– Раҳимжон, хушчақчақ ва ширинсухан ҳамда одамларга нисбатан меҳрибон эди, – дейди Тошкент шаҳар ФВБ нозири кичик сержант Лаълихон Холмуҳаммедова. – Ўқиш даврида қийналганларга ёрдам берар, заифроқ ва бўшанг синфдошларини юқори синф ўқувчилари ҳамда безорилардан ҳимоя қилар эди. Бир марта синфдошларини катта болалар қўрқитиб чўчитганда, уларни кечирим сўраттирганди.
Раҳимжонни ёшлигида дадаси Каримжон ака “Спорт билан шуғулланишинг ўзингни кўз-кўз қилишга эмас, балки заиф ва ожизларни зўравонлардан ҳимоя қилиш учун”, деб, ўғлини каратэ тўгарагига берган эди. У киши шаҳардаги катта автокорхонанинг ҳаракат хавфсизлиги бўйича муҳандиси бўлиб ишларди. Раҳимжон дадасини хизмат кийимида юрадиган ДАН ходимлари билан бевосита алоқа қилгани учун, офицерлар билан тез-тез мулоқот қилиб турарди. Раҳимжон уларга ҳавас билан қарар, келажакда, албатта, хизмат кийимини кияман дерди.
Мактабни тамомлаб, у ҳақиқий ҳарбий хизматга кетди. Хизматни ўтаб бўлгач, Ички ишлар вазирлигининг махсус бўлинмасига ишга кирди. Унга юксак ишонч билдириб, лейтенант ҳарбий унвонини беришди. Лейтенант олган куни Раҳимжондан бахтли инсон бўлмаган. Унинг азалий орзуси ИИВ Академиясида сиртдан ўқиш эди. Ўша вақтларда махсус бўлинма ходимлари сиртдан ўқишар эди. Миробод туманининг Сарикўл маҳалласидаги маҳалладоши Зумрад Холмуҳаммедовани кўрганда Раҳимжон: “Опажон! Мен сиз ишлаётган Академияга, албатта, ўқишга кираман!», дер экан.
Кунлар шу зайлда ўтаверди. Ноябрь ойининг ўрталарида ҳавонинг авзойи бузилиб, ёмғир ёға бошлади. Кеч куз эмасми, ҳаво бирданига совиб кетди. Бир куни ҳарбий қисмда тўсатдан “йиғин” сигнали чалиниб, ҳаммани саф майдонига тўплашди. Раҳимжон ҳам зудлик билан саф майдонидаги белгиланган жойига етиб келди. Командирлар кўп гапирмасдан керакли буйруқларни бериб, махсус бўлинма ходимларини қуроллантириб, жанговар вазифани бажаришга йўналтиришди. Ҳарбийлар ортиқча савол бермасдан, машиналарга чиқиб, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри томон жўнаб кетишди.
Етиб боргач маълум бўлдики, бир гуруҳ террорчи жангарилар қўшни давлат ҳудудидан бизнинг тоғларга суқилиб кирган экан. Янгиобод шаҳарчасининг юқорироғида жойлашган қўриқхона ҳудудида ўрмончиларга йўлиқиб, уларнинг баъзиларини гаровга олиб, баъзиларини отиб ўлдиришган экан. Отишма чоғида бир ўрмончи жангариларнинг каттасини ярадор қилади. Жангарилар ўз бошлиқларига Ангрен шаҳридан шифокор келтириш мақсадида тоғдан пастга тушишади. Шунда маҳаллий ички ишлар идоралари ходимлари билан тўқнаш келишади ва ўртада отишма бўлади. Тўқнашувда уч нафар ички ишлар ходими ҳалок бўлади. Офицерлар хизмат машинасидан тушмаёқ, пихини ёрган жангариларнинг пистирмадан отган ўқига учишади.
Бу тўқнашувнинг гувоҳи бўлган маҳаллий чўпон-чўлиқлар бу ҳақда вилоят ИИБга хабар беришади. Ички ишлар вазирлиги ва вилоят ички ишлар бошқармаси шахсий таркиби оёққа туриб, бу жиноий гуруҳни йўқ қилиш режасини тузишади. Ҳудуд арчазор, қарағайзор ва қайинзор билан қопланган бўлиб, жангарилар сувга тушгандек ғойиб бўлишади. Тезкор-қидирув ишлари бошланиб кетади, лекин жангарилар ҳеч қаерда йўқ эди.
1999 йил 22 ноябрь куни “Родничок” дала-ҳовлилар мажмуасида, ўша вақтдаги Ички ишлар вазири генерал-полковник Зокиржон Алматов икки қаватли дала ҳовли ёнида тезкор йиғилиш ўтказади Тезкор йиғилишда вилоят ИИБ бошлиғи генерал майор Комилжон Хидиралиевнинг таклифи билан, мажмуадаги ҳар бир бинони текшириб чиқиш вазифаси қўйилади, яъни “Тозалаш” тадбири белгиланади. Тоққа туташ қайинзорда жангариларнинг бир гуруҳи аниқланади ва ҳарбийларимиз уларни йўқ қилиш чорасини кўришади. Жанг майдонида еттита жангариларни бошлиғи билан жасадлари топилади. Яна бир қанча жангари яширинишга улгуради.
Қолган жангариларни топиш мақсадида қидирув ишлари яна давом эттирилади. Яна биноларни текшириш бошланади. Ҳамма бинолар ва чала иморатлар ҳам назардан четда қолмайди. Бироқ жангарилар сувга тушгандек ғойиб бўлишган эди. Тезкор маълумотларга қараганда улар ўн тўрт ёки ўн беш киши бўлган. Жангарилар изсиз йўқолиши мумкин эмас эди. Яна бир бошидан текширишга киришилди.
Бу пайтда Раҳимжон Тўлаганов кечагина вазир йиғилиш ўтказган дала ҳовлини яна бошқатдан кўздан кечиришни бошлайди. Ертўласи билан уч қаватли бинонинг ҳар бурчагини текшириш мақсадида, иккинчи қаватга кўтарилади. Унинг ортидан хизматдош қуролдошлари ҳам келишаётганди. Иккинчи қаватда супалар қилинган бўлиб, дам олувчиларга қулай шароит яратилган эди. “Ёзда салқинлаш учун қилинган бўлса керак”, деб ўйлади лейтенант. Хонани назар ташлаб текшираётган вақтда бир нарса лип этгандек бўлди. Кеч тушиб қолгани учун Раҳимжон супанинг тагидаги полга қапишиб олган тўрт нафар жангарини нимқоронғида кўрмай қолди.
Жангарилар тиш-тирноғигача қуролланган эди. Эс-хушини йиғиб олганда, жангарилар граната улоқтиради. “Йигитлар! Граната!», деганча Раҳимжон кўксини қалқон қилиб, гранатанинг устига ташланади. У шундай қилмаса, орқасидан келаётган қуролдошлари халок бўлиши мумкин эди. Ёш офицер танаси остидан бўғиқ портлаш овози эшитилди ва осколкалар унинг гавдасига санчилди. Раҳимжон бу ҳаракати билан тўрт нафар хизматдошларини ҳаётини сақлаб қолди, лекин ўзи...
Бу бир зумда содир бўлди... Раҳимжоннинг кўз олди қоронғулашиб кетди. Жон ҳолатда туришга ҳаракат қилди, лекин тура олмади... Ёшлиги, боғча, мактаб ва ҳарбий хизмати ўтди. Онасининг меҳр тўла кўзлари ва иссиқ қўллари, отасининг виқорли ва салобатли гавдаси, фотиҳа қилинган бўлғуси ёрининг гулгун чеҳраси, синфдош ва қуролдош дўстлари, сокин Сарикўл маҳалласи, она шаҳри Тошкентнинг гавжум кўчалари ҳамма-ҳаммаси бирма-бир кўз олдидан ўтди.
Раҳимжон бор йўғи 24 йил умр кўрди, лекин унинг умри мангуликка даҳлдор бўлди.
– Мен ҳарбий хизматни махсус бўлинмада Раҳимжон Тўлаганов билан бирга бошлаганман. У жуда чаққон ва эпчил, истиқболи порлоқ йигит ҳамда яхши ҳарбий хизматчи эди, – деб эслайди Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети кафедра бошлиғининг ўринбосари, полковник Азизжон Анаркулов. – Ўша машъум кунда у билан бирга Равил Василев ва Дмитрий Воронинлар ҳам халок бўлишди. Бу учовлон хизмат қилган ҳарбий қисм эндиликда Миллий гвардияга қарашли. Уларнинг хотирасини абадийлаштириш учун керакли ишларни амалга оширилганига шубҳа қилмаймиз.
Авваллари халок бўлган ҳарбий хизматчилар ўзи хизмат қилган ҳарбий қисмга абадий рўйхатга киритилиб қўйиларди. Саф кўриги вақтида фамилияси ўқилса, бир ҳарбий хизматчи: “Она-Ватан озодлиги, мустақиллиги ва суверенитети учун жангларда халок бўлди!», дерди.
Раҳимжон Тўлаганов, Равил Василев ва Дмитрий Воронинлар бизнинг заминимиз фарзанди, шунинг учун улар ҳамиша ёдимизда.
Тўлқин Сайдалиев,
филология фанлари номзоди, доцент
Хуршид Маматқулов,
педагогика фанлари доктори, доцент