Кейинги йилларда юртимизда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, қишлоққа саноатни олиб кириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ғояси ва ташаббуси асосида 2018 йилда бошланган бу хайрли ишлар натижасида бугунги кунгача 5 миллионга яқин аҳоли яшайдиган 1200 та маҳалла ва қишлоқда шароит яхшиланди. Табиийки, бу чора-тадбирлар туфайли қишлоқлар тобора чирой очмоқда. Обод хонадон, обод маҳаллада яшаётган одамларнинг ҳам ҳаётга муносабати ўзгариб,  ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси кучайиб бораётир.

Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги эзгу ишларни изчил давом эттириш ва янги босқичга кўтариш, халқимизни рози қилишда яна бир муҳим қадам бўлди.

Айтиш керакки, ҳудудлар инфратузилмаси масаласида узоқ йиллар мобайнида жиддий муаммолар тўпланиб қолган эди. Бунинг натижасида  шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси замон талабидан орқада қолиб кетди. Тоза ичимлик сув етишмаслиги, йўллар носозлиги, электр таъминотидаги тез-тез узилишлар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлар эди.  Сўнгги йилларда бу борада катта ўзгаришларга бел боғланди, давлат дастурлари доирасида қатор лойиҳалар бажарилмоқда. 

Президентимиз раислигида шу йил 24 март куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу жабҳадаги ишлар атрофлича таҳлил этилиб, вазифалар белгилаб берилди.

Қишлоқларда тегишли инфратузилма бўлсагина ҳаёт сифати ўзгаради, тадбиркорлик ривожланади. Шу сабабли бу йил “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари янги ёндашувлар асосида шакллантирилди. Бажарилиши лозим бўлган ишлар аҳоли талабидан келиб чиқиб белгилаб олинди. Бунда ободончилик билан бир қаторда иш ўринлари ташкил этиш, аҳолини камбағалликдан чиқариш масалалари ҳам кўзда тутилган.

Қарорга мувофиқ, туман ва шаҳарлардаги 7794 та қишлоқ ва маҳаллада умумий қиймати 20,8 триллион сўмлик, жумладан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 4,8 триллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилади.

Мазкур дастурларни шакллантириш учун ҳар бир қишлоқ ва маҳалладаги ҳолат, аҳолини қийнаётган муаммолар уйма-уй юриб ўрганилди. Бу тизим нафақат ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, балки ижтимоий муҳитни соғломлаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш каби муҳим чора-тадбирларни ҳам қамраб олади.

- Ана шундай муҳим талаблар асосида шакллантирилган дастурлар доирасида ажратилаётган маблағлар, асосан, маҳаллалардаги “ўсиш нуқталари” аниқланиб, тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, ишлаб чиқариш цехларини ташкил этишга йўналтирилади, - дейди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Адиз Бобоев. - Бунинг натижасида маҳаллалардаги ишсиз аҳоли бандлигини таъминлашга эришилади.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла”  дастурлари доирасида, шунингдек,  ичимлик сув, газ, электр таъминоти, ҳудудлар архитектураси, алоқа ва ахборотлаштириш тизими, уй-жой фонди, ижтимоий соҳа, транспорт ва чиқиндилар билан ишлаш инфратузилмасини яхшилаш, туризм,  кичик саноат зоналари фаолияти, маҳалла ва маданият масканларини ривожлантириш, ободонлаштириш, аҳолини оммавий спортга жалб этиш масалаларига ҳам алоҳида ёндашилади.

Аҳолини электр энергияси билан таъминлаш борасида жойларда ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этишга жиддий эътибор қаратилади. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджоновнинг айтишича, электр таъминотини яхшилаш мақсадида 5 минг 377 та (60 фоиз) маҳаллада 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ва 4 мингдан ортиқ трансформатор янгиланади. Бу ишларга қарийб 2,1 триллион сўм йўналтирилади. Соҳада хусусий шериклик тизими йўлга қўйилади. Жумладан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 2000 километр паст кучланишли электр тармоқлари ва 555 та трансформатор пункти янгиланади ва модернизация қилинади. Бу ишларни ўз вақтида ва сифатли бажариш мақсадида жойларда темир-бетон таянчлар ва бошқа зарур воситалар ишлаб чиқарувчи цехлар ташкил этилади.

Ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 5,9 минг километр узунликдаги тармоқ ва 559 та иншоотда 2,2 триллион сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари бажарилиши кўзда тутилган. Қиёслаш учун айтадиган бўлсак, бу ишлар ҳажми 2016 йилдагига нисбатан олти баробар кўпдир. Лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун хориждан тажрибали мутахассислар жалб этилиши кўзда тутилмоқда.

Қишлоқ ва маҳаллалар ички йўлларини яхшилаш баробарида таъмирталаб бўлиб қолган кўприклар қайта тикланади. Аҳоли кўп юрадиган кўчаларда пиёдалар йўлакчалари қурилади. Ҳудудларнинг алоқа тизимини яхшилаш ҳам эътиборда бўлади. Жумладан, 3,7 минг километр  алоқа тармоғи ва икки мингта станция қурилади ва таъмирланади. Натижада 1 миллион 700 минг аҳоли сифатли алоқа ва интернет хизмати билан қамраб олинади.

 Ижтимоий соҳа инфратузилмасини такомиллаштириш доирасида 615 та боғча, 1030 та мактаб ва 376 та тиббиёт муассасаси қурилади ва таъмирланади. Бунинг натижасида 3,4 миллион аҳолининг таълим ва тиббий хизматдан баҳрамандлик даражаси яхшиланади. Шунингдек, саккиз юздан кўпроқ маҳалла биноси ва гузари, 27 та маданият маркази реконструкция қилинади ва янгидан қурилади.

Айни пайтда жойларда бу ишларни тизимли амалга ошириш учун масъул ходимлар бириктирилган. Дастурларни молиялаштириш учун республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга йил якунига қадар қайтариш шарти билан босқичма-босқич бир триллион сўм ссуда ажратилади.

Жорий йил 15 апрелгача қурилиш-таъмирлаш ишлари учун лойиҳа- смета ҳужжатлари ишлаб чиқилади ва тендер савдолар тўлиқ якунланади. Ажратилган маблағ етишмаса, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбаларидан фойдаланиш ҳисобига белгиланган ишларни якунига етказиш кўзда тутилмоқда.

Биз сўз билан айтганда, халқимизнинг бунёдкорлик ва яратувчилик салоҳияти кўзгуси бўлган бундай хайрли ишлар туфайли маҳалла ва қишлоқларимиз кундан-кун чирой очиб, обод бўлади. Маҳаллаларга, хонадонларга тоза ичимлик сув етиб боради. Қишлоқ кўчалари равон, манзиллар обод, кўнгиллар мунаввар бўлади.

                                                                            Баҳор ХИДИРОВА,

                                                                         “Янги Ўзбекистон” мухбири