри келиши мумкин.

Халқимизда «Тил билган — эл билади», деган ҳикматли гап бор. Дарҳақиқат, кўплаб хорижий тилларни билган инсонга дунё эшиклари бирма-бир очилади. Тил ҳар бир халқнинг келиб чиқиши, тарихи, қадриятлари билан боғлиқ бўлгани сабабли қадрлидир. Асрлар давомида ривожланиб, тараққий этадиган тилнинг ҳар бир замонда эъзозланиши, шубҳасиз, ушбу тилнинг имкониятларини тобора кенгайишга хизмат қилиши билан бирга ўзи мансуб бўлган халқнинг мақомини ҳам юксалтиради. Шу ўринда бир нечта тилларни билган, ўз давридаги нотинчликлар туфайлигина чет мамлакатларда яшашга маҳкум бўлган, ҳар қандай шароитда ҳам ўз она тилида асарлар ёзиб, ўз она ватанининг шаънини кўкларга кўтаришга беқиёс хизмат қилган аждодларимиз ҳақида тўхталишни жоиз, деб билдим.

Дунё тан олган Муҳаммад ал Хоразмий ёшлигиданоқ аниқ ва табиий фанларни ўрганишга қизиққан, араб, форс, ҳинд ва юнон тилларини эгаллаб, бу тилларда ёзилган китобларни қунт билан ўқиб, мутолаа қилган. Пировардида Хоразмийнинг «Ал Жабр вал муқобала» («Тенгламалар ва қаршилантириш»), «Ҳисоб ал-Ҳинд» («Ҳинд ҳисоби»), «Китаб сурат ал-Арз» («Эр сурати ҳақида китоб»), «Китаб ат-Тарих» («Тарих китоби») каби асарлари дунёвий фанларнинг ислом динидан мустақил ривожланишига йўл очди. Орадан неча асрлар ўтибди ҳамки, Хоразмийнинг бой мероси ҳозирги кунгача янги-янги кашфиётлар қилишга асос бўлиб келяпти.

Яна бир алломамиз Аҳмад ал-Фарғонийнинг турли хорижий тилларни эгаллагани математика, география, астрономия, тарих соҳаларида чуқур изланиши учун йўл очган. Араб атамашунослигини пайдо бўлиши ва илмий тараққиёти бевосита Фарғонийнинг номи билан боғлиқ.

Машҳур аждодимиз Абу Наср Форобийнинг этмиш тилни билгани ҳақида турли мисоллар бор. Шарқ фалсафасининг отаси, деган мақом олган Форобий фаннинг деярли барча соҳаларини эгаллаб, «Аристотелнинг «Метафизика» асарига илмий шарҳи, «Тирик мавжудот аъзолари ҳақида», «Мусиқа китоби», «Бахт-саодатга эришув ҳақида», «Сиёсат ал Мадания» («Шаҳарлар устида сиёсат юргизиш»), «Фозил одамлар шаҳри» каби 160 дан ортиқ беқиёс асарлар ёзган ҳамда қомусий олим сифатида дунё эътирофига сазовор бўлган.

Ўрта Осиё илм-фани ва маданияти тарихида қомусий билимлар соҳиби Абу Али ибн Синонинг ўрни беқиёс. Ибн Синонинг «Ал-Қонун фит Тиб» («Тиб қонунлари») асари олти аср мобанида (ХИ асрдан ХВИИ асрнинг ўрталаригача) Эвропа медицинасида қўлланма бўлиб келди. У 30 мартадан кўпроқ нашр этилди. Ўрта асрларда «Қонун» Шарқдагина эмас, балки Ғарб мамлакатларининг дорилфунунларида ҳам талаба учун медицинадан ягона қўлланма эди. У табиатшунос, файласуф, астроном, математик, музикашунос, ҳуқуқшунос, ахлоқшунос, филолог, ёзувчи ва шоир бўлган.

ХИ асрда яшаб ўтган мутафаккир олим Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билик» («Саодатга элтгувчи билим») деб номланган дидактик, бадиий-фалсафий асари бир неча асрлардан буён дунё халқларини чуқур маънавий-маърифий, ахлоқий, фалсафий фикр-мулоҳазалар юритишга ундаши билан бебаҳо бўлса, она тилимиз ва адабиётимиз тарихини ўрганиш нуқтаи назаридан бетакрор манба бўлиб хизмат қилиб келаётгани алоҳида таҳсинга сазовор.

Бугунги кунда аждодларимиз қолдирган бой меросни тўлиқ ўрганишимиз, уларнинг илм-фан ривожига қўшган салмоқли ҳиссасини чуқур ўзлаштиришимиз учун ҳам биз аввало она тилимизни мукаммал билишимиз, қолаверса, хорижий тилларни пухта ўрганишимиз, турли забонларда сўзлашувчи ва фикр юритувчи замондошларимиз билан ўзаро фикр алмашинишимиз лозим. Аждодларимиздан қолган турли тилларда ёзилган илмий ва бадиий асарларни ўзбек тилига таржима қилиш, ўзбек тилидаги асарларини хорижий тилларга ўгириш уларнинг илм-фан йўлида ҳали ўрганилмаган қирраларини очишга хизмат қилади.

Қомусий олимларимизнинг илмий изланишлари вақт аталмиш олий ҳакам синовларидан бемалол ўтиб, ҳар бир янги давр учун янги кашфиётлар қилишга асос бўлиб келаётгани, аждодларимизнинг номлари асрлар оша жаранг сочиб келаётгани она тилимизнинг ҳам ҳақиқатан энг қадимий эканидан, энг қадимий ва энг гўзал қадриятларимиз каби қадрли эканидан далолат беради.

«Тил — маънавиятимиз либоси» деган экан машойихлардан бири. Шундай экан, мамлакатимизда маънавий-маърифий масалаларни чуқур ривожлантириш мамлакат миқёсига олиб чиқилган бугунги кунда она тилимизни Давлат тили сифатида ривожлантиришга ҳисса қўшишимиз ҳар биримиз учун фарз.

Зиёда АКБАРҚУЛОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Таржима бўлими етакчи мутахассиси