Бугун банк хизматларидан фойдаланиш, айниқса, кредит олиш тизими соддалашиб боряпти. Орамизда бир вақтнинг ўзида бир нечта кредит олганлар бор. Амалиётга муддатли тўлов, деган тушунчалар ҳам кириб келди. Маиший техникадан тортиб кийим-кечак, озиқ-овқатларни ҳам “ҳозир олиб, кейин тўлаш” имконияти мавжуд. Буларнинг барчаси юртдошларимизга қулайлик яратяпти. Аммо ягона талаб — олинган қарзларни ўз вақтида тўлаб бориш керак. Акс ҳолда банк ёки нобанк ташкилотлари билан мижоз ўртасида муаммолар келиб чиқиши ҳеч гап эмас.

Банк карталаридан қандайдир қарздорликлар учун автоматик тарзда пул ечиб олинаётгани, нима учун ечилгани кўрсатилмаётгани билан боғлиқ шикоятлар келиб чиқаётгани ҳам айни шу масала билан боғлиқ. Банклар кредит олган фуқаро қарзни ўз вақтида тўламагани учун у ёки кафил шахсларнинг банк карталаридан ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, автоматик равишда пул ечиб олиши ҳолатлари кўпайган.

Шу боис, Марказий банк юртимиздаги тижорат банклари ва нобанк ташкилотлардан “мижознинг розилигисиз ва уни огоҳлантирмаган ҳолда унинг картасидан кредит ва бошқа қарз тўловлари учун маблағларни акцептсиз ечиб олиш” амалиётига шартномада назарда тутилмаган ҳолатда чек қўйишни қатъий талаб қилмоқда. Жорий йил 21 декабрь куни Марказий банк бошқаруви раиси ўринбосари томонидан шу мазмунда имзоланган тегишли кўрсатма тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига юборилган. Марказий банк Тўлов тизими департаменти бошқарма бошлиғи Хушвақт АЗИЗОВ билан ушбу хат мазмуни ва муаммони бартараф этиш бўйича кўрсатилган талаблар ҳақида суҳбатлашдик.

— Кўрсатма хатида тижорат банклари ва тўлов тизими операторларидан кредитор ёки кафил фуқароларнинг банк карталаридан шартномада кўрсатмасдан уларнинг розилигиз қарздорлик тўловлари автоматик тарзда ечилиб, қопланмаслиги борасида назорат ўрнатиш талаб қилинган, — дейди мутахассис. — Охирги вақтларда айни шу масала бўйича фуқароларнинг мурожаатлари келиб тушмоқда. Ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётган омиллар эса бир қанча. Жумладан, кредит олган фуқароларнинг банк карталаридан автоматик тарзда пул ечилиб, бу ҳақда уларга аниқ ва тўлиқ маълумот берилмаётир. Яъни кредиторга картангиздан фалон сўм пул ечиб олинди, деган СМС хабар келади. Аммо пул нима учун, қайси рақамли кредитни қоплашга ечиб олингани ҳақида айтилмайди. Натижада фуқаролар пуллари фирибгарларнинг қўлига тушиб қолганидан хавотирланиб мурожаатлар қилмоқда. Аниқлаштирилганда эса маблағ мавжуд кредит қарздорлиги учун автоматик ечиб олинган бўлади.

Яна бир жиддий масала фуқаролар номидаги бир нечта картадан кредит қарздорлиги учун пул ечиб олинаётгани билан боғлиқ. Яъни, кредит олувчиларнинг банк тўловлари учун белгилаган картасида маблағ бўлмаган тақдирда, унинг номидаги бошқа карталардан тўлов учун автоматик тарзда пул маблағлари ундирилаётган ҳолатлар кузатиляпти. Ваҳоланки, кўп ҳолларда банк билан тузилган шартномаларда тўлов учун фуқароларнинг барча тижорат банкларида очилган ҳисоб варақларидан (тўлов картаси, омонатлар) автоматик тарзда қарздорликни ундириш белгиланмаган.  Шу боис, биз тижорат банкларига кўрсатма бердикки, фуқаролар офлайн ёки онлайн равишда кредит олишидан қатъи назар, оферта шартнома тузилиб, унда қарз олувчининг айнан қайси картасидан тўлов учун автоматик равишда маблағ ечиб олиниши кўрсатилиши шарт. Бунда банк карталари бир ёки бир нечта бўлиши мумкин. Буни тижорат банки ва мижоз ўзаро келишади. Агар мижоз автоматик тўлов учун ўз номидаги барча карталарни киритса, улардан пул маблағи ечиб олиниши мумкин, акс ҳолда фақат киритилган битта картадан тўлов олиниши шарт.

Кафил шахслар масаласида ҳам шундай талаблар қўйилган. Қонуний жиҳатдан кафил билан банк ўртасида тузилган шартномада барчаси кўрсатилиши, кредитор ўз мажбуриятини бажаролмай қолганда кафилдан ундирилиши белгиланган бўлиши керак. Тўлов муддати ва бошқа талабларнинг бари шартномада кўрсатилиши шарт. Бу талаблар нафақат банк кредитлари, балки бошқа молиявий хизматларга ҳам оид.

— Қонунчиликка кўра, фуқароларнинг картасидаги маблағ қайси ҳолатларда унинг рухсатисиз ечиб олиниши мумкин?

— Бунга фақат Фуқаролик кодекси ёки қонунларда, банк билан мижоз ўртасидаги шартномада назарда тутилган ҳолларда ҳамда суд қароригина асос бўла олади. Яъни муддати ўтиб кетган қарздорлик, алимент тўловлари, солиқ олдидаги мажбуриятлар бажарилмаган ва бошқа ҳолатларда Мажбурий ижро бюроси ёки тергов ёхуд суд қарори, шунингдек, мижоз билан тузилган шартномада кўзда тутилган ҳоллар билан фуқаронинг банк картасидан маблағлар карта эгасининг рухсатисиз, автоматик ечиб олиниши мумкин. Бошқа вақтда эса карта эгасининг рухсатисиз пул ечиб олиниши ноқонуний ҳаракат саналади. Ҳатто тижорат банклари ҳам қарздолик учун шартномада кўрсатилмаган картадан фуқаронинг рухсатисиз маблағ ечиб олишга ҳақли эмас.

Шартномада кўрсатилган тақдирда ҳам картадан маблағ автоматик ечиб олинганида сабаблари аниқ кўрсатилиши керак. Юқорида таъкидлаганимдек, шу масалада фуқаролардан кўплаб эътирозлар тушмоқда.

Шундан келиб чиқиб, биз тижорат банклари, тўлов операторларига фуқароларнинг банк картасидан тўлов учун пул ечиб олингани ҳақида СМС хабарнома юборилганида, айнан қайси кредит ва муддатли тўлов учун ечиб олингани, шартнома рақами, ташкилот номи ва бошқа маълумотлар аниқ келтирилиши зарурлиги талабини қўйдик. Шунингдек, Марказий банкнинг 2018 йил 2 июлда давлат рўйхатидан ўтказилган “Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида”ги низомга мувофиқ, банк томонидан кредит, микроқарз ва лизинг бўйича қарздорликларни сўндиришда автотўлов усулидан фойдаланганда, банк кейинги иш куни ҳисобварақ (омонат, карта) эгасига маблағ қандай сабабларга асосан ва кимнинг фойдасига чиқарилганини кўрсатган ҳолда хабарнома юбориши шартлигини эслатиб ўтилган.

Яна бир масала, ҳозир рақамли банклар ривожланиб, мобил иловалар орқали кредит олиш имкониятлари яратилган. Расмийлаштириш жараёнларида одатда қарз олувчи фуқародан ташқари бир неча яқинининг мобил рақами ҳам сўралади. Мижоз уларни киритгач, ўша инсонлар ўзи хабардор бўлмаган ҳолда бевосита кафилга айланади. Қарз олган шахс кредитни ўз вақтида қайтармаса, унинг танишига банк томонидан мурожаатлар қилина бошлайди. Ўша одам ўзи хабардор бўлмаган масала учун қайта-қайта безовта қилинади. Шу боис, биз фуқаронинг ўзидан ташқари бошқа танишининг мобил рақами киритилганида, у ҳам СМС хабарнома орқали хабардор қилиниши ва розилигини олган ҳолда кредитни расмийлаштириш талабини қўйдик. Бу билан кредит олган шахс тўловни ўз вақтида тўлай олмаса, бошқа алоқадор бўлмаган шахсларни безовта қилмаслик ҳолатларини назарда тутганмиз.

— Охирги вақтларда фуқароларнинг банк карталаридан турли усуллар орқали маблағларни ноқонуний ечиб олиш билан боғлиқ фирибгарликлар кўпайган. Бу борада қандай чоралар кўрилмоқда?

— Ҳозир бу энг долзарб ва фуқароларнинг кўплаб мурожаатларига сабаб бўлаётган масалалардан бири. Кўрсатма хатида бу ҳам эътиборга олинган. Яъни тижорат банкларига фирибгарликларнинг олдини олиш учун ҳимоя тизимини кучайтириш бўйича кўпгина талаблар қўйдик. Шулардан бири биометрик идентификация (Face ID) механизмини кенг қўллаш билан боғлиқ. Бунда тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари мобил иловадан фойдаланувчи сифатида рўйхатдан ўтишда, мобил иловага банк карталарини бириктиришда, микроқарз, кредит расмийлаштиришда мижозларни идентификациялаш учун қўшимча тарзда Face ID механизмини қўллаши назарда тутилган.

Бироқ бу ушбу амалиётлардан фойдаланиш янада мураккаблашади, дегани эмас. Одамларда энди кредит олсам, ҳар гал уни сўндириш учун розилигим олинар экан, амалиётлар қийинлашар экан, деган фикрлар бўлмаслиги керак. Шунчаки дастурий ҳимоя тизимлари янада мустаҳкамланиши назарда тутилган ва бунда фуқароларнинг ҳам қисман иштироки бўлади. Улар жараёнда Face ID ва бошқа ҳимояловчи тизимларни ўз вақтида, тўғри қўллаши кифоя. Қолаверса, молиявий саводхонликни ошириш, юборилган ҳар қандай иловага кирмаслик, уларни тарқатишда иштирок этмаслик каби жиҳатларга эътиборлироқ бўлиш фирибгарликлар билан боғлиқ муаммолар келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилади.

Face ID рақамли идентификация тизимининг афзалликларидан яна бири фуқароларнинг мобил иловалари орқали бегона шахслар томонидан кредитлар расмийлаштирилишига йўл қўйилмаслигида. Охирги вақтларда бу масалада ҳам мурожаатлар сони ортган. Яъни фуқаролар телефон аппаратини сотган ёки йўқотиб қўйганда ёки идентификация маълумотларининг ошкор қилиниши натижасида уларнинг банк мобил иловасига бегоналар кириб ёхуд маълумотларидан фойдаланиб,  кредит расмийлаштираётган вазиятлар учраяпти. Замонавий ҳимоя тизими эса ана шундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.

Шунингдек, кўрсатма хатида айрим банклар кредит таъминоти сифатида суғурта полиси олаётгани боис, ушбу кредитлар белгиланган муддатда қайтарилмаган тақдирда, суғурта ташкилоти тижорат банкига кредит қарздорлигини тўлиқ қоплаб бераётгани, натижада банкнинг мажбурият бўйича қарз олувчига бўлган ҳуқуқлари суғурта ташкилотига ўтганлиги учун, суғурта ташкилоти қарз олувчининг банк карталаридан маблағларни акцептсиз тарзда ечиб олаётган ҳолатлар танқид қилинган. Ваҳоланки, қарз олувчи билан суғурта ташкилоти ўртасида қарз олувчининг банк карталаридан маблағларни акцептсиз тарзда ечиб олиш юзасидан шартнома тузилмаган ва бундай ҳуқуқнинг нобанк ташкилотларига берилиши қонунчиликда ҳам кўзда тутилмаган. Фуқаролик кодексига кўра, мижознинг топшириғисиз ҳисобварақда турган пул маблағларини ўчиришга суднинг қарори билан, шунингдек, ушбу кодексда ёки бошқа қонунда белгилаб қўйилган ёхуд банк билан мижоз ўртасидаги шартномада назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

Бундан ташқари, айрим тўлов ташкилотлари суғурта ташкилотларини “E-POS” махсус терминаллари билан таъминлагани натижасида уларга қарз олувчиларнинг банк карталаридан маблағни акцептсиз тарзда ечиб олишга имкон яратиб берилган. Бу эса фуқаролар банк карталаридан фойдаланмаслиги ёки карта ҳисобварағида пул сақламаслигига олиб келмоқда. Тижорат банклари томонидан фуқароларнинг банк карталаридан пул маблағлари ушбу банк карталари эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминламаган ҳолда ҳисобдан чиқарилишига йўл қўйилгани фактлари истеъмолчиларнинг ҳуқуқларининг бузилиши деб баҳоланади ҳамда бундай қоидабузарликларга йўл қўйган тижорат банкларига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилишига сабаб бўлади.

Кўрсатма хатида шу каби талаблар қатъий белгиланган. Марказий банк юқоридаги топшириқлар ижроси назорати борасида тижорат банкларига йил охирига қадар ҳисобот тақдим этилиши талабини ҳам қўйган. Акс ҳолда, тижорат банклари қонунчиликка мувофиқ жарима санкциялари қўлланилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилган.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди.

(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 28.12.23 й, 270-сонида чоп этилган)